Мақолалар

Рўзанинг 6 ҳикмати

Рамазон рўзаси Аллоҳ ўзининг мўмин бандаларига фарз қилган ва савобининг чегараси бўлмаган улуғ ибодатларидан бири. Ҳақиқий иймон эгалари Аллоҳнинг буйруқларидан бирор ҳикмат ёки фойда қидирмасдан, Аллоҳнинг буйруғи деб, адо этаверадилар. Рамазон рўзаси ҳам ана шундай адо этиладиган ибодатдир. Бироқ уламоларимиз мўминларнинг ушбу ибодатни адо этишга муҳаббатлари ва шижоатлари янада ошиши учун оят ва ҳадисларга асосланиб рўзанинг ҳикмат ва фойдаларини очиб беришга уринганлар. Қуйида улардан баъзиларини санаб ўтамиз.

Аввало рўза неъматнинг шукронасига василадир. Зеро рўза нафсни ейиш, ичиш ва жимоъдан тийиш ила амалга оширилади. Мазкур нарсалар энг улуғ неъматлардан ҳисобланади. Ушбу нарсалардан маълум муддат ўзини тийиб туриш, неъмат қадрини билдиради. Чунки неъматлар номаълум бўлиб, йўқотилганда билинади. Яъни инсон ўзига қанча нарсалар неъмат қилиб берилганини йўқотганда билади. Натижада инсонни неъматларга шукр қилишга ундайди. Чунки неъматларга шукр қилиш вожиб эканини ақл ҳам, шариат ҳам тақозо қилади. Аллоҳ таоло рўза оятида айни шу маънога ишора қилган: “… ва шукр қилишингиз учундир”.

Иккинчидан рўза тақвога энг муносиб василадир. Чунки нафс Аллоҳнинг розилигидан умид қилиб ва аламли азобидан қўрқиб ҳалол нарсалардан ўзини тийишга бўйин синдими, ҳаром нарсалардан янада ўзини тийишга муносиб бўлади. Натижада рўза Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан сақланишга сабаб бўлади. Аллоҳ ушбу маънога рўза оятнинг охирида ишора қилган: “… шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”.

Учинчидан рўза инсон рўза орқали истак хоҳишларига қаҳр кўрсатиб, шаҳватларини синдиришга эришади. Чунки нафс тўқ бўлса, шаҳватларни истаб қолади. Оч қолса, турли хоҳишларидан ўзини тия олади. Шу сабабдан ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйланишга имкони бўлмаган ёшларга: “Эй ёшлар жамоаси! Сизлардан ким никоҳланишга қодир бўлса уйлансин. Чунки никоҳ кўзни (ҳаромдан) тиювчи ва фаржни (зинодан) сақловчидир. Ким никоҳланишга қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин. Бу унинг учун бичилишдир”, деб кўрсатма берганлар. Демак рўза кўплаб гуноҳлардан сақланишига восита бўлади. Чунки барча гуноҳларнинг бошида шаҳват туради.

Тўртинчидан рўза камбағалларга нисбатан раҳм-шафқат ҳиссини уйғотади. Чунки рўзадор маълум бир муддат очлик аламини тортса, доимий ҳолатда оч азобини тортаётганларни эслайди. Натижада уларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлиб, яхшилик қилишга шошади. Ушбу амали Аллоҳнинг ҳузурида гўзал ажрларга эга бўлишига ҳам сабаб бўлади.

Бешинчидан рўза сабабли шайтонга қаҳр кўрсатилади. Чунки шайтон инсонни адаштириб йўлдан оздиришда инсон шаҳватидан фойдаланади. Шаҳват эса, кўп ейиш ва ичиш орқали кучаяди. Шу сабабдан Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, шайтон Одам боласининг қон томирида юради. Унинг юрадиган йўлларини очлик билан торайтиринглар”, деб марҳамат қилганлар.

Олтинчидан рўза орқали инсон соғлиғини тиклаб олишга эришади. Рўзада инсоннинг ошқозон ва ҳазм қилиш аъзолари дам олади. Ошқозон яхши ҳазм бўлмай қолган таомлардан тозаланади. Бадан ортиқча намликдан халос бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Рўза тутинглар соғлом бўласизлар”, деб тавсия қилганлар. Араб табибларидан Ҳорис ибн Калда “Ошқозон касалликлар уйидир. Парҳез барча давонинг бошидир”, деган.

Бу санаб ўтилган ҳикматлар рўзанинг ожиз бандаларнинг ақли етган фойдаларидан мингдан, балки миллиондан бири. Аллоҳ ҳикмат эгаси бўлган зот.

Яна шуни айтишмиз мумкинки, Аллоҳ таоло ушбу ойнинг шарофати билан бандалар ризқларини кенг қилади. Яхшиликларини кўпайтириб турли адашишлардан узоқ қилади. Чунки бу ойда жаннат эшиклари очилади. Дўзах эшиклари тамбаланади. Ашаддий жин ва шайтонлар кишанланади. Рамазон ойи умматнинг гўё баҳори. Ибодатлар учун мавсум. Хайрли амаллар учун мусобақа майдони. Мўмин учун бу ойдан афзал ой йўқ. Ушбу ойдаги солиҳ амалдан ортиғи йўқ. Бу ой ҳақли равишда мўмин учун ғанимат ойидир. Ибодатлар учун ғаниматдир. Зеро бу ойда намоз, закот ва бошқа хайрли амалларнинг ажрлари кўпайтириб берилади. Аллоҳнинг ҳузурида нафл ибодатлар фарз даражасида, фарз ибодатлар эса етмиш баробарида қабул қилинади.

“Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси” кафедраси мудири Ф.Жўраев.

Read 844 times

Мақолалар

Top