Мақолалар

Ният нажот калитидир

Динимиздаги энг муҳим, шу билан бирга, энг енгил амаллардан бири ният. У туфайли оддий кундалик ишлар ҳам савобга айланади. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Мусохон АББОСИДДИНОВ билан шу мавзуда суҳбатлашдик. 

– Ассалому алайкум, муҳтарам қози домла! Аввало, масъулиятли вазифага тайинланганингиз билан қутлаб, Аллоҳдан муваффақият тилаймиз. Бу­гун жамиятимизда қатор ютуқлар билан бирга маънавий иллатлар ҳам оз эмас. Одамларнинг интилишларига назар солсак, аксар ҳолларда моддият ортига тушиб, майда ниятлар билан ўралашиб қолганларига гувоҳ бўламиз...

– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Ташаккур. Ният эса қалб амалидир. Шундай экан, унга кераклича эътибор қаратиш, қалбдан улуғ ниятлар қилиб, уни тилда ҳам зикр этиш зарур. Аллоҳ таоло марҳамат қилган: “Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Зориёт сураси, 56-оят). Яна бир ояти каримада фақат эзгу ишларга чорлаб, бундай дейди: “Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин” (Каҳф сураси, 110-оят). 

Дарҳақиқат, биз қиладиган амалларимиз учун ниятимизга кўра ажр-савобга эришамиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Амаллар фақат ниятларга кўрадир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади” (Муттафақун алайҳ). 

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ушбу ҳадис ҳақида: “Илмнинг учдан бири – шу ҳадисда”деса, Имом Шофеъий: “Илмнинг ярми  шу ҳадисда”, деган. Имом Абу Довуд эса: “Бу – Исломнинг мадори бўлган ҳадислардан”, дейди. Ушбу ҳадисга кўра, ҳар бир катта ёки кичик ишни яхши ният билан бажарсак, савоб оламиз. Масалан, ейиш, ичиш каби мубоҳ амаллар ибодат ва касбу корга қувват бўлиш ниятида бажарилса, ибодатга айланиб, эвазига ажр олинади. Аммо фақат қорнини тўйдириш учун еб-ичилса, савоб бўлмайди.

– Киши ризқ ахтариб кўчага чиқиш­дан олдин: “Аллоҳ таоло аҳли оилам на­фақасини зиммамга фарз қилган, шуни адо этиш учун Ўзидан ёрдам сўраб, ишга чиқяпман. Агар Аллоҳ тао­ло муваффақ қилса, оилам олдидаги шариат юклаган вазифани бажара­ман, ортганини муҳтожларга эҳ­сон қиламан”, деб яхши ният қилса, ҳар бир қадами ва олган ҳар бир нафаси ибодатга айланар экан...

– Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам банда ҳам бир амалида мақсадига кўра савоб олишини айтганлар. Дейлик, бир киши ҳатто масжидда ўтирган бўлса ҳам, мақсади намозни кутиш бўлса, шунинг учун ҳам савоб олади. Дам олиш ниятида ўтирса, дам олиши мумкин, лекин савоб олмайди. Яна уйқуга ётиш олдидан “ухлаб тетиклашиб олсам, Аллоҳга янада кўпроқ ибодат қиламан”, деб ният қилса, унинг уйқуси ҳам ибодатга, савобли амалга айланади.

Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким тунда туриб намоз ўқишни ният қилиб, тўшагига ётса, аммо уйқу зўрлик қилиб бомдодда уйғонса, у кишига ният қилган амалининг савоби ёзилади ва уйқуси унга Аллоҳ таолонинг садақаси ҳисобланади” (Имом Насоий ривояти). 

– Ниятларга кўра савоблар ҳам қат-қат бўлиши мумкинми?

– Мумкин. Масалан, илм ўрганишдан мақсад талаби илм – фарз деган ниятда бўлса, унга алоҳида савоб бўлади. Толиби илм келажакда шу илм орқали ўзи ва ўзгаларга манфаат етказишни ният қилган бўлса, унга ҳам савоб олади. Ҳайвонлар­ни боқишда “динимиз ҳайвонларга меҳ­рибонлик кўрсатишга буюрган” деган ният бўлса, савоб. Чорва боқиш орқали пул топиб, оила таъминотини ният қилса, унга алоҳида савоб. Бу қоида инсон ҳаётидаги ҳар бир нарсага нисбатан қўлланаверади. “Ислом – осон дин” дейилишининг маъноси ҳам шу. Исломда одат ва зарурат ҳисобланган нарсаларни ҳам ибодатга айлантириш жуда осон. Биргина ниятни тузатиш билан барча амаллар савобга айланиши мумкин.

