Мақолалар

Шаъбондаги нафл рўзанинг оғиз очиш ва ёпиш вақтлари, дуолари

Cавол: Шаъбон ойида рўза тутишни ният қилиб турибмиз. Оғиз очиш ва ёпиш вақтлари ва дуоларини айтиб юборсангиз, илтимос.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Дарҳақиқат, Кўплаб ҳадиси шарифларда Шаъбон ойида нафл рўза тутишга тарғиб қилинган. Жумладан, Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойини жуда ҳам кам (ҳолатларда) рўзасиз ўтказардилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: "Бир куни мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга шундай савол бердим: “Ё Расулуллоҳ, мен (Рамазондан ташқари) бирорта ойда Шаъбондагидек рўза тутганингизни кўрмадим?" Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Бу шундай ойки, одамлар Ражаб билан Рамазон ўртасида ундан ғафлатда қолишади. Бу ойда амаллар Роббул аъламийнга кўтарилади. Шундай экан, мен амалимни ўзим рўзадор ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман", дедилар (Имом Насоий ривояти).

Нафл рўзанинг вақти тонг отгандан қуёш ботгунча. Ҳаво булутли бўлмаганда оддий кўз билан ҳам тонг отиши ва қуёш ботишини билиб олиш мумкин. Киши тонг отгани ёки қуёш ботганини аниқлай олмаса ёки ҳаво булутли бўлса, намоз вақтларини кўрсатувчи тақвимдан фойдаланади. Тақвимда “Тонг” деб ёзилган вақт оғиз ёпишнинг охирги вақти. Ўша вақтдан кейин еб-ичса, рўзаси дуруст бўлмайди. Лекин саҳарликдан ухлаб қолган одам ҳеч нарса еб-ичмасдан нафл рўзани ният қилиб, тутиб кетаверади. “Шом” деб ёзилган вақт эса оғиз очиш вақтидир. Ундан аввал оғиз очиб юборилса, куни бўйи тутган рўзасини бузиб қўяди.

Нафл рўзанинг аксар ҳукмлари фарз рўзаникига ўхшайди, фақат ниятда “Тонг отгандан то қуёш ботгунча нафл рўза тутишни ният қилдим”, дейилади. Оғиз ёпишда махсус дуо йўқ, у пайтда юқорида айтилгандек қилиб ният қилинади. Ифторлик (оғиз очиш) дуоси қуйидагича:

اَللَّهُمَّ لَكَ صُمْتُ وَبِكَ آمَنْتُ وَعَلَيْكَ تَوَكَّلْتُ وَعَلَى رِزْقِكَ أَفْطَرْتُ، فَاغْفِرْلِى مَا قَدَّمْتُ وَمَا أَخَّرْتُ

Ўқилиши: "Аллоҳумма лака сумту ва бика аманту ва аълайка таваккалту ва аълаа ризқика афторту, фағфирлий ма қоддамту ва маа аххорту".

Маъноси: Аллоҳим! Ушбу рўзамни Сен учун тутдим, Сенга иймон келтирдим, Сенга таваккал қилдим ва берган ризқинг билан ифтор қилдим. Менинг аввалги ва кейинги гуноҳларимни мағфират қилгил. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

 

Read 5060 times

Мақолалар

Top