Мақолалар

Ўғил отанинг сиридир, қиз-чи?

Отам онам билан тортишиб қолсалар ёки кўчадан уйга асабийлашиб келсалар, мени олдиларига чақириб, ичларидаги гапларни менга айтардилар. Қўп сирларини мен билан бўлишардилар. Дадам билан кўп гаплашганимиздан, кўп дардлашганимиздан ичларида мен билмайдиган сирлари бўлмаса керак деб ўйлардим. Ҳақиқатда шундай эди. Отам баъзи муаммоли масалалар бўлиб қолса ҳам мен билан маслаҳатлашардилар. Менинг гапларимга, ёш бошим билан берган маслаҳатларимга шунчалик эътибор билан қулоқ солардиларки, баъзида ҳатто ўзимни дадамнинг онасидек ҳис қилардим.

Дадамнинг менга бўлган бу даражадаги ишончларидан жуда хурсанд бўлардим. Бундан ўзимда катта масъулиятни ҳам ҳис қилардим.

Ота қизига сирларини айтиши, у билан ишларини маслаҳат қилиши, муаммоларини муҳокама қилиши жуда гўзал ҳолатдир. Кўпчилик қизлар онаси билан сирдош бўлиши табиий. Лекин отаси билан бу даражада яқин бўлиши доим ҳам кузатилавермайди.

Ота қизига сирини айтадиган даражада яқин бўлганидан кейин ўз навбатида қиз ҳам отасига қалбида тугиб қўйган гапларини айтади. Отасидан ҳеч нарсани яширмайди. Бунинг ажойиб тарафи, агар қиз катта ҳаёт остонасида бирор хато қарор қабул қилмоқчи бўлса, ота буни олдиндан билади ва қизининг адашишига йўл қўймайди. Унга тўғри йўл кўрсатади.

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам ҳам қизлари Фотима онамиз розияллоҳу анҳо билан шундай яқин бўлганлар. Вафот этар чоғлари Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам суюкли қизлари Фотима онамизни чақирдилар. Фотима онамиз оталарига шу қадар ўхшардиларки, ҳатто юришлари ҳам Набий алайҳиссаломникидек эди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом суюкли қизларини ёнларига ўтқаздилар. Кейин қизларининг қулоғига бир сирни айтдилар. Фотима онамиз бу сирни билгач, йиғладилар. Атрофдагилар ота ва қиз ораларида нима гап ўтаётганини билишмасди. Кейин Набий алайҳиссалом Фотима онамизга яна бир гап айтдилар. Бу сафар ҳам ҳеч кимга эшиттирмай гапирдилар. Бу гапдан эса Фотима онамизнинг чеҳралари ёришиб табассум қилдилар.

Ўша вақтда Фотима онамиз бу сирни ҳеч кимга айтмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдан ўтганларидан сўнг Фотима онамиздан Пайғамбаримиз алайҳиссалом нима деганларини сўрашди. Фотима онамиз айтишларича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом биринчи сафар ўзларининг вафот этишларини айтган эканлар. Буни эшитиб Фотима онамиз оталарининг фироқига чидолмай йиғлабдилар. Кейинги сафаргисида Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз ортларидан биринчи бўлиб эргашадиган, яъни дунёдан биринчи бўлиб ўтадиган киши Фотима онамизнинг ўзлари бўлишларини айтибдилар. Шунда Фотима онамиз бу хабардан қувониб, кулган эканлар.

Демак, оталар қизларига нисбатан масофа сақламасликлари, керак бўлса, қизларини ўзларига энг яқин сирдошдек билишлари лозим экан. Бу борада Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам барчамизга ўрнакдирлар.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 1029 times

Мақолалар

Top