Мақолалар

Хулқингиз ила оят бўлинг!

Сиздан талаб қилинадиган нарса ёнингизда Қуръон китоби юриши эмас!

Сиздан талаб қилинадиган нарса бу – хулқ-атворингиз билан оят бўлишингиздир!

Баъзи одамлар ўйлайдики, гўзал хулқ чиройли гап, гўзал муомалага чекланган, гўзал хулқ деганда фақат шу тушунилади, деб. Аслида эса чиройли хулқ бундан кенгроқ тушунча! У камтарликни, кибр қилмасликни, кичикларга раҳм қилишни, катталарни ҳурматлашни, сабрни, юмшоқфеълликни, ростгўйликни ва бошқа нарсаларни ўз ичига олади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан одамларни энг кўп жаннатга киргизадиган нарса нималигини сўрашибди. У зот алайҳиссалом: “Аллоҳдан тақво қилиш ва гўзал хулқ”, деб жавоб берган эканлар.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳусни хулқнинг моҳияти – имкон борича яхшилик қилиш, ҳеч кимга озор бермаслик ва очиқ чеҳрали бўлишдир”.

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан гўзал хулқ ҳақида сўрабди, шунда у зот қуйидаги оятни тиловат қилибдилар:

“Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз бур” (Аъроф сураси, 199-оят)

Кейин дедилар: “Гўзал хулқ бу – сендан алоқани узган одамга силаи раҳм қилишинг, сенга бермаганга сен беришинг, сенга зулм қилганни кечиришингдир”.

Гўзал хулқ соҳиби бўлмоқчимисиз? Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадисларини ўзингиз учун дастурул-амал қилиб олинг: “Одамларнинг Аллоҳга энг маҳбуби – одамларга энг кўп фойдаси тегадиганидир. Амаллар ичида Аллоҳга энг севиклиси – мусулмоннинг қалбига унинг бирор ғамини аритиш ила ёки қарзини тўлаб бериш ила ёхуд очлигини кетказиш ила киргазадиганингиз хурсанчиликдир! Бир биродаримнинг ҳожатини чиқариш учун (кўчада) юришим мен учун бу масжидда (яъни Масжидун набавийда) бир ой эътикоф ўтирганимдан яхшидир. Кимки ғазаби чиққанда уни изҳор қилишга имкони бўла туриб ўзини тийса, Аллоҳ қиёмат куни қалбини розиликка тўлдиради. Кимки биродари ҳожатини раво қилиш учун юриб, уни раво қилса, Аллоҳ қадамлар тойиладиган кунда унинг қадамини собит қилади”.

Аҳнаф ибн Қайс раҳимаҳуллоҳ айтади: “Сизларга энг оғир дард нима эканини айтайми?”. Одамлар: “Ҳа, айтинг!” дейишди. Дедики: “Разил хулқ ва шалоқ тил”.

Жунайд раҳимаҳуллоҳ айтади: “Хулқи чиройли фосиқ билан дўст бўлишим мен учун хулқи бузуқ қори билан дўст бўлганимдан яхшидир!”.

У киши яна айтади: “Тўрт хислат бандани олий даражаларга кўтаради, гарчи илми ва амали оз бўлса ҳам: юмшоқ феъллик, камтарлик, сахийлик ва гўзал хулқ”.

Яна бир нарсани таъкидлаб ўтиш керакки, гўзал ахлоқ дегани ҳамма ҳақ-ҳуқуқларингиз жойида, ҳамма нарсадан рози бўлган вақтингизда ўзингизни яхши тутишингиз эмас! Гўзал ахлоқ – энг қийин ҳолатда ҳам, нафсингизга оғир ботадиган вазиятда ҳам ўзгармай туришингиз, яхшилигингизда бардавом бўлишингиз, сафсаталардан ўзингизни баланд тутишингиздир! Тоза хулқнинг сифати одамлар ҳарчанд ўзгарсада ўзгармайди!

Саховатли одам камбағал бўлиб қолса ҳам сахийлигини йўқотмайди!

Азиз одам зулм кўрса ҳам азизлигини, обрўсини сақлаб қолади!

Яхшилик қилувчи одам одамлардан ёмонлик кўрганда ҳам уларга яхшилик қилаверади.

Уларнинг хулқлари Аллоҳга ибодат эрур! Вужудлари бу гўзал феъл-атвор ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашиб боради!

Абдуллоҳ ибн Муборакка айтишган экан: Бизга гўзал хулқни бир сўз билан ифодалаб беринг. У зот: “Ғазабни қўй!” дебдилар.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

 

 

Read 1064 times

Мақолалар

Top