Имом Жаъфар ибн Ҳайён раҳматуллоҳи алайҳ бундай деган: “Ният – амалларнинг бошқарувчисидир. Агар ният тўғри бўлса, амал ҳам тўғри ва савобли бўлади. Агар ният бузуқ бўлса, амал ҳам бузуқ бўлади” (Имом Аҳмад “Зуҳд” китобида келтирган). Демак, мусулмон инсон шунчалар бахтлики, унга ҳаётининг ҳар дамини, ҳар бир амалини охиратига захира қила олишига имкон берилган. Мусулмоннинг ибодатга айланмайдиган амали йўқ, унинг шахсий, оилавий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва бошқа барча амаллари ихлоси, яхши нияти билан ибодатга айланиши мумкин.

 Солим ибн Абдуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг Умар ибн Абдулазиз раҳма­туллоҳи алайҳга йўллаган мактубида бундай сатрлар бор экан: “Аллоҳнинг бандага ёрдами, албатта, унинг ниятига қараб бўлади. Кимнинг нияти холис, мукаммал бўлса, унга Аллоҳнинг ёрдами тўла-тў­кис бўлади. Илоҳий ёрдамнинг ноқис бўлиши башарий ниятнинг нуқсонли эканидандир”.

– Донишмандлар, Аллоҳ таолодан қўрққан инсон нафсини ҳар куни назорат қилиб, худди тижоратдаги шериги билан ҳисоб-китоб қилганидек, у билан ҳисоблашади, дейишган. Кунлик режадаги ишларнинг кутилганидан кам ё зиёда бўлиши ҳам ниятларга боғланади. Аллоҳ таоло: (Қасамёд этаман), ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур”, дейди (Шамс сураси, 9-оят). Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом ушбу мазмунли оятни тиловат қилганларидан сўнг Аллоҳ таолога бундай дуо қилар эканлар: “Ё Аллоҳ, нафсимга тақво ато эт, Ўзинг унинг Хожасисан ва энг яхши Поклагувчисан”. 

Гуноҳлардан сақланиб, яхшилик қилувчиларга жаннат ваъда қилинган. Унга эришиш йўли эса осон кечмайди. Қуръони каримда: “Аллоҳ тақволи бўлганлар ва эзгу иш қилувчилар билан (ҳамиша) биргадир” (Наҳл сураси, 128-оят), дейилган. Шу боис мўмин киши дунёга муккасидан кетмайди. Ақидасини соф ва мустаҳкам, ниятини тўғри қилади. Қўли ва тили билан бошқаларга зарар етказмайди. Ибодатларда ғайратли бўлади.

Қуръони каримда тақводорлар учун тайёрланган кенглиги осмону ерга тенг жаннатга шошилишга буюрилган. Муфассирлар жаннатга шошилиш бу ибодатларни вақтида адо этиш, жамоатни тарк этмаслик, тавба ва ихлосда давомли бўлиш каби амаллардир (“Насафий тафсири”, 1-жилд, 182-бет), дейди. Бунда эса энг осон ва биринчи қадам – ихлос ила яхши ният қилишдир.

 Вакиллик фаолиятига ҳам тўх­талсангиз. Диний идора нашрларига обунани ташкил этишда Наманган вилояти вакиллигингиз доимо илдамликни қўлдан бермай келади.

– Раҳбарият ташаббуси билан вилоят вакиллигининг ташкилий тузилмаси қайтадан кўриб чиқилди. Ол­димизга масжидларни обод қилиш, ходимларимизнинг ўз устида мунтазам ишлашларини таъминлаш, халқимизнинг диний-маърифий билимларини бойитиш йўлида улкан вазифалар қўйилган. Бу йўлда 192 та масжидда олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларини битирган малакали мутахассислар хизмат қилмоқда.

Обунани ташкил этиш бирин­чи галда шу со­ҳа ходимларининг тушунчалари билан боғлиқ деб ўйлайман. Чунки “Ҳидоят”, “Мў­миналар” журналлари, “Ислом нури” газетаси маъно-мазмуни жиҳатидан амри маъруф ва наҳйи мункардир. Имом-хатиблар ҳар бир хонадонга кириб боролмаслиги мумкин. Лекин нашрлар кириб боради. Демак, диний таъ­лимотимиз, мавъизаларимиз халқимизга улар орқали етказилади. Шуларни эътиборга олган ҳолда нашрлар вакилликка етиб келган куннинг ўзидаёқ масжидлар орқали обуначиларга етказиш йўлга қўйилган. Кунлик намозлардан кейин ҳам нашрлардан ўқиб берилиб, намозхонларнинг қизиқишлари ошириб борилади. Зеро, диний-маърифий нашрлар тарғиботи имомларимизнинг му­ҳим вазифаларидан биридир.

 Мазмунли суҳбатингиз учун та­шаккур. .

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ

суҳбатлашди.

 

 

Read 941 times

Мақолалар

Top