Мақолалар

Фикрлашга одатланайлик!                     

Аллоҳ таоло инсонга ақл деган неъматни берган. У инсонга фикрлаш ва тушунча ҳосил қилиш, нима яхши-ю нима ёмонлигини ажратиш учун хизмат қилади.

Ҳар ким ҳаётда яшар экан доимо фикр қилиб, тушунчаларини яхшилик томон ўзгартириб бориши лозим. Агар инсон шундай қилмаса тубанлашиб боради. 

Баъзилар тўғри келган турли хил оқим ва гуруҳларга қўшилиб кетади. Уларнинг бу ҳатти-ҳаракати аслида фикр қилмаслигининг эвазига бўлади.

Инсон тафаккур қилишга одатланмаса ўзгаларнинг тайёр фикрини олиб яшашга маҳкум. Бу эса кўп ҳолларда панд беради.

Фикрлаш инсон ақлининг қувватидир. Фикрсизлик эса ана шу қувватдан фойдаланмасликдир. Фикрлайдиган инсон адашса, мулоҳаза қилиб яна тўғри йўлни топиши мумкин. Аммо фикрсиз кимса эса ўзи ва жамият учун хавфлидир. Бу ҳақда шайх Муҳаммад Ғаззолий (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай дейди: “Мен адашган бўлса-да, фикр юритадиган инсондан қўрқмайман. Чунки у тезда ҳаққа қайтади. Аммо тўғри йўлда бўлса-да, фикрламайдиган кимсадан қўрқаман. Чунки у сомонга ўхшайди. Шамол қайси томонга эсса ўша томонга кетади”.

Шундай экан, албатта, фикрлашга, тафаккур қилишга одатланишимиз лозим.

Қуръони каримдаги ўн етти оятда инсонлар фикрлаш ва тафаккур қилишга тарғиб қилинади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида ақл эгалари учун белгилар бор. Улар Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида эслайдиган, осмонлару ернинг яратилишини тафаккур қиладиганлардир” (“Оли Имрон” сураси, 190–191-оятлари).

Ривоят қилишларича, Луқмони Ҳаким ёлғиз ўзлари узоқ ўтиришни яхши кўрар эканлар. У зотдан хизматкорлари: “Эй Луқмон! Ёлғиз ўзинг узундан узоқ ўтирасан. Бундан кўра одамлар билан ўтирсанг яхшимасми?” деб сўрабди. Луқмони Ҳаким бундай жавоб берибди: “Узоқ вақт ёлғиз қолиш фикрлашга қулай, узоқ фикрлаш эса, жаннат йўлининг кўрсаткичидир”.

Аллоҳ таоло барчамизни тафаккур қиладиган, ўз фикр ва тушунчаларига эга инсон бўлишимизни насиб қилсин!

 

Руҳиддин АКБАРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги ходими

Read 1446 times

Мақолалар

Top