Мақолалар

Ариқ ва зовур: улар тозалиги ҳаммага зарур

Тождор вирус пандемияси ҳаммамизга қайта сабоқ берди. Озодаликка, шахсий гигиенага, санитария қоидаларига қатъий амал қилиш, ҳар бир кишининг бошқалар билан ўзаро ижтимоий масофани сақлаши, турар жой бинолари, ёрдамчи иморатлар, жумладан, ошхона, тандирхона ва санузелларни тоза-озода сақлаш давр талаби бўлиб қолди.

Инсон ўзини энг бехавотир, эмин-эркин сезадиган маскани унинг уйидир. У ўз уйида бошқанинг назари тушишидан, гаплари эшитилиб қолишидан хавфсирамай, азият чекмай яшаши керак. Акс ҳолда, унинг уйидаги роҳат-фароғати кетади, ҳаловати йўқолади. Донишмандларнинг: «Уйинг сиғдирсин», ‒ деб қилган дуо қилишларида ажиб ҳикмат яширинган. Ҳаттоки, замонавий қонунларда уй-жой дахлсизлиги ҳақида алоҳида моддалар мавжуд. Ахлоқимизда эса бировнинг хонадонига, ҳузурига изнсиз назар солган, рухсат сўрамай кирган киши қаттиқ қораланади ва одамлар бу ёмон ишдан ҳамиша қайтариб келинган.

Маскан ‒ ҳар ким учун муқаддас. Маскан сўзи “яшаш, сокинлик топиш жойи” деган маънони англатади. Чунки у “сукун” сўзи билан ўзакдош. Бизда инсоннинг ўз оиласи билан бирга яшайдиган жойи “маскан” дейилади. Инсон ҳаётида хавфу хатардан омонлик топиш, иссиқ-совуқдан пана бўлиш, молу мулкини дахлсиз сақлаш, аҳли аёли билан фароғатда яшаш, ҳаётдаги машаққатлар ва чарчашлардан дам олиб, роҳат топиш учун, қисқа қилиб айтганда, барча нарсалардан сокинлик топиш учун бир масканга муҳтож бўлади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (с. а. в.) кенг маскан мусулмон кишининг саодати омилларидан бири эканини ўз ҳадисларида баён этганлар.
Нофеъ ибн Абдулҳорисдан шундай ривоят қилинади: «Пайғамбар (с. а. в.): «Кенг маскан, солиҳ қўшни ва яхши улов (маркаб) мусулмон кишининг саодатидандир», дедилар».

         Албатта, маскан – турар жой одам боласи умрининг кўп қисмини ўтказадиган ер. Умрнинг энг нозик ва масъулиятли қисми одамнинг шахсий масканида ўтади.

Масканнинг кенг бўлиши яшаш шароитининг қулайлиги маъносидадир. Киши ўз уйида яшаш учун барча шароитларга эга бўлса, саодатли бўлиши турган гап. Умрининг кўп қисми ўтадиган масканда ўзи учун керак бўлган барча қулайликлар мавжуд бўлса, албатта, бу нарса ҳам саодат омилларидан бири бўлади.

Инсон дунё ҳаётида яшар экан, турли ҳолатларга дуч келади. Чарчайди, асабийлашади, дам олгиси келади, ухлайди ва ҳоказолар. Шундай пайтларда унинг ўз уйи ўлан тўшагига айланади. Жамоатчилик жойлари, сафарда, меҳмонхона ёки ижарага турган ерида керакли сокинликни топа олмайди. Ўз уйига эса бемалол кириб боради, ечинади, ором топади, ҳордиқ чиқаради. Шунинг учун ҳам исломда кенг маскан киши саодати омилларидан бирига қиёсланган.
         Масканнинг инсон ҳаётидаги улкан аҳамияти ва зарурати эътиборидан шариат мусулмон инсонларга бу борада ўзига хос одобларни жорий қилган. Мазкур одоблар инсоннинг ўз масканида бахт-саодат, ҳузур-ҳаловат ила яшашини тўла таъминлайди.

