Мақолалар

Очликнинг 10 ҳикмати

Имом Ғаззолий “Иҳёу улумид-дин” китобларида ушбу ҳадисни келтирадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нафсингизга қарши очлик ва чанқоқлик билан курашинглар. Албатта бу иккисининг ажри Аллоҳ йўлида жиҳод қилувчининг ажри кабидир”, дедилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хузурларига кирдим ва у зот алайҳиссаломни ўтириб намоз ўқиётган ҳолатларида топдим. Бас, у кишидан бунинг сабабини сўрадим. У зот алайҳиссалом: “Очлик сабабли, туриб намоз ўқишга холим йўқлигидан ўтириб намоз ўқияпман”, дедилар. Буни эшитиб мен йиғладим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.: “Йиғлама, эй Абу Ҳурайра! Албатта қиёмат кунининг шиддати Аллоҳдан савоб умидида оч юрувчи кишига етмайди”, дедилар (Мансур ривояти).

“Аллоҳ таолонинг ҳузурида манзил жиҳатидан энг афзалингиз очлиги ва тафаккури узунроқ бўлганингиздир. Аллоҳ ёмон кўрадиган кишилар эса ҳар бир кўп ухловчи ва кўп еб-ичувчилардир” (Имом Ғаззолий).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қалбларингизни очлик ва дағал либос кийишлик билан мунаввар қилинглар. Албатта шайтон инсоннинг қон томирларида юради. Унинг йўлини очлик билан торайтиринглар”.

Яҳё ибн Муъоз ар-Розий айтадилар: “Васваса шайтоннинг уруғидир. Агар унга ер ва сув берилса ўсади, агар бу иккиси топилмаса қуриб кетади. Айтилди: “Ер нимаю, сув нима?”. Айтдилар: “Тўқлик васваса учун ер, уйқу эса у учун сувдир”.

Айтиладики: “Дунёда очликни ихтиёр қилганлар, охиратда тўқ бўладилар. Бу дунёда тўқ бўлган инсонларнинг кўплари охиратда оч бўладилар”.

Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ “Иҳёу улумид-дин” китобларида бундай дейдилар: “Тўқ қорин устига овқатланиш мохов касалини келтириб чиқаради”.

Саҳл ибн Абдуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Охират талабида юрган киши учун тўқликдан кўра зарарлироқ нарсани билмайман”.

Айтишадики: “Агар Фиръавн оч бўлганда, худоликни даъво қилмаган бўларди”.

Энг асосийси эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. айтганларидек: “Бир банда Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, ўша кунги рўзаси сабабли Аллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик масофага узоқ қилади” (Муттафақун алайҳ).

Ёрбек ИСЛОМ

Read 1187 times

Мақолалар

Top