Мақолалар

“25 йилдан бери маҳримни олганим йўқ”

Cавол: Турмуш қурганимизга 25 йил бўлди. Эрим маҳримни бермаган, ўзим ҳам сўрамаганман. Бу ҳақда бизга ҳеч ким айтмаган ҳам. Уни ўзим сўраб олишим шартми? Маҳримни бермагани учун эрим гуноҳкор бўлмайдими? Аслида, бермаса ҳам розиман.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. “Маҳр” никоҳ битими тузилгандан кейин эрнинг зиммасига вожиб бўладиган молиявий мажбуриятдир. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида қуйидагича марҳамат қилади: “Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг” (4 оят).

Аллоҳ таолониг ушбу сўзи маҳр бериш вожиб эканини англатувчи ояти карималардан биридир. Оятда эр ўзига хотин бўлишга рози бўлган аёлга маҳрни оғриниб эмас, чин кўнгилдан чиқариб бериши лозимлиги уқтирилмоқда ва маҳр келиннинг ўз мулкига айланишига ҳам ишора қилинмоқда.

Никоҳ бўлиши билан, ҳаттоки қовушмай туриб ажрашадиган бўлсалар ҳам маҳр бериш вожиб бўлади. Бу шаръий ҳукм келинларни ҳурматлаш, тақдирлаш ва қалбларига меҳр-муҳаббат ҳадя этишнинг муҳим бир кўринишидир.

Никоҳ ақдидаги ушбу вожиб амални келин-куёв ўзаро келишиб, иккимиз ҳам розимиз, бу ҳукмга амал қилмай қўяверамиз, дейиш орқали соқит қила олмайдилар. Агар билимсизлик оқибатида ёки бошқа сабабларга кўра маҳр белгиланмай, никоҳланиб кетган бўлсалар ҳам кейин барибир маҳр берилиши керак. Ҳатто эр маҳрни беришдан олдин вафот этиб қолса ҳам меросхўрлари маҳрни адо этишлари лозим бўлади.

Ана шундай маҳр белгиланмай ўқилган никоҳ сабабли, эрнинг зиммасига маҳри мисл вожиб бўлади. “Маҳри мисл” (бошқаларнинг маҳрига тенглаштирилган маҳр)нинг қиймати аёлнинг опа-сингиллари, аммалари, аммаларининг қизлари (яъни, отасининг қавми)нинг маҳрларига тенг маҳрдир. Онаси ва холасининг маҳрига қаралмайди. Фақат онаси отасининг қавмидан бўлса, уни эътиборга олинади. “Маҳри мисл”да (қиёсланадиган) икки аёл ёш, чирой, мол, ақл, дин, шаҳар ва вақт (яна бокиралик, илм, одоб ва чиройли хулқ)да баробар бўлиши эътиборга олинади” (Мухтасарул Қудурий, Лубоб фи шарҳил китоб китоби Никоҳ боби).

Демак, ота томондан ҳар томонлама тенг бўлган қизларга никоҳларида қанча маҳр белгиланган бўлса, эрингиз сизга ҳам шунча маҳр беришлари керак. Ана шундан кейин ўзаро келишиб, агар чин кўнгилдан розиман бермасангиз ҳам майли десангиз, иншааллоҳ, эрингиздан соқит бўлади. Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Read 825 times

Мақолалар

Top