Мақолалар

Бойларнинг молида фақирларнинг ҳаққи бор

Ислом динида ҳар бир иш Қуръони карим ва суннати набавия таълимоти асосида амалга оширилади. Шунга биноан, Ислом динининг жамиятдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламнинг ҳуқуқлари масаласига муносабати ҳам шу икки манбада ўз ифодасини топган. Ижтимоий ҳимоя деганда аввало, аҳоли орасида иқтисодий жиҳатдан қийналган, ўзининг эҳтиёжини қоплаш имкониятига эга бўлмаган фуқароларга моддий ва маънавий кўмак бериш тушунилади. Шу маънода, Қуръони карим ва ҳадиси шарифда ижтимоий ҳимояга нақадар катта эътибор қаратилганини кўришимиз мумкин.

Қуръони каримда “фақирлик” ва “фақирлар” лафзи моддий маънода 13 марта такрорланган. Буларнинг баъзиси барчанинг Аллоҳ таолога фақир (муҳтож) эканини баён қилса, баъзилари шайтоннинг одамларга фақирликни ваъда қилишини баён қилади, бошқалари эса фақирларга молнинг маълум бўлагидан садақа беришга буюради. “Бойлик” ва “бойлар” лафзи 26 марта келган. Бундан 21таси Аллоҳнинг беҳожат зот эканини таъкидласа, 5 таси инсонларнинг сифати маъносида ворид бўлган. “Мискин” лафзи кўплик ва бирлик сийғаларида 33 марта такрорланган. “Соил” (тиламчи) лафзи 4 марта келган ва унинг барчасида уларга садақа беришга буюрилган. Иқтисодий жиҳатдан “заифлар” лафзи 4 марта зикр қилинган ва унда заифлардан муайян мажбуриятларни соқит қилиш ва улардаги заифлик сабабларини бартараф этиш ҳақида гапирилган. Иқтисодий жиҳатдан “маҳрум” лафзи 2 марта келган ва иккисида ҳам бойларнинг молида уларнинг ҳам ҳаққи борлиги таъкидланган.

Барча турдаги муҳтожларнинг насибаси бор бўлган “закот” лафзи 32 марта такрорланган. Гоҳида закот лафзининг маънодоши, гоҳида эса нафл садақанинг маънодоши сифатида келадиган “садақа” лафзи 16 марта келган, унинг ҳаммаси ҳам садақа беришликка ундаган ва буюрган. Муҳтожларга молиявий ёрдам кўрсатиш ўринларида келган “эҳсон” лафзи 63 марта зикр қилинган. “Аллоҳ йўлида инфоқ қилиш” жумласи 70 марта ворид бўлган.

Юқоридаги рақамларни жамлаб чиқсак, Қуръони каримда ижтимоий ҳимоя мавзусида 263та ўринда сўз юритилгани маълум бўлади.

Ҳадиси шарифда ижтимоий ҳимоя масаласига оид ҳадисларни таҳлилий ҳисоб-китоб қилиб чиқиш мушкул иш. Чунки бир томондан ҳадис китобларининг хилма-хиллиги бўлса, иккинчи томондан ривоятларнинг такрорланиши натижасида айнан ўхшаш ҳадислар ҳам такрорланиб келган. Лекин шунга қарамай, компьютер хотирасига киритилган ўн бешта ҳадис китобларини кўздан кечириб чиқиш натижасида ушбу мавзуга оид сўзлар 157 марта ворид бўлганини кўриш мумкин ва уларнинг аксарида фақирларга хайрихоҳлик қилиш тўғрисида сўз юритилади.

Мусулмонлар, авваламбор, ҳар бир нарсани Аллоҳ таоло яратган ва тасарруф қилиш учун бандаларни тайинланган, деган тушунчага суянади. Шунинг учун бандалар қўлларига тўпланган молларнинг ҳақиқий эгаси бўлган Зотнинг буйруқлари ва кўрсатмаларига бўйсуниши лозим бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай баён қилади: «Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас» (Қасас сураси, 77-оят).

