Мақолалар

Фарзандингиз иллатларини фазилатга айлантира оласизми?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Сизларнинг жоҳилиятда яхши бўлганларингиз, агар (динни яхши) тушунсалар, Исломда ҳам яхшиларингиздирлар”.

Жоҳилият даврида бошқалардан ўзига хос иқтидори билан ажралиб турадиган кишилар бўлар эди. Кимдир қаттиққўллиги, мард ва жасурлиги билан машҳур бўлса, яна кимдир сўзамоллиги, шеъриятга усталиги билан донг таратган эди. Уларнинг баъзилари мана шу иқтидорларини ёмонлик йўлида, Исломга қарши кураш йўлида хизмат қилдиришарди.

Маълум муддат ўтиб, Аллоҳ уларни ҳақ йўлга ҳидоят қилгач, айни шу қобилиятли кишилар ўз иқтидорлари билан Исломга хизмат қилдилар. Шу орқали аввал жоҳилиятда энг машҳурлардан бўлишган бўлса, энди Исломда ҳам инсонларнинг энг яхшиларига айландилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шундай кишилардан бири эдилар. У кишининг қаттиққўлликлари, журъатлари, шиддатлари аввалбошда Исломнинг зарарига ишлади. Кейинчалик Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари билан Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Исломни қабул қилдилар ва мусулмонлар жонига оро кирдилар.

Демак, биз ҳам фарзандларимиздаги иқтидорларни кўра билишимиз ва шу иқтидорларини келажакда манфаатли соҳаларга йўналтиришлари учун уларга йўл-йўриқ кўрсатишимиз керак бўлади.

Баъзи болалар қайсидир ўйинларга жуда қизиқадилар. Масалан, улар футболга ёки баскетбол каби ўйинларга қизиқсалар, уларда шу нарсага қобилият бўлса, балки келажакда улардан яхши спорт усталари етишиб чиқиши мумкин.

Баъзи болалар эса, жисмоний меҳнатдан кўра ақлий меҳнатга кўпроқ қизиқадилар. Уларни ҳам ўзларига муносиб соҳаларга йўналтиришда ота-оналар тадбирли бўлишлари, уларни ҳадеб тергайвермасликлари, балки ўша ўзлари қизиққан нарсадан яхши тарафга бурилишга ёрдам беришлари керак бўлади.

Ҳозирда биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида келган ҳадисларини ҳаётга қандай татбиқ қиляпмиз.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 1023 times

Мақолалар

Top