Мақолалар

Тадқиқотлар Пайғамбар алайҳиссалом суннатларига эргашишнинг фойдаларини исботлади

Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлик вазифаларидан бири инсонларнинг ахлоқларини комилликка етказишдан ҳам иборат. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта мен карамли хулқларни камолга етказиш учун юборилдим”,  деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Замонавий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқларига эргашиш нафақат нариги дунёда, балки мана шу дунё ҳаётида ҳам фойда келтиради.

Лос-Анжелесдаги UCLA университети мутахассислари яхши хулқ-атвор инсон умрини узайтиришини илмий жиҳатдан исботлади. “Бедари” фондининг 20 миллион долларлик гранти ҳисобидан молиялаштирилган илмий дастур муаллифи жаноб Фесслер бу масалада жиддий тадқиқот ишларини олиб борди.

Маълумки, яхши хулқ-атвор бизнинг фикрларимиз, ҳис-туйғуларимиз ва эътиқодимизда намоён бўлади. Илмий лойиҳа доирасида антропологлар одамларда меҳр-оқибат хусусиятлари ирсий йўл билан қандай ўтишини, социологлар ғазабланган одамларни ижобий ҳис-туйғуларга қандай йўналтириш мумкинлигини, психологлар эса яхши кайфият руҳиятга қандай таъсир қилишини ва депрессия аломатларини камайтиришни ўрганишди.

Тадқиқот натижаларига кўра, олимлар томонидан қилинган хулоса шуни кўрсатадики, меҳрибонлик, хайрихоҳлик, мулойимлик, яхши сўзлилик ҳаёт сифатига ва унинг давомийлигига таъсир қилади. Гўзал ахлоқли инсоннинг умри нисбатан узоқ бўлиши тадқиқотда аниқланди.

Айтиш керакки, гўзал ахлоқ ислом динининг асосидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларнинг иймони энг мукаммали хулқи гўзал бўлганларидир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Бадбахтлик нима”, деб сўрашди. У зот: “Ёмон хулқ”, деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад ривояти).  

Яна бир ҳадиси шарифда: Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг менга энг маҳбубингиз, Қиёмат куни менга энг яқин ўтирадиганингиз ҳусни хулқлигингиздир. Сизларнинг менга энг ёқмайдиганингиз, Қиёмат куни мендан энг узоқ ўтирадиганингиз сергап, тили узун ва мутафайқиҳингиздир”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, сергап ва тили узунни биламиз, мутафайқиҳлар кимлар?”, дейишди. “Мутакаббирлар”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: “Албатта, одамларга гўзал хулқдан афзалроқ нарса берилмаган” (Имом Табароний ривояти).

Бошқа бир ҳадисда, сизларнинг орангизда менга суюклироғингиз ва Қиёмат кунида менга яқинроқ бўладиганингиз ахлоқи гўзалларингиздир, дейилган (Имом Табароний ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Аллоҳ, хилқатимни гўзал қилганингдек, хулқимни ҳам гўзал қилгин”, деб дуо қилардилар (Имом Аҳмад ривояти).

Яхши хулқ инсоннинг энг қимматли фазилати бўлиб, унинг шарофати билан жамият кўз олдида ҳақиқий мард, манфаатли одам намоён бўлади. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга кўп фазилатларни ато этган, бироқ У зот ўз Расулининг гўзал хулқларини бошқаларидан кўра кўпроқ мақтаган: Албатта, сиз улуғ Хулқ устидадирсиз” (Қалам сураси 4-ояти).  

Шу билан бирга, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг феъл-атвори барча олдинги пайғамбарларнинг олийжаноб фазилатларини, Нуҳ алайҳиссаломнинг шукрини, Иброҳим алайҳиссаломнинг дўстлигини, Мусо алайҳиссаломнинг самимийлигини, Исмоил алайҳиссаломнинг содиқлигини, Айюб ва Ёқуб алайҳумуссаломнинг сабр-тоқатини, Довуд алайҳиссаломнинг одамлардан беҳожатлигини, Сулаймон алайҳиссаломнинг ҳаёсини, Исо алайҳиссаломнинг зоҳидлигини ҳамда бошқа барча пайғамбарларнинг ахлоқий фазилатларини ўзида мужассам этган.

Ғулом домла ЖУМАНОВ,

Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани

бош имом-хатиби

Read 831 times

Мақолалар

Top