Ушбу оятдан ҳар бир нарсанинг ҳақиқий эгаси Аллоҳ таоло экани ва У бизларни Ўзи белгилаб берган меъёрга мувофиқ иш юритишимизга буюргани маълум бўлади. Бу меъёр охиратда Аллоҳнинг розилигини топиш умидида бу дунёда унга итоат қилишдир. Ибодатларни тўла адо этиш, хайр садақа ва закот бериш шу итоатлар жумласидан. Аллоҳ таоло бойларга яхшилик тариқасида берган молдан муҳтожларга эҳсон қилишга буюриши эса ўша мол Аллоҳники эканини эслатишдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шу ҳақни фақир ва муҳтож бандаларига беришга буюради. Фақир ва мискинлар бойлардан садақаларни олишни ор деб билмаслиги учун муҳтожларнинг молдаги насибаларини уларнинг ҳақлари деб таъкидлайди. Негаки, улар Қуръон оятига биноан ўз ҳақларини худди шерикчилик орқали топилган даромаддаги ўз улушларини олгандек қабул қилиши лозим бўлади.

Исломда фақирлик муаммосини ҳал қилишда аввало, ўша фақирларни меҳнат қилишга, бирор бир касб-ҳунар билан шуғулланишга тарғиб қилиш, дангасаликдан қочишга чақириш билан эришилади. Чунки меҳнат қилиш бу асосий вазифа ҳисобланади. Бироқ, жамиятда меҳнатга ярамайдиган ёки муносиб иш топа олмаётган ёхуд иши бор-у, бироқ ундан оладиган даромади эҳтиёжини қоплашга етмайдиган ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга нисбатан ҳам Ислом дини ўзига хос тарзда раҳнамолик қилишга йўллайди. Масалан, закот, яқин қариндошларга берилиши вожиб бўлган нафақа, нафл садақа, хайрия, вақф ишлари, назрлар, каффоратлар, қўшнилар ҳаққи, меҳмондорчилик ҳаққи, муҳожирлар ҳаққи, етимларга ғамхўрлик қилиш, тиламчилар (соил) ҳаққи, давлат томонидан ижтимоий таъминот учун ажратадиган ҳақлари шулар жумласидандир.

Динимиз учта асосий қисм – эътиқод, шариат ва ахлоқдан ташкил топган бўлса, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга раҳнамолик қилиш ана шу қисмларнинг ҳар бири билан чамбарчас боғлиқдир. Эътиқод ва имон билан боғлиқлик жиҳати Аллоҳ таоло ҳамма нарсанинг эгаси деган ақидага таянади. Албатта, Аллоҳ бандасига қўлидаги молидан бир қисмини муҳтожларга беришни амр қилган. Мўмин киши эса ўз ақидасига содиқ қолган ҳолда ушбу буйруқни амалга оширади.

Онамиз Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ён қўшниси оч ўтирганини била туриб қорни тўқ ётган киши мўмин эмас”, дедилар (Имом Ҳоким ривояти).

Ижтимоий ҳимоянинг шариат билан боғликлиги Исломнинг арконларидан бири бўлмиш закотда яққол намоён бўлади. Аллоҳ таоло закот олишга ҳақли бўлган кишиларни Қуръони каримда бирма-бир баён қилган: «Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (кофир)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир» (Тавба сураси, 60-оят).

Ижтимоий ҳимоянинг Исломнинг ахлоқий жиҳати билан боғликлигини бошқа садақалар борасида кўриш мумкин. «Улар (ҳозирда ўз зиммаларига олган) назрларини адо қилурлар ва ёмонлиги (даҳшатлари) кенг ёйилувчи кундан қўрқурлар. Таомни эса суюб турсалар-да, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва асирларни едирурлар. (Улар айтурлар): Бизлар сизларни фақат Аллоҳ юзи учун таомлантирурмиз. Сизлардан (бу иш учун) бирор мукофот ва миннатдорчилик кутмасмиз» (Инсон сураси, 7-9-оятлар).

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, Исломдаги ижтимоий ҳимоя фақат моддият билан чекланиб қолмайди, балки ижтимоий ва руҳий қўллаб-қувватлаш билан ҳам ўзига хосдир.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Биродарингнинг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақа, яхшиликка буюришинг ҳам садақа, ёмонликдан қайтаришинг ҳам садақа, йўлдан адашган кишини тўғри йўлга солиб юборишинг ҳам садақа, кўзи ожиз кишига ёрдам беришинг ҳам садақа, йўлни юзида ётган тошни, тиканни, суякни четга олиб қўйишинг ҳам садақа, челагингдаги сувдан биродарингни челагига қуйиб беришинг ҳам садақадир” (Имом Термизий ривояти).

Шунингдек, Ислом динида бетоб кишиларни зиёрат қилиш, таниган ва танимаганга салом бериш, ҳатто инсонни сўнгги йўлга кузатиш, яъни жанозасида иштирок этиш, унинг яқинларига таъзия билдириш борасида ҳам етарли кўрсатмалар берилган ва бу амаллар учун улуғ савоблар ваъда қилинган. Буларнинг барчаси инсонларнинг кўнглига хурсандлик киритадиган, ижтимоий алоқани яна ҳам мустаҳкамлайдиган исломий фазилат саналади.

Айни пайтда Ислом динида муҳтожга ёрдам қўлини чўзишдан қочиш, бундан бўйин товлаш қаттиқ қораланади. Қуйидаги ҳадисдан шу маънони англаш мумкин: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қиёмат куни Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Эй Одам боласи! Мен бетоб бўлдим, сен эса мени кўргани келмадинг!” Банда айтади: “Эй Раббим! Сен оламларнинг раббиси бўлсанг, мен сени қандай кўргани бораман?” У айтади: “Фалон бандам бемор бўлганини билиб туриб, уни кўргани бормадинг. Агар уни кўргани борганингда, ўша ерда мени топган бўлар эдинг”. Кейин яна айтади: “Эй Одам боласи! Сендан таом сўрадим, сен эса бермадинг”. У айтади: “Эй Раббим! Сен оламларнинг раббиси бўлсанг, мен сени қандай таомлантирай?” У дейди: “Фалон бандам сендан таом сўраганда сен бермадинг. Агар берганингда ўша савобни ҳозир шу ерда топган бўлар эдинг”. Яна дейдики, “Эй Одам боласи! Мен сендан сув сўрадим, сен бермадинг”. У айтади: “Эй Раббим! Сен оламларнинг раббиси бўлсанг, сенга қандай қилиб сув берай?” У дейди: “Фалон бандам сендан сув сўради, сен бермадинг. Агар берганингда ўша савобни мени ҳузуримдан топишингни билмасмидинг?” (Имом Муслим ривояти).

Исломда ижтимоий ҳимоя нафақат мўмин-мусулмонлар ўртасида бўлиши, балки бу имтиёздан ғайридинлар ҳам фойдаланиши, мусулмон жамиятида яшаётган бошқа дин кишиларига ҳам ғамхўрлик қилиниши лозимлиги таъкидланган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида марҳамат қилганлар: “Ким зиммийга азият етказса мен у билан хусуматлашаман. Мен ким билан хусуматлашсам қиёмат кунида ундан ҳаққимни оламан”.

Зикр қилинишича, Умар ибн Абдулазиз Басра шаҳридаги волийси Адий ибн Артоътга мактуб йўллаб, бундай ёзган экан: “...Сўнгра, қарамоғингдаги аҳли зиммалардан қайсиларининг ёши кексайиб, қуввати заифлашиб, касб қилишга қурби етмай қолган бўлса уларга  байтул молдан етарли миқдорда нафақа ажратилишини жорий қилгин.

Шунинг учунки, мен эшитган эдим, мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу уйма-уй юриб, одамлардан тиланчилик қилиб юрган аҳли зиммалардан бўлмиш бир қарияни кўриб: “Ёшлик вақтингда сендан жизя олсак-у, кексайган вақтингда қаровсиз қолдирсак сенга нисбатан инсофсизлик қилган бўламиз”, деганлар ва унга етарли миқдорда байтул молдан нафақа беришни жорий қилганлар”. Демак, Ислом тарихида биринчи марта давлат хазинаси ҳисобидан кексаларга ижтимоий таъминот учун нафақа тайинланиши Умар ибн Хаттоб давридан бошланган экан.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом дини ижтимоий ҳимоя борасида ҳар бир ҳақ эгасининг ҳаққини адо этишга кенг тарғиб қилган диндир.

 

Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,

“Муҳаммад Носир ҳожи” жоме масжиди имом-хатиби

Read 5798 times

Мақолалар

Top