Мақолалар

Яна тўйлар ҳақида...
 

Халқимизда оила ва никоҳ муқаддас саналган. Шу боис ҳам ёшларнинг тўйларига алоҳида эътибор билан қаралган. Фарзанд туғилиши билан турли маросимлар ўтказилади. Ўзбек тўйлари қадимдан халқни маънавий-руҳий томондан тарбияловчи восита бўлиб келган.

Лекин бугунги тўйларимизни режали, кенгашли бўляпти, дея айта олмаймиз. Тўйларимиз борган сари ким ўзарга айланиб бормоқда. 

Касб-коридан барака топган танишимнинг тўйига бордик. Кейинги пайтда ишлари юришиб, тадбиркор бўлганини эшитиб, кўриб, ҳар ҳолда у кишининг бизнес йўлига тушиб кетганидан қувондим. Бир неча йиллар аввал “Ота касбини қадрлаган ўғил” деб ота касби боғбонлигини давом эттиргани ҳақида мақола ҳам ёзгандим. 

Тўйга бориб дастурхонига боқдим. Дастурхонда ҳатто игна қўйишга жой йўқ. Шу маҳсулотларнинг барчаси истеъмол қилинадими? Афсуски, йўқ, буларнинг бари увол эмасми? Бу мисқоллаб йиғиб, миллионлаб сочиш эмасми?!. 
Бутун дунёни ларзага солган касаллик тарқалган пайтда тўйларимиз ихчамлашиб қолганди. Аммо йил сайин ким ўзарга ўтказаётган тўйларимиз аввалгиларидан ҳам кўпайиб кетди. Динимизга, миллий урф-одатларимизга мутлақо тўғри келмайдиган одатлар, миллатимизга хос бўлмаган ҳаракатлар қайта авж олгандек. 

Яқинда бир танишимникига тўйга бордим. Куёвнинг ота-онаси ўзбек, ўқимишли, маданиятли кишилар. Тўйнинг бошида, ҳали никоҳи ўқилмаган келин-куёвнинг муҳаббатини баён этувчи видеоролик намойиш этилди, ҳар хил ҳолатдаги суратлар ва ҳоказо. Тўйнинг ўрталарига келганда эса давра бошининг эълони билан келин-куёв вальсга таклиф этилди. Ёнимда ўтирган меҳмондан “Куёвни ота-онасини-ку ўзбеклигини яхши биламан, келин қайси миллатга мансуб?” деб сўрадим. “Ота-онаси ўзбек, қизи ҳам ўзбекдир-да” дея ҳазиломуз жавоб берилди. Катта бир даврада, бутун элнинг кўзида ўзбек миллатига мансуб ёшлар вальс тушиши миллатимизга, менталитетимизга қанчалик мос?! 

– Халқимизда, маслаҳатли тўй тарқамас, деган ажойиб нақл бор, – дейди Шароф Рашидов тумани “Бувижонлар гуруҳи” раҳбари Дилбар опа Саидова. – Бунинг замирида жуда чуқур маъно яширинган. Гап фақат бир кунлик тўй ҳақида эмас, балки қурилаётган оиланинг бузилмаслиги, келин ва куёвнинг насли-насабини, одоб-ахлоқини, юриш-туришини, сиҳат-саломатлигини суриштириб, кейин маҳалла-кўй билан, қариндош-уруғлар билан бамаслаҳат тўй қилиш, токи шу оила мустаҳкам бўлсин, деган маъно мужассам. Ўтган йили, нуфузли бир оила қиз чиқарди. Наҳорга 800 эркакка, 500 аёлга ош берди. Келиннинг бувиси аввалдан таниш бўлганимиз учун қўярда-қўймай набирасини келин қилиб бирга олиб боришга мени ҳам кўндирди. Ишонсангиз, 3 та юк машина келинни сарпоси, мебелларини куёвникига олиб борди. Куёвнинг уйига борганимизда ўрта ҳол оила экани маълум бўлди. Доно халқимизда бели оғриб нон топмаган, унинг қадрига етмайди, деган мақол ҳам бор. Шунча нарсанинг қадрига ҳали ўзини тўла-тўкис эплаб олмаган келин ёки ҳали бир касбнинг бошини тутмаган куёв етадими? Эртага “Шу лаш-лушу, ашғал-ташғал билан келган келин, шу қайнонани хизматини қилармикан?” деган фикр хаёлимдан ўтди. Охир- оқибат нима бўлди, келин бир ой ҳам яшамай уйига кетди. Отаси келиб сеп деб олиб келган буюмларни игнасини қолдирмай уйига қайтиб олиб кетди. Мен, кўп йиллар қишлоқ фуқаролар йиғинини бошқардим. У даврда онда-сонда, у ҳам бўлса, 10-15 йиллаб яшаб, фарзанд кўрмаган оилалар ажрашмаса, бошқа ажрим деган гаплар йўқ эди. Бирда- ярим гап қочиб, келин-куёв ёки қайнона-келин жанжаллашибди, деб эшитсак, биз оилаларига бориб улгурмай, опоқ-чопоқ бўлиб кетишарди. 

Президентимиз раҳномолигида оилавий ажримларга чек қўйиш, қизларни ҳам йигитларни ҳам турмушга тайёрлаш, ҳам ўқитиб, ҳам касб-ҳунарли қилиб турмуш қуриши лозимлиги тўғрисида қанча фармон ва қарорлар чиқарилмоқда. 2023 йил 21 декабрь санасида “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор имзоланди. Буларнинг барчаси шу халқ, айниқса, ёшлар учун.

– Ана шу тўй-маросимлар, урф-одатларимиз деб умр карвонимиз ўтиб кетаётганини, нафсимизнинг қули бўлиб қолаётганимизни наҳотки сезмаяпмиз? – дейди Фориш тумани “Оқила аёллар” ҳаракати аъзоси Норинисо Ирисова. – Шу тўйларни деб ота-оналаримиз 50 ёшга ҳам кирмай мункайиб қолмаяптимикан? Ўғилларимизнинг ор-номуси йўқолиб, қизларимизнинг тили бир қарич бўлиб бораётганига ҳам ўзимиз айбдор эмасмиканмиз? 

Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб негизида халқ фаровонлиги, мамлакат тинчлиги, оилалар мустаҳкамлиги ва баркамол авлодни тарбиялашдек эзгу мақсадлар ётибди. 

Ўзбек тўйлари ҳақида кўп ва хўб ёздик, ҳали яна кўплаб фикрлар айтилиши, шубҳасиз. Юртбошимиз, ҳукуматимиз томонидан тўйларни ихчамлаштириш, кам харж қилиш, муҳими, оилаларни мустаҳкамлаш, турли ажримларнинг олдини олишдек муҳим ва долзарб масалалар қатор фармон ва қарорларда ўз аксини топмоқда. 

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, тўйларимиз эртасида ким ўзар иззатталаблик мусобақаси эмас, балки фарзандларимизнинг аҳил, тинч-тотув оиласи, муқаддас никоҳи мужассам бўлсин! 

А.Қаюмов,
ЎзА мухбири

Read 1085 times

Мақолалар

Top