Мақолалар

УЛАМОЛАР ИСЛОМ УММАТИНИ ТИНЧЛИК, БИРДАМЛИК ВА ҲАМЖИҲАТЛИККА ЧАҚИРДИ!

Бутун дунёда, хусусан ислом оламида тинчликни ўрнатиш, мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш ва уммат бирлигини мустаҳкамлаш йўлида исломий ташкилотлар фаолият олиб боради. Мана шундай нуфузли муассасалардан бири Мусулмон донишмандлар кенгаши ҳисобланади.

Хабар бериб келаётганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ушбу Кенгаш аъзоси сифