Мақолалар

Бахтли оила қуриш сабабларидан бири...

(маслаҳат ила иш кўриш)

Бирор бир миллат ёки халқ бизнинг халқимиздек оила номини пок сақлаб, унга доғ туширмаслик,  тинчлигини барқарор сақлашга жон куйдирмаса керак. Халқимизда оила шаъни шу қадар мўътабар ва улуғ даражага кўтарилган-ки, бу руҳият халқимизнинг оғиздан-оғизга кўчиб келадиган ибораларига ҳам кўчиб ўтган.  “Оила – муқаддас даргоҳ”, “Ватан оиладан бошланади” каби иборалар шулар жумласидандир. Шу сабабдан халқимиз янги оила барпо қилишга, оиланинг тинчлигини барқарорлаштиришга, ҳар қандай ҳолатларда ҳам оилани сақлаб қолишга катта эътибор қаратади, бу йўлда бор имкониятларни ишга солади.

Аслида, оилани сақлаб қолишга бўлган эҳтиёж оила аъзолари яъни эр-хотиннинг ишидир. Бироқ, оила ҳамжиҳатлиги жамиятнинг бир бутунлик омили эканини ҳисобга олиб, қолаверса, оиланинг сақлаб қолиниши динимиз буюрган, ота-боболаримиз тарғиб қилган иш бўлгани боис бошқалар ҳам бунга бош қўшадилар.

Шу сабабдан бу мақолада оилани мустаҳкам қиладиган амаллардан бири – оилада маслаҳат-у машварат қилиш  ҳақида динимиз кўрсатмаларига назар соламиз.

Динимизда  кишилар билан маслаҳат-у машварат қилишга алоҳида эътибор қаратилган.  Ҳатто, Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида “Шўро” яъни “машварат қилиш, кенгашиш” деган алоҳида сура нозил қилган. Шўро – маслаҳат, кенгаш демакдир. Сурада мусулмонлар диний ва дунёвий ишларини ўзаро маслаҳат ва кенгаш асосида амалга оширишлари мақтовга сазовор экани айтилади.

Сурада маслаҳат қилиш мўминларнинг сифатларидан экани қуйидагича баён қилинади:

وَالَّذِينَ اسْتَجَابُوا لِرَبِّهِمْ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَمْرُهُمْ شُورَى بَيْنَهُمْ وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنْفِقُونَ 

Улар Парвардигорларига ижобат этган ва намозни баркамол адо этган зотлардир. Уларнинг ишлари ўзаро маслаҳат (билан) бўлур ва Биз уларни ризқлантирган нарсалардан  (муҳтожларга) эҳсон қилурлар. (Шўро сураси, 38).

Ушбу оятга яхшилаб назар ташласак намозни адо қилиш ва хайр-эҳсон ўртасида машварат қилиш, бошқалар билан маслаҳат сифати келтирилган. Намоз ва хайр-эҳсон қилиш қандай фазилатларга эга эканини биламиз. Ана шундай фазилатларга эга ибодатлар орасида маслаҳат-машварат қилиш келтирилгани бу хислат ҳам мўминларнинг муҳим ва олий сифатлари қаторида эканини кўрсатиб беради.

Бошқа бир ояти каримада шундай марҳамат қилинади:

...وَشَاوِرْهُمْ فِي الْأَمْر...

“...Ва улар билан кенгашиб иш қилинг!...” (Оли Имрон сураси, 159-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳобаи киромлар билан маслаҳат-у машварат қилишни буюрмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги замон пайғамбари бўлганлари, Аллоҳ таоло барча ишларда ваҳий ва илҳом қилиниб турилган ҳолларида ҳам машварат қилишга буюрилган эканлар, у зотга эргашган биз мусулмонлар  маслаҳату-машварат қилишга У зотдан ҳам муҳтожроқмиз.

Барча инсонлар учун намуна бўлган Зот  Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларига назар солсак, Ул зот ҳам кўп ишларида бошқа саҳобийларнинг маслаҳати ва таклифлари билан иш кўрганликларининг гувоҳи бўламиз. Хусусан, оилавий ишларда ҳам Ул зот  ўз аҳли аёллари билан маслаҳат қилганликларини мўмина оналаримиз ривоят қилганлар. Айниқса, Хадича онамиз, Оиша онамиз, Умму Салама оналаримиз билан маслаҳат қилганликлари маълум ва машҳур.

Аҳли аёллар билан маслаҳат қилиш деганда отанинг ўз қизлари билан маслаҳат қилишини ҳам келтиришимиз мумкин. Сўзимизнинг далили сифатида Аллоҳ таоло Қуръони каримда  нозил қилган ушбу оятни келтирамиз:

قَالَتْ إِحْدَاهُمَا يَا أَبَتِ اسْتَأْجِرْهُ إِنَّ خَيْرَ مَنِ اسْتَأْجَرْتَ الْقَوِيُّ الْأَمِينُ

“(Қизлардан) бири: Эй, ота, уни (ишга) ёллагин! Зеро, сен ёллайдиган (бу) яхши киши кучли ва ишончли кишидир, – деди(Қасос сураси, оят-26).

Ушбу оятда Мусо алайҳиссаломдаги омонатдорлик, мардликни кўрган қиз отаси Шуайб алайҳиссаломга Мусо алайҳиссаломни ишга олишни маслаҳат бергани баён қилинган. Шуайб алайҳиссаломнинг ўз қизларининг маслаҳати билан Мусо алайҳиссаломни  ишга ёллаганлар.

Бу маълумотлардан келиб чиқиб фазл ва илм эгалари билан маслаҳат қилиш барча пайғамбар алайҳиссаломларнинг хислатидир, деб айта оламиз.

Саҳобаи киромлар ҳам бошқа суннатлар билан бир қаторда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг машварат қилишдек улуғ суннатларига риоя қилганлар.  Сўзимизни қуйидаги ҳадис қўллаб-қувватлайди.

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Агар бизларга бирор иш мушкул бўлиб қолса-ю, мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳодан у ҳақда сўрасак албатта, У зотда бу борада маълумот бўлар эди”.

Хулафои рошидинлар бошқа барча саҳобаи киромлар мўмина оналаримиздан маслаҳат олганлар. Буни кўплаб саҳобаи киромларнинг мўмина оналаримиздан ҳадис ривоят қилганликларидан билиб олиш  қийин эмас.

Агар эр-хотин бирор масалада машварат қилиб ҳам келиша олмаса ўрталарини ислоҳ қилиш учун ҳакам таъйинлаши мумкин. Аллоҳ таоло бу борада қуйидагича оят нозил қилган:

 وَإِنْ خِفْتُمْ شِقَاقَ بَيْنِهِمَا فَابْعَثُوا حَكَمًا مِنْ أَهْلِهِ وَحَكَمًا مِنْ أَهْلِهَا إِنْ يُرِيدَا إِصْلَاحًا يُوَفِّقِ اللَّهُ بَيْنَهُمَا إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلِيمًا خَبِيرًا

“Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон ва хабардор зотдир”.

Оилавий масалаларни гўзал тарзда ислоҳ қилишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятга намуна ўлароқ амал қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Оиша онамиз билан ўзаро оилавий ишларида ҳакам таъйинлаганлар. Оилавий масалаларни чиройли ҳал этишда мана шу воқеада барча мусулмонлар учун улкан ўрнак ва намуна мавжуд. Шу боисдан ушбу воқеага назар соламиз:

“Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Оиша онамиз ўрталарида бир масалада ихтилоф пайдо бўлди. Ўзаро келиша олмагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга: “Мен ва ўзинг ўртангда кимнинг ҳакам бўлишига рози бўласан? Умар (нинг ҳакамлиги)га розимисан?”,-дедилар. Оиша онамиз: “Йўқ, мен унинг шиддати ва қаттиққўллигидан қўрқаман”,- дедилар.   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Абу Убайда(нинг ҳакамлиги)га розимисан?”,-дедилар. Оиша онамиз: “Йўқ, у Сизни жуда яхши кўради, Сизнинг фойдангизга ҳукм чиқаради”,-деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ундай бўлса, отанг Абу Бакр(нинг ҳакамлиги)га розимисан?”,-дедилар. Оиша онамиз ҳа, деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга одам юбориб чақиртирдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу келгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга: “Сен биринчи гапирасан-ми ёки мен гап бошлайми?”,-дедилар. Оиша онамиз: “Эй Аллоҳнинг Росули!, Сиз биринчи бошланг, фақат ҳақиқатни айтинг!” дедилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу дарҳол ўринларидан туриб, қизларини урушиш мақсадида Оиша онамиз томонга юрдилар. Оиша онамиз  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ортларига ўтиб ҳимояландилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга қарата: “Биз сизни ҳакам қилиб чақирдик, тарбия бериш учун эмас. Бу ердан чиқинг! Сизни бу учун чақирмаган эдик”,-дедилар.  Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ташқарига чиқиб кетгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга лутф қилмоқчи бўлиб: “Яқинроқ кел!”-дедилар. Оиша онамиз жойларидан жилмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сал олдинроқ менинг орқамга ёпишиб қолганмидинг?!”,-деб Оиша онамизнинг оталаридан қочиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ортларида ўтиб олганига шаъма қилдилар. Оиша онамиз кулиб юбордилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кулдилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу кириб келдилар-да: “Жанжалингизга шерик қилганингиз каби сулҳингизга ҳам мени шерик қилинглар!”,-дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Ушбу қиссадан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оила ишларида ҳам жуда буюк муаллим эканликларини билиб олишимиз мумкин.

Юқорида келтириб ўтганимиз - оят ва ҳадислардан қуйидагича хулоса қиламиз:

Оилани кичик бир жамият эканини ҳисобга олсак, жамиятда аъзоларнинг ҳуқуқи тенг бўлиши керак, демак, оилада ҳам ҳуқуқлар тенг  ҳисобланади. Жамиятда яратиладиган манфаатлар ҳар бир аъзо учун бир хил бўлиши керак. Демак, оилада ҳам манфаатлар ҳар бир аъзо учун мўлжалланган бўлади. Жамият аъзоларининг барчасига хос бўлган манфаатлар уларнинг фикрлари, ўзаро келишувлари асосида тайинлансагина барча рози бўладиган, барчага бирдек наф келтирадиган ишга айланади. Шу боисдан ҳам эр киши оилада аҳли аёли билан маслаҳат ва машварат қилиши лозим деб уқтирилади.

Аллоҳ таоло барчаларимизга  тинч-тотувликда, оилавий аҳилликда яшамоғимизни насиб этсин. Амин. 

 

Жалолиддин Ҳамроқулов,

Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири

 

Read 6455 times
Tagged under

Мақолалар

Top