Мақолалар

Ихлос… У бугунда унутилган Қуръоний қадрият (2-қисм)

Шайх Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутий

Агар қалбда Аллоҳ билан бўлган муносабатда содиқ бўлишга қалбингда жой топишни хоҳласанг, уни топа олмайсан. Агар тоатингдаги соғлом ниятга қалбингда жой топишни хоҳласанг унга ҳам жой топа олмайсан.
Бунинг йўли нима? Бунинг йўли, иккинчиси йўқ ягона воситага интилишингдир. Унинг ёрдами билан қалбингни эгаллаб олган офатларни чиқариб ташлашингдир.

Ихлосга етиш учун қалбингиздан ушбу офатларни тозалаб, уни поклашга кучи ета оладиган восита нима эканини биласизларми? 

Бу Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг муҳаббатидир.

Лекин сен дарҳол, Аллоҳнинг муҳаббатига етишим учун қайердан куч топаман? – деб сўрайсан. Бунга жавоб беришим учун ҳозир вақт етмайди. Лекин мен сизларнинг олдингизга учта сабабни қўяман, агар шуларни амалга оширсак қалбимиз Аллоҳнинг муҳаббатига тўлиб тошади.

Биринчи сабаб, эй одам боласи, ҳаётингда сенга яхшилик қилувчи ягона зот Аллоҳ эканини эслаб юришингдир. Ушбу ҳақиқатни доимо эслаб шунга яраша муомалада бўлишингдир.

Нафасингни ўз ўрнида доимий равишда кириб чиқиб туришини ким амалга ошираётганини ўз нафсингдан бир сўраб кўр. Сени едириб ичираётган ким? Оғзингга солган луқмани ёки ичаётган бир қултум сувни сен тиқилмайдиган қилиб яратди. Ётганингда сени ухлатиб қўядиган ким? Ухлаб ором олганингдан сўнг сени қайта уйғотадиган ким? Ювиниш жойига кирганингда сени у ердаги офатлардан асрайдиган ким? Еру осмонни ва ҳайвонларни сен учун бўйсундириб қўган ким?
Агар Аллоҳ уни сен учун бўйсундирмаганида бирор қишлоқда ушбу ҳайвонларни қўлга ўргатишга ҳеч куч топа олмас эдинг.

“Ахир Биз улар учун Ўз қўлларимизла қилган нарсалардан чорваларни яратиб қўйганимизни кўрмайдиларми?! Бас, улар ўшаларга молик–эгадирлар-ку! Биз уларга ўша(ҳайвон)ларни бўйинсундириб қўйдик. Бас, улардан маркаблари бор ва улардан ерлар”. Йаасин,71-72.

Қиш фаслига муносиб бўлган қиш фаслининг мевалари билан сени ким икром этди? Баҳорингга мос келадиган баҳорий меваларни сенга ким берди? Қайноқ ёзнинг иссиғига муносиб бўлган ёз мевалари билан сенга ким эҳтиром кўрсатди? Бу ернинг зохирида ризқни, ботинида (ичида) эса неъматни сен учун пайдо қилган ким? Ким у? Аллоҳ эмасми. Бунда бирор шак ёки шубҳа борми?  Бу борлиқдаги ҳамма нарсани сен учун мусаххар қилиб бўйсундирди.

Қоида шуки, эҳсон (яхшилик) инсонни бандага айлантиради.

Шубҳа йўқки, агар Аллоҳ субханаҳу ва таоло сен учун Муҳсин эканини билсанг, Уни яхши кўришинг ва қалбингдаги муҳаббат билан унга юзланмоғинг лозим. Лекин фикр қил ва бу фикрингда давом эт, шунда қалбингни муҳаббат билан Аллоҳга юзланганини топасан.

Иккинчи сабаб: Бу инсон ўз нафсини яхши кўришидир.

Бу аниқ кўзга ташланиб турган ишлардан. Бирортамизда ўзимизни яхши кўриб, бизни доимо тинч омон ва ҳотиржам бўлишимизга олиб борадиган воситаларга бўлган хоҳишимизга шубҳа йўқ.

Омонликни сенга берган ким? Бало ва офатлардан сени саломат қилган ким? Дунёда тўлиб тошган, атрофингдаги атмосферани ўраб олган микроблардан сени ҳимоя қилаётган ким? Сени табиблар ҳам бошқалар ҳам билмайдиган сирли холда ўз борлиғингда турғазиб қўйган ким? Бу туришингни улар тушунтириб бера олмай икки маьноли мавҳум гапларни айтадиларку… Билгинки, бу мустаҳкам иммунитетдир. Сени вужудингда ушбу иммунитетни ўрнатган ким? У Аллох эмасми?
Ким ўзини яхши кўрса ўзини офатлардан ҳимоя қилган Аллоҳни севади.

Учинчи сабаб: Сен ўйлаб ва назар солиб ишонч билан Аллоҳга иймон келтирганлигингни биласан. Сен Аллоҳни бирлигига иймон келтириб Аллоҳ сени яхши кўришини биласан. Агар чуқур мулоҳаза қилсанг, буни яхши англайсан. Агар Аллоҳ сени яхши кўрмаганида ўзини сенга танитмас эди. Аллоҳ сени яхши кўрмаганида сени ибодатга йўналтириб қалбингни очиб қўймас эди. Агар Аллоҳ сени яхши кўрмаганида сен ҳожатларни қондирувчи ягона Аллоҳга иймон келтирмас эдинг. Аллоҳ сени яхши кўрмаганида еру осмонни сен учун мусаххар қилиб бўйсундирмаган бўлар эди. Шундай эмасми?

Аллоҳнинг бизга бўлган муҳаббати, бизни унга булган муҳаббатимиздан олдиндадир. Ҳа бизни севгимиздан устундир.

Ривоят қилишларича бир ибодатли аёл бир жойда хизмат килар эди. Ўша жойнинг эгаси у аёл кечаси саждада Роббисидан, “Аллоҳим сени менга булган муҳаббатинг билан мени эҳтиром қилишингни ва мағфират қилишингни сўрайман”, деб дуо қилаётган овозини эшитиб уйғониб кетди. У киши аёлнинг бу сўзларини жиддий ҳисоблаб намозини тугатишини кутиб турди. Кейин у аёлга, эй қизим ундай демагин, мени сенга бўлган муҳаббатим билан мени эҳтиром қил, деб айтгин. Сени у яхши кўришини қаердан биласан, деди. Шунда аёл, эй Хожам агар У мени яхши кўрмаганида бу вақтда мени ибодатга уйғотмас эди. Менга муҳаббати бўлмаганида ўз ҳузурида турғазмас эди. Агар мени севмаганида бу каби муножотни қилдирмас эди, деди.

Ҳа, биз айтамиз: Аллоҳим сени бизга муҳаббатинг бўлмаганида бизни масжидингда жамламас эдинг. Агар бизга муҳаббатинг бўлмаганида бизга иймонни раво кўрмас у билан қалбларимизни зийнатламас эдинг. Бизлардан куфр ва гуноҳни ёмон кўрмас эдинг.

Аллоҳ таолонинг мухаббатига муҳаббатимизни алмаштирмаймизми, эй азизлар! Мана шу учинчи сабабдир.

Ушбу уч восита билан ўзаро биргаликда муомала қилиб борсак қалбимизни эгаллаб олган ҳавои шаҳватларни ва мутаассиблигу муросасозликларни супириб ҳайдашимизга куч топа оламиз. Шунда қалб топ-тоза бўлади. Шунда қалб Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг муҳаббати учун покиза идишга айланади.

Аллоҳ сени яхши кўрганидан кейин сен ҳам уни яхши кўрсанг, мен сенга Аллоҳ таоло ўзининг муҳаббати ва бизнинг унга бўлган муҳаббатимиз шафоатига киргазиш хушхабарини бераман.

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи айтади:
Солиҳлардан бир киши бир аёлни қаттиқ йиғлаб, “Аллоҳим бу ҳаётдан зерикдим, агар мен ўлимни сотадиган кишини топсам, Аллоҳга бўлган кучли хоҳишим туфайли у ўлимни сотиб олар эдим”, деб айтаётган ушбу сўзларни эшитиб қолди.
У киши аёлга: Сизни Аллоҳга йўлиқтирадиган бирор амалингизга ишонасизми, деди.
Аёл, йўқ лекин мен уни яхши кўраман, айтингчи, мен уни яхши кўрсам ҳам у мени азоблайдими?- деди.

Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.

Тошкент шаҳар “Эшонгузар” жоме масжиди имом-хатиби
Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси
Манба: www.vakillik.uz

Ихлос… У бугунда унутилган Қуръоний қадрият (1-қисм)

 

Read 5098 times

Мақолалар

Top