Мақолалар

Сиз учиш учун яратилгансиз!

Агар сиз ҳаётда юксак чўққиларга эришмоқчи бўлсангиз, ҳаётингиздаги баъзи новдаларни кесиб ташлашингиз керак бўлади...

Қадим замонларда бир подшоҳга бургутнинг иккита кичкина боласини ҳадя қилишди. Бургутлар жуда зотдор эди. Подшоҳ илгари ҳеч қачон бундай ажойиб бургутларни кўрмаганди.

Подшоҳ совғадан жуда мамнун бўлди. Орадан бироз вақт ўтгач, подшоҳ бургутлар катта ва энди улар аввалгидан ҳам чиройли кўринишга эга бўлганини кўрди. Подшоҳ бургутларга масъул бўлган ишчига: Мен уларнинг самодаги парвозини кўрмоқчиман. Сиз уларга учиш учун ишора берсангиз”, деди.

У худди шундай қилди иккала бургут ҳам сигнални эшитган заҳоти қимирлай бошлаб, кўкка кўтарилди. Лекин бир бургут жуда паст ва озгина учдию, ўзи ўтирган шохга қайтиб келди. Буни кўрган подшоҳ ажабланиб, икки бургутнинг қарама-қарши ҳатти-ҳаракатларининг сабабини билишга қизиқди.

“Нима бўлди, бир бургут жуда яхши учса, иккинчиси учишга уринмаяпти”, деб сўради қўриқчидан.

“Ҳа, бу бургут билан ёшлигиданоқ муаммо бўлган. У ўзининг шохини ҳеч тарк этмайди”.

Подшоҳ икки бургутнинг ҳам осмонда учаётганини кўришни жуда хоҳларди. Эртаси куни бургутни баланд парвоз қилишга ўргатганга мукофот берилиши эълон қилинди.

Эълндан сўнг кўплаб одамлар келиб, бургутга баланд парвоз этишни ўргатишга ҳаракат қилишди. Аммо ҳеч ким муваффақиятга эриша олмади. Шунча уринишдан кейин ҳам бургутда ҳеч қандай ўзгариш кузатилмади. Ҳар доимгидек бироз учар, кейин яна шохига қайтарди.

Подшоҳ ҳам умидини узди... Кунларнинг бирида ажойиб бир ҳодиса юз берди, подшоҳ икки бургутни ҳам осмонда учаётганини кўриб, кўзларига ишонмади ва дарҳол қўриқчини чақирди. Қўриқчи: “Ҳа, иккинчи бургут ҳам осмонда баланд учяпти”, деди.

Подшоҳ қўриқчидан бу ишни бажарган одамни ҳузурига олиб келишни сўради. Уни подшоҳнинг ҳузурига олиб келишди.

Подшоҳ: “Сиздан жуда мамнунман, айтинг-чи, юқори малакали кишилар қила олмаган ишни қандай қилиб эпладингиз”, деб сўради.

“Подшоҳ ҳазратлари мен оддий деҳқонман. Бошқалардек билимга эга эмасман, мен шунчаки бургут ўтиришга одатланган новдани кесиб ташладим, холос. Натижада унинг учишдан бошқа иложи қолмади”, деб жавоб берди.

Ҳар бир инсон ўзига яраша қобилият ва салоҳиятга эга, лекин баъзида қулай шохга ёпишган бургутга ўхшаймиз. Юксак марра ва ютуқларни қўлга киритишга ҳаракат қилмаслигимизга нафсимиз учун қулай бўлган нарсадан ташқарига чиқмаслигимиз сабаб бўлади.

Демак, сиз янги марра ва чўққиларни забт этмоқчи бўлсангиз, ҳаётингиздаги баъзи новдаларни кесиб ташланг. Бу шохлар эски одатлардир. Уларни олиб ташлаб, мақсадингиз сари дадил қадам қўйишдан қўрқманг.

Ёдингизда бўлсин, ҳаётингиздаги бефойда одат ва ёмон хулқларингизни тарк этсангиз, чексиз имкониятларга йўл очасиз, худди осмонда улуғвор тарзда учаётган бургут каби улкан ютуқларга эришишингиз мумкин. Баъзида энг оддий ҳаракатлар ақлбовар қилмайдиган ўзгаришларга олиб келади.

 Даврон НУРМУҲАММАД

Read 808 times

Мақолалар

Top