Мақолалар

Шайтоннинг адабини берамиз

Икки нафар қизим бор. Бири етти, иккинчиси тўрт ёшда. Ҳамма болаларга ўхшаб менинг қизларим ҳам урушиб, талашиб туришади. Шундай пайтда уларга “Қизалоқларим, ҳозир шайтонни жуда хурсанд қилаяпсизлар-да. Чунки шайтон одамларни бир-бири билан уриштирса, айниқса, ака-ука, опа-сингиллар ўртасида уруш чиқарса, жуда хурсанд бўлар экан. Мана ҳозир ҳам сизларни уриштириб қўйиб, устинглардан мазза қилиб кулиб ўтирибди” дейман. Уларга Юсуф алайҳиссалом билан акалари ўртасига шайтон қандай қилиб низо солганини, уларни бир-бирларига қандай гиж-гижлаганини айтиб бераман. Кейин улар бироз тинчланишади.

Шунда пайтдан фойдаланиб “Келинглар, энди устимиздан кулгани учун шайтоннинг адабини берамиз” деб қизиқтираман. Табиийки, қизларим “Қандай қилиб?” дейишади. Кейин мен уларга қиблага қараб 100 марта истиғфор айтишни ўргатаман. Ўзим ҳам улар билан бирга 100 марта истиғфор айтаман.

Агар чарчаб қолишса “Йигирмата қолди, ўнта қолди” деб илҳомлантириб тураман. Истиғфор 100 та бўлгач, икковларига “Мана биз шайтоннинг таъзирини бердик, Роббимизни хурсанд қилдик” деб мукофот бераман. Кейин икковлари талашган масалани ўтириб, босиқлик билан ҳал қиламиз.

Шу услубда уларнинг орасини ислоҳ қилиш менга қулай. Одатда фарзандлар ўртасидаги шундай майда тортишувларга беэтибор бўлиш кейинчалик улар орасидаги катта муаммоларга сабаб бўлади. Шунинг учун уларга ҳали кичикликларидаёқ бундай вазиятлардан қандай қилиб яхши йўл билан чиқиб кетишни ўргатиш керак бўлади.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

Read 901 times

Мақолалар

Top