Инсон яшайдиган масканда, хусусан, қишлоқ ерларда ариқ ва зовурлар кўп бўлади. Сув ўтган жой ҳаддан ташқари тоза бўлиши керак. Агар агар ариқ ва зовурларга қаралмаса, улар вақти-вақти билан қазиб, тозаланиб турмаса, бунинг устига, ҳар ким сувга ҳар нарса оқизса, ахлат ташласа, ўт-ўланлардан тозаланмаса, айнан ана шу энг тоза нарса амалда энг кўп микроб тарқатадиган ва бактерия тўплайдиган жойга айланиши ҳеч гап эмас. Ҳатто, шаҳарлар ичидан оқиб ўтган ариқлар ҳам баъзан жуда қаровсиз ҳолга тушиб қолишига кўп гувоҳ бўламиз. Қарасангиз, унинг четидаги ўт-ўланларга нималар илакишиб ётмайди, эски ички кийимлар дейсизми, мушук ё итнинг ўлиги дейсизми, полиэтилен идишлар дейсизми... ‒ эҳ-ҳе йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Бундай сув иншоотлари атрофида пашша билан чивин, чигиртка ва билан қуцрбақа ҳам кўпайгандан кўпаяди.

Мана бу ҳадисларнинг маъно-мазмунига эътибор берайлик:

Абу Барза Асламийдан (р. а.) ривоят қилинади:

“Эй Аллоҳнинг Расули! Мени жаннатга киритадиган амалга йўллаб қўйинг", дедим. “Одамларнинг йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташла” , – дедилар”.

Абу Ҳурайрадан (р. а.) ривоят қилинади:

“Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир одам йўлда ётган тиканнинг олдидан ўтиб қолди. “Албатта, мана шу тиканни олиб ташлайман, бирорта мусулмон одамга зарар етказмасин”, деди. Шу боис унинг гуноҳлари мағфират қилинади”,– дедилар”.

Абу Заррдан (р. а.) ривоят қилинади: 

“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менга умматимнинг амаллари намойиш қилинди – яхшиси ҳам, ёмони ҳам. Умматимнинг энг яхши ишларидан бири йўлда ётган озор берувчи нарсаларни олиб ташлаш эканини кўрдим. Уларнинг энг ёмон ишларидан бири масжидда кўмилмай қолган балғам эканини ҳам кўрдим”, дедилар.

Озодалик энг олий даражада тарғиб қилинган муқаддас ислом дини ариқ ва зовурларни ҳам тоза тутишни талаб қилади. Динимизда сувга туфлаш қанчалар катта гуноҳ саналади.

Расулуллоҳ (с. а. в.): «Албатта, Аллоҳ хушҳолдир – хушҳолликни яхши кўради, покдир – покликликни севади, саховатлидир – саховатни яхши кўради, сахийдир – сахийликни севади. Бас, ҳовлиларингизни озода тутинг!..” ‒ деганлар. Бу ҳадис бандалардан ҳовли-жойлар, кўча-кўйлар, демакки, ариқ-зовурларни ҳам тоза- озода тутишга чақиради.

Кейинги йилларда Тошкент шаҳрининг ичидан ўтган анҳор ва ариқлар атрофини ободонлаштириш бўйича кўп ишлар қилинди. Йиллар мобайнида айрим фуқаролар ўзбошимчалик билан ана шундай оқар сувлар қирғоқларига ноқонуний иншоотлар қуриб олиб, булардан ўз манфаатлари учун фойдаланиб келишган. Бу масалалар  қонун доирасида ҳал қилинди.

Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда сув ва уни қадрлаш билан боғлиқ кўп-кўп маълумотлар бор. Уларнинг бари биздан ариқ ва зовурларни тоза-озода сақлашимизни талаб қилади.

Абдулғафур Раззоқ Бухорий,

Баҳоуддин Нақшбанд жоме масжиди имом-хатиби

 

Read 760 times

Мақолалар

Top