Мақолалар

Ота-онамдек бўлмайман!

Эсимни таниганимдан бери оилавий жанжаллар, бақир-чақирлар, келишмовчиликлар ичида катта бўлдим. Уйдаги ота-онамнинг ўзаро урушлари менинг ички оламимни ҳали мурғак пайтимдаёқ вайрон қилиб юборган эди. Уларнинг жанжаллари, доимо бир-бирларига қовоқ-тумшуқ қилиб юришлари менинг нафақат руҳиятимга, балки мактабдаги дарсларимга ҳам ўз таъсирини ўтказарди. Худонинг берган куни уйида нотинчлик бўлган боланинг дарс қилгиси ҳам келмай қоларкан.

Мактабдаги дарслар у ёқда турсин, умуман ҳаётга бўлган қизиқиши ҳам сўниб, тушкунликка тушиб қолар экан. Мен буларнинг ҳаммасини бошимдан ўтказдим. Мактабдаги дарслар тугаган пайт синфдошларим хурсанд бўлиб уйларига, ота-оналарининг бағрига шошилишарди. Лекин менинг ичимдан тамоман бошқа туйғулар ўтарди. Қани энди шу дарслар тугамаса-ю мен уйимга бормасам дердим. Уйдан шунчалик безиллаб қолгандимки, бўйим етиб оила қуриш даври яқинлашганда ўзимга ўзим биринчи келган совчиларга розилик бераман, куёвнинг қанақалигини суриштириб ўтирмай эрга тегиб кетаман, шу “жаҳаннамдан” қутулсам бўлгани деган қарорга келдим.

Ниҳоят мен кутган ўша “нажот фаришталари” келишди. Совчиларнинг мақташига қараганда куёв унчалик ёмон одамга ўхшамади. Биринчи хотини билан ажрашган экан. Лекин менга бунинг қизиғи йўқдек эди гўё. Агар шу совчиларга йўқ десам худди кетидан бошқа ҳеч ким мени сўраб келмас, оқибатда шу “дўзаҳ”да қолиб кетадигандек эдим. Ўйлаб ўтирмай совчиларга розилик бердим. Лекин кўнглимнинг бир четида шошилётганимни, хато қилаётганимни сезиб турардим.

Афсуски, ёмғирдан қочиб дўлга тутилган эканман. Эрим мени уйимдаги ғурбатхонадан озод қилади деб ўйлагандим. Чучварани хом санабман. "Ҳар ерни қилма орзу ҳар ерда бор тошу тарозу" деганларидек, оилавий ҳаётда ҳам омадим келмади. Турмуш қурганимизга кўп қақт ўтмаган бўлса-да уйимизда деярли ҳар куни жанжал бўларди. Лекин мен ота-онам каби бўлишни, улардек умримни жанжал, тўполонлар ичида ўтказишни истамасдим. Шу сабаб қўлимдан келганича турмуш ўртоғимга юмшоқ гапирардим. Ҳақ бўлиб туриб гап эшитган пайтларимда ҳам сабр қилардим. Барча машаққатларга фарзандларим учун чидадим. Чунки фарзандларим мен каби ота-онасининг орасидаги муносабатлар қурбони бўлишларни хоҳламадим. Уларга уйда сокин ва хотиржам муҳит яратиб беришга ҳаракат қилардим.

Болалар зийрак бўлишар экан. Ҳар сафар дадалари мени ҳафа қилганда кўнглимни олишга уринишарди. Атрофимда гирдикапалак бўлиб, ишларимга ёрдам беришарди. Катта қизим ҳам 9 ёшга етиб анча ишимни қўлимдан олди. Биз у билан сирдош эдик. Қизалоғим ўзи ҳали ёш бўлса ҳам гапирмасимдан олдин нима дейишимни, ичимдан нималар ўтаётганини кўз қарашларимдан билиб оларди. Ортиқча гапирмасди. Ўрни келганда юмшоқ гаплар билан кўнгил сўраб ёнаётган юрагимга сув сепарди, қалбий дардларимга малҳам қўярди.

Фарзандларим катта ёшга етиб ўзларини эплаб кетганлурича шу зайлда чидаб яшадим. Аллоҳга шукрки, болалигимдан бери чекиб келаётган заҳматларим қариганимда роҳатга айланди. Болаларимнинг ҳаммаси эсли-хушли, тарбияли бўлиб ўсишди. Оталарининг оғир феълига қарамасдан барчаси ўқишлари ва хулқларида барчага намуна бўладиган фарзандлар бўлиб вояга етишди. Кўча-кўйда менга фақат раҳмат эшиттиришди.

Ота-оналар фарзандларининг келажагини ўз ораларидаги жанжалларнинг қурбонига айлантирмасликлари керак. Айниқса аёл киши, агар сабрли бўлса, турмушнинг аччиқ зарбаларига сабру сабот билан туриб берса, ўткинчи дунёнинг машаққатларига озгина бардош берса, тез орада чеккан азоб-уқубатлари роҳатга айланишини ўз кўзи билан кўради.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг

Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 910 times

Мақолалар

Top