Мақолалар

Даладаги хотиралар

Отам оддий бир деҳқон бўлганлар. Деҳқонликлари отамнинг фақат усти-бошларида эмас, деҳқонларга мос содда, мард ва оқкўнгил феъл-атворларида ҳам намоён бўлиб турарди. У киши барча оталар каби мени жуда яхши кўрардилар.

Эсимни таниб, ўзим мустақил кўчага чиқишни бошлаган пайтимданоқ далага, отамнинг олдиларига боришни канда қилмасдим. Дала иссиқ, иш кўп бўларди. Лекин дадам мени ҳеч койимасдилар. Бирор марта ҳам “Нега келдинг?” демаганлар. Қайтага темирчидан менга мослатиб кичиккина белкурак, жажжигина кетмончалар ясаттириб берганлар. Ўзимга мос иш қуролларимни олиб дадамга ёрдам берган бўлардим. Товоқдек жойни чопиб қўйиб, чарчаб ўтириб олардим.

Дадам мени катта тутнинг соясига ўтқазиб қўйиб, ўзлари қуёшнинг тиғида пешингача ишлардилар. Кейин далада осилган қозонда менга қўлбола овқатлар ҳам тайёрлаб берардилар. Маккажўҳори мавсумида жўхори қайнатиб пишириб берар эдилар. Картошка мавсумида эса, оловда картошка пишириб берардилар. Чўғда пишган картошканинг мазаси ажойиб бўларди. Айниқса, устига тузларни сепиб есангиз... шундай мазалики, пўчоғи билан бўлса ҳам кетаверади!.. Қисқаси, далада қайси экиннинг мавсуми бўлса, дадам мени ўша билан сийлардилар.

Далада қизиқарли воқеалар ҳам кўп бўларди. Бир куни дадам билан ҳазиллашмоқчи бўлдим. Ерга йиқилиб, ўзимни ўлганга солиб ётиб олдим. Дадам тепамга югуриб келдилар. Менга тинмай гапирар, “Болам, болам” деб дам юзимни, дам қўлимни ушлардилар. Мен эса, бундан ҳузурланиб индамай ётавердим. Отам қаттиқ хавотирланиб йиғлай бошладилар. Кейин ёмон иш қилиб қўйганимни тушундим. Отамга раҳмим келиб, тез ўрнимдан туриб югуриб кетдим. Отам ҳам вазиятни тушундиларми, йўқми билмадим, карахт ҳолда орқамдан югуриб эргашдилар. Кейин менга етиб олиб, мени ушлаб қаттиқ бағриларига босдилар. “Нега бундай қилдинг, болам, дадангнинг ўтакасини ёрдинг-ку!” дедилар ҳали қуримаган кўз ёшларини артиб. “Сиз мени яхши кўрасизми, йўқми, шуни билмоқчи эдим-да” дедим. “Сен учун мингта жоним бўлса, мингтасини ҳам бераман, болажоним!” дедилар дадам яна кўз ёшларини тиёлмай. Ўшандан кейин дадамга бошқа ундай ҳазил қилмадим...

...Отам вафот этганларида мен ҳали бошланғич синфни тугатмагандим. Отамдан ёдгор бўлиб ўша даладаги хотираларимиз қолди. Отамдан кейин менга ҳеч ким у кишидек меҳрибон ва жонкуяр бўлмаган. Оталарни асрайлик, уларнинг ўрниларини ҳеч ким боса олмайди.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 1026 times

Мақолалар

Top