Мақолалар

Кимнинг ҳисоб-китоби осон бўлади?

Ойша онамиз розийаллоҳу ан­ҳо бундай сўзлаб берди: «Расу­лул­лоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат куни ҳисоб-китоб қилинадиган киши борки, ҳалок бўлади”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳ таоло: “Аммо кимнинг ўнг томонидан берилса, у албатта енгилгина ҳи­соб-китоб қилинади”, демаганми?” дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам: “У намойиш қи­лиш, холос. Қиёмат куни кимнинг ҳисоб-китоби тафтиш қи­линса, азобланмай қолмайди”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга тушунарсиз шаръий масалани шарҳлаб берар эдилар. Шунинг учун саҳобалар бирор ноаниқ нарса учра­са, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга мурожаат қилар эдилар.
Ушбу ҳадисда Абдуллоҳ ибн Абу Мулай­ка Ойша розийаллоҳу анҳонинг эшитмаган, билмаган нарсаси ҳақида Набий алайҳис­саломдан сўраб олганини хабар қилмоқда. Бу онамизнинг зийраклигидан дарак. Ахир, Набий алайҳиссалом ёнида бўлатуриб ҳам билимини мустаҳкамлаб олмасинми?! .
Ана шундай ҳолатлардан бирини Ойша онамиз розийаллоҳу анҳо ривоят қилади. Кунларнинг би­рида Пайғамбаримиз алай­ҳиссалом: “Қиёмат ку­ни ҳисоб-китоб қилинадиган киши борки, ҳалок бў­лади”, дедилар. Буни Ойша онамиз эши­тиб На­бий алайҳиссаломнинг ушбу сўзлари билан Аллоҳ тао­лонинг: “Аммо кимнинг ўнг томони­дан берил­са, у албатта енгилгина ҳи­­соб-ки­тоб қи­линади” (Иншиқоқ сураси, 8) ояти­ни таққослади. Боиси, ҳадис лафзи ҳисоб-китоб қилинувчининг азобла­нишини умумлаштир­моқда. Оят лафзи эса, айримларнинг азобланишига дало­лат қилмоқда.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом оятга изоҳ бериб: “Оят амал дафтарини намойиш этишдаги ҳолатни баён қилмоқда. Кимнинг амали муҳокама қилинса, ҳалок бўлади”, демоқдалар.

Набий алайҳиссаломнинг оятдан ҳақи­қий маънони баён этиш учун берган жавобларида енгил ҳисоб, яъни амал дафтарини намойиш этиш ва кўрсатиш бошқа, амалларнинг тафтиш этилиши бошқа экани аён бўлмоқда. У зот алайҳиссалом оятдаги “енгилгина ҳисоб-китоб қили­нади”дан мурод “Аллоҳ таоло бандага гуноҳларини зикр қилади. Сўнгра дунёда уларни беркитгани, охиратда ҳам кечириб юборишини билдиради”, деб изоҳ бермоқдалар.

“Қиёмат куни кимнинг ҳисоб-китоби тафтиш қилинса, азобланмай қол­майди”, деган лафзларига бандаларда янглишишлар кўп учраши, ким тафтиш қилинса, афв этилмаслиги ва дўзахга киритилишини баён этмоқдалар.

Демак, қиёмат куни ҳисоб-китоб икки кўри­нишда бўлади:

1) амаллар кўрса­тилиб, танбеҳ берилади. Бу ҳисоб енгил ўтиб, унинг учун азоб берилмайди;

2) муноқаша ҳисоб-китоби. Бу – қийин ва қаттиқ ҳисоб, азобдан холи бўлмайди. Боиси, бу банданинг хатолари устидаги тафтиш бўлиб, жамики гуноҳларидан сўроқ қилинади. У ҳар бир ёмонлиги учун жавоб беради.

Аббод ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр айтади: «Ойша онамиз ро­зийал­лоҳу анҳонинг бундай деганини эшитдим: “Расулуллоҳ сол­­лал­ло­ҳу алайҳи ва салламдан ен­гил ҳи­соб ҳақида сўрадим. У зот алай­­ҳис­салом: “Қиёмат куни (амал даф­тари) берилади ва унга кичик гуноҳларини намо­йиш қиладилар”, деб жавоб бердилар».

Кимнинг ҳисоб-китоби осон бўлади?

Абу Ҳотим ва Ҳоким раҳимаҳу­маллоҳ Жобир розийаллоҳу ан­ҳу­дан ривоят қил­ган ҳадисда бун­­дай дейилади: “Кимнинг яхши­ликлари ёмонликларидан кўп бўл­са, шу киши ҳисоб-китобсиз жан­натга киради. Кимнинг яхши­ликла­ри ёмонликлари билан тенг кел­са, енгил ҳисоб қилинади. Сўнг­ра жаннатга киритилади. Ким­нинг гуноҳлари яхшиликларидан зиёда келса, ана ўша ўз наф­сини ҳалок этибди”. Шафоат ҳам шу сингари бўлади.

Ибн Умар розийаллоҳу анҳу­мо ривоят қилган ҳадисда: «Сиз­лар­дан бирингиз Раббисига яқин келтирилади. Ҳатто орада ҳеч қан­дай тўсиқ бўлмайди. Ун­га: “Шу, шу нарсаларни қилдинг”, дейди. Банда гуноҳларига иқрор бўлади. Сўнгра Аллоҳ айтади: “Сен уни сендан дунёда беркитдим. Бугун эса сени мағфират қиламан”», дейилган.

Ҳадисда Ойша онамизнинг фазилати, таълимга ва ўрга­ниш­га ҳарислиги; ҳисоб-китоб, қиёмат кунидаги азоб, одамларнинг ҳи­соб-китоблари турлилиги; толиби илмнинг ўзига ноаниқ бўлган нарсани сўраб би­лишга ҳақлилиги; олим одам ўзига қилинган мурожаатни чин кўнгилдан қабул этиши; На­бий алайҳиссаломга ўхшаб сў­ровчига тушунтириб беришнинг вожиблиги баён этилган.

Мансур ЎРОЛОВ,
Сергели тумани “Нўғайқўрғон” масжиди имом ноиби

"Ҳидоят" журналидан

Read 769 times

Мақолалар

Top