Сершовқин шаҳарнинг кичик йўлкаси бўйлаб бир мўйсафид кетиб борарди. Юзлари ажинга тўла, қошлари ўсиқ бу одам кўзларини ерга тикканча оҳиста қадам ташларди.
Шошилиб, тез-тез кетиб бораётган йўловчилар, ўриндиқларда гап сотиб ўтирган бекорчилар, шунчаки сайр қилиб юрган ўткинчилар – ҳеч ким унга эътибор бермасди. Қария юра-юра телефон устахонаси олдида тўхтади.
– Болам, шуни бир кўриб берсанг. Ишламай қопти, шекилли.
Уста эски русумдаги абгор телефонга ажабсиниб қаради. “Ёшини яшаб, ошини ошаган” бу матоҳ тузатишга арзирмикан? Телефоннинг у ёқ-бу ёғини кўздан кечирган бўлди, қувват олишини текширди, қўнғироқ қилиб ҳам кўрди. Ҳаммаси жойида.
– Отахон, телефонингиз бузуқ эмас. Ишлаяпти. Мабодо синдириб қўймасангиз, сизга умрбод хизмат қилади бу! Эски телефонларнинг жони қаттиқ бўлади, – деди уста.
– Ишлаяпти, дегин... – Чолнинг кўзлари бирдан ёшланди. – Унда нега болаларим менга қўнғироқ қилишмаяпти?
Мўйсафиднинг кўзларидаги мунг ва изтиробга бардош беролмаган уста нигоҳини бошқа томонга олиб қочди.
Ориф ТОЛИБ