Мақолалар

Рамазонга 1 ой қолди ёхуд Шаъбон ойини қандай ўтказиш керак?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Алҳамдулиллаҳ вассолату вассаламу аъла Расулиллаҳ

Ражаб ойи ниҳоясига етиб, Шаъбон ойи ҳам кириб келди. Бу ой кирганда араблар сув қидириб, турли йўллар ва дараларга тушиб, тарқалиб кетганлари учун шаъбон деб номланган.

Бу ой Рамазон ойига тайёргарлик кўриш ойи саналади. Шаъбон ойи Қуръон кўп тиловат қилинадиган ва кўп рўза тутиладиган ойдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда кўп рўза тутардилар.

Бу ҳақда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирон ойда шаъбондагидан кўп рўза тутмас эдилар. Зотан, у зот шаъбоннинг ҳаммасида рўза тутар эдилар" (Имом Бухорий ривояти).

Афсуски, аксарият инсонлар бу ойнинг фазилатларидан ғафлатда қоладилар. Бу ойда амаллар Аллоҳ таолога кўтарилади. Усома розияллоҳу анҳу бундай дейдилар: Мен Расулуллоҳдан: "Ё Аллоҳнинг Расули, ойлардан ҳеч бирида Шаъбонда рўза тутганингиздек рўза тутганингизни кўрмадим", деб сўрадим. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бу бир ойки, одамлар ундан ғофил қолурлар. У Ражаб билан Рамазоннинг орасида. Бу бир ойки, унда амаллар Роббул аъламийнга кўтарилади. Менинг амалим кўтарилаётганда рўзадор бўлишни яхши кўраман", дедилар (Имом Насоий ривояти).

Уламолар: "Шаъбон ойида бир йиллик амаллар Аллоҳга кўтарилади", деганлар.

Ўтган солиҳлар бу ойда янада кўпроқ Қуръон тиловат қилишарди. Ҳатто айримлар шаъбон ойи кирганда бошқа ишларини ташлаб, фақат Қуръони карим тиловати билан банд бўлардилар. Тобеинлардан Салама ибн Куҳайл раҳматуллоҳи алайҳ: "Шаъбон ойи – қорилар ойидир", деб айтарди.

Шунингдек, ўтган солиҳлар бу ойда мискинларга ғамхўрлик қилишга ошиқардилар. Бева-бечора, фақир ва камбағаллар Рамазон ойини кўтаринки кайфият ва хурсандчилик билан кутиб олишсин деб закотларини берардилар.

Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Мусулмонлар шаъбон ойи кириб келиши билан закотларни адо этишга ва Қуръони каримнинг тиловатини кўпайтиришга жуда қаттиқ эътибор берардилар".

Бир сўз билан айтганда, шаъбон ойи нафсни рамазон ойини муносиб кутиб олишга тайёрлаш ойидир. Шаъбон ойингиз муборак бўлсин!

 Даврон НУРМУҲАММАД

Read 1163 times

Мақолалар

Top