Мақолалар

Алдагани бола яхшими?..

Болалигимиздан сеҳргарлар, ялмоғиз кампирлар, жодугарлар ҳақидаги кинофильм ва мультфильмларни кўриб улғайганмиз. Улар “абадайни- шабадайни” каби мазмуни қоронғу бўлган сўзларни айтиб “куф-суф” дейишса, кўз олдимизда ғаройиб ҳодиса юз берарди. Биз ана шу пойинтар-сойинтар сўзларни ҳақиқатан сеҳрли деб ишониб “абадайни- шабадайни куф-суф”, деб ҳам юрардик...

Бугунги болаларни бизга ўхшатиб сеҳргарлик билан алдаш камлик қилганидек, уларга жангарилик, урушқоқлик, меҳрсизлик, зўравонликни тарғиб этувчи мультфильмлар тақдим этилмоқда-ку, уларни болажонлар ота-оналари билан биргаликда роса мириқиб томоша қилмоқда. “Маша ва Маймоқвой” мультфильми бунга ёрқин мисолдир. Фарзандининг Маша каби жангари, ўзгаларни камситишдан лаззатланадиган, неъматларни исроф қилувчи инсон бўлиб тарбияланишини ҳеч ким истамайди. У ҳолда нега боласига унинг дискини олиб беради! Шунинг ўрнига боласига китоб олиб бериб, унга мутолаанинг фазилатларини тушунтириб, китобга бўлган муҳаббатини оширмайдими. Китобга ошно бўлган боладан ёмонлик чиқмаслиги эса ҳаммага аён. Боланинг қалбида эртак китоблардаги Олмос ботир, Кенжа ботирларга ўхшаб жасоратли, элсевар, юртпарвар бўлишга юракларида иштиёқ уйғонса қандай ажойиб!..

Шиддатли давр шуни тақозо этяптики, бола тарбиясида исломий қарашларни шакллантиришга кучли эҳтиёж пайдо бўлмоқда. Зотан, дилбандларимиз учун яратилаётган кино ва мультфильмлардаги тушуниксиз сўзлар ўрнига “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” деб ўргатиб, уларнинг кўз ўнгида янгилик яратайлик. Токи, улар ана шу муқаддас калом замирида қанчалар яхшилик, эзгулик, олижаноблик мужассам эканини теран англаган ҳолда улғайсинлар.

Зебо ОМОНОВА

Read 4950 times

Мақолалар

Top