Мақолалар

Истихора намози

“Истихора” сўзи луғатда “хайр, яхшиликни талаб қилиш” деган маънони англатади. Мусулмон киши икки ишдан қайси бирини қилишини билмай қолганида, хайрлисини танлаш учун икки ракат истихора намозини ўқийди.

Бу намозни ҳар бир мубоҳ ишдан олдин ўқиш мустаҳабдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бирортангиз бир ишни қасд қилса, фарздан ташқари икки ракат намоз ўқисин”, деганлар.

Уламолар икки ракатнинг биринчи ракатида “Қул йаа аййуҳал кафирун”, иккинчи ракатида эса, “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўқишни афзал дейишган.

Истихора намози адо этилгач ушбу дуо ўқилади:

«Аллоҳумма инний астахийрука биъилмика ва астақдирука биқудротика ва ас’алука мин фазликал ъазийм. Фаиннака тақдиру ва лаа ақдиру ва таъламу ва лаа аъламу ва анта ъалламул ғуйуб. Аллоҳумма ин кунта таъламу анна ҳазал амро хойрун лий фий дийний ва маъаший ва ъақибати амрий, ъажили амрий ва ожилиҳи, фақдурҳу лий ва яссирҳу лий, сумма барик лий фийҳи ва ин кунта таъламу анна ҳазал амро шаррун лий фий дийний ва маъаший ва ъақибати амрий, ъажили амрий ва ожилиҳи фасрифҳу ъанний вақдурлил хойро ҳайсу кана сумма роззиний биҳ».

“Аллоҳим, Сенинг илминг билан Сендан яхшилик сўрайман. Сенинг қудратинг билан Сендан қодирлик ва улуғ фазлингни сўрайман. Сен (ҳар нарсага) қодирсан, мен қодир эмасман. Сен (ҳар нарсани) билувчисан, мен билмайман.

Сен ғайбни билувчисан. Аллоҳим, агар мана шу қилмоқчи бўлган ишим динимда, ҳаётимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун яхши бўлса, уни енга насиб этгин ва осон қилгин. Сўнг уни менга баракотли қилгин. Агар мана шу ишим динимда, ҳаётимда, ишларимнинг оқибатида, дунё ва охиратимда мен учун ёмон бўлса, мендан уни узоқлаштир, қаерда бўлса ҳам, мен учун яхшиликни тақдир қилгин ва мени ундан рози этгин”.

Ушбу дуони ўқиганда бутун қалбингиз билан Аллоҳ таоло сизга яхшиликни албатта ирода этишига тўлиқ ишонинг ва хотиржам бўлинг. Зеро, Аллоҳ таоло сизга нима яхшлигини сиздан кўра яхши билади. Демак, банда истихора намозини ўқиб, дуо қилганидан кейин яхши гумонда бўлиши лозим экан. Шунда натижа яхши бўлади.

“Суннатга мувофиқ намоз ўқинг” китобидан олинди.

Read 1189 times

Мақолалар

Top