Мақолалар

Кенгфеъл бўлинг!

Сизга хато муносабатда бўладиганларга сиз кенгфеъл бўлинг, уларга узр ахтаринг. Жуда ҳам кенгфеъл бўлинг, одамларнинг айбидан ўтиб юборинг. Чунки кенгфеъллик умрни узайтиради, одамларнинг сизга ишончини қайтариб беради ва бошқалар сизни ҳурмат қиладиган бўлишади.

Кек-адоват, ғиллу-ғашликларни қалбингиздан ҳам, хотирангиздан ҳам чиқариб ташланг! Билингки, сизга ёмонлик қилганлар буни бехосдан қилиб қўйишган, атайин қилишмаган, адоват юзасидан қилишмаган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Абу Дамдамдек бўла олмайсизларми, у ҳар куни уйидан чиққанида айтар экан: Мен обрўйимни одамларга садақа қилдим” (Имом Абу Довуд ривояти).

Яъни, зулм қилганлардан дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳаққимни талаб қилмайман, деган маънода айтган экан.

Кечирувчан бўлиш нақадар гўзал хислат. Эр-хотин бир-бири билан келишмай қолса-да, сўнг ҳеч нарса бўлмагандек яна бирга ўтириб чиройли суҳбат қурса, бир-бирларига содир бўлган келишмовчиликни бутунлай унутганини айтсалар, хато қилган тараф афв этиладиган бўлса бу нақадар чиройли ҳолат. Бундай бўлгандан кейин икки тараф ҳам бир-бирини севишдан бошқасига ўтмайди, ораларидаги меҳр ва боғлиқлик ҳар қандай муаммодан-да устунлигини ҳис этадилар. Ана шунда бутун хонадон бахтга, хотиржамликка тўлади.

Усмон ибн Зоида раҳимаҳуллоҳ Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳга қарата бундай деган экан: “Офият ўн қисмдан иборат, шундан тўққизтаси (шеригининг ёхуд одамларнинг айбидан) кўз юмишдадир”.

Шунда Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ жавобан: “Офият ўн қисмдир, ўнтаси ҳам айбдан кўз юмишдадир”, дебдилар.

Суйганларимизнинг муҳаббатини қозониш учун уларнинг айбидан ўтиб юборсак, бу нақадар яхши! Оилавий ҳаёт кемасини хотиржамлик, эминлик билан бошқарсак, кемамиз хатолар тўлқинига енгилмаса, ағдарилиб кетмаса, бу нақадар зўр!

Меҳр-муҳаббат давомли бўлсин учун бошқаларнинг айбини ўтиб юборган, камчиликларини яширганларга Аллоҳ раҳм айласин! “Юсуф буни кўнглига тугиб қўйди, уларга ошкор қилмади” (Юсуф сураси, 77-оят).

Қалб юмшоқ бўлиши айб саналмайди!

Одамларнинг айбидан ўтиб юбориш, кўз юмиш аҳмоқлик саналмайди!

Кечирувчанлик, одамларнинг зулмига жавоб қайтармаслик заифлик ҳисобланмайди!

Индамаслик – таслим бўлиш, бўйин эгиш дегани эмас!

Аксинча бу хислатларнинг бари нафс тарбияси ва Аллоҳга ибодатдир!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 1330 times

Мақолалар

Top