Мақолалар

Онангизга раҳматингиз шу бўлдими?

Бир яшар пайтингиз онангиз сизни озиқлантириб, ювиб-таради. Сиз эса унга туни бўйи йиғлаш билан “раҳмат” айтдингиз!

Икки ёшга тўлганингизда сизга юришни ўргатди, сиз эса ундан қочиш билан “раҳмат” айтдингиз.

Уч ёш бўлганингизда сизга ширин овқатлар ейишни ўргатди, сиз эса унга товоқларни ерга отиш билан “раҳмат” дедингиз!

Тўрт ёшга тўлганингизда расм чизишингиз учун сизга қалам тутқазди, сиз эса деворларни бўяб унга “раҳмат” айтдингиз!

Беш ёшга етганингизда онангиз сизга энг чиройли кийимларни кийдирди, сизнинг “раҳматингиз” эса уларни обдон кир қилиш бўлди!

Олтига кирганингизда сизни мактабга ёздирди, сиз эса “Бормайман” дея қичқириб, унга “ташаккур” изҳор этдингиз…

Ўн ёшга тўлганингизда сизни бағрига босиш учун мактабдан қайтишингизни кутиб ўтирарди… Сиз бўлса унга ҳатто қайрилиб ҳам қарамай хонангизга кириб кетдингиз. “раҳматингиз” шу бўлди…

Йигирмага кирганингизда у билан бирга қариндошларникига боришингизни хоҳларди. Сиз эса дўстларингиз билан ўтирдингиз!

Йигирма бешга тўлдингиз, онангиз сизни уйлантириш ҳаракатлари билан тинмади, сизга ҳар тарафлама ёрдам берди. Сиз-чи? Тўйдан кейин узоқроқ жойдан уй олиб кўчиб кетдингиз. “Раҳматингиз” шу бўлди…

Ўттизга кирганингизда сизга фарзанд тарбияси тўғрисида насиҳат қилса, “Оилавий ишларимизга аралашманг”, деб жеркиб бердингиз!

Ўттиз бешга тўлдингиз, онаи зорингиз сизга қўнғироқ қилиб, у билан бирга кечки овқат қилишингизни сўраб, уйга чақирди. Сиз эса “Шу кунларда бандман”, дея унга “ташаккур” айтдингиз!

Қирқ ёшга етдингиз, онангиз сизга қўнғироқ қилиб, касал эканини, парваришингизга муҳтож эканини айтди. Сиз эса болаларингизни рўкач қилиб, бормаслигингизни айтдингиз ва шу сизниниг раҳматингиз бўлди!

Бироқ шундай бўлса ҳам бир кун вафот этсангиз, онангизнинг сизга бўлган меҳр-муҳаббати унинг қалбидан ажралмаган бўлади!

Азиз биродар, агар онангиз ёнингизда бўлса, уни асло ташлаб кетманг, унга меҳр кўрсатишни унутманг, уни рози қилиш учун саъй-ҳаракат қилинг. Зотан сизнинг биттагина онангиз бор!

Узоқ йиллар ўтиб онангиз вафот этса, унга озор берган ҳар бир айтган сўзингиз, ҳар бир қилган ишингизга надомат қиласиз. Лекин унда надомат фойда берармиди?!

Ота-оналаримиз ҳақларида Аллоҳдан тақво қилайлик!

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 871 times

Мақолалар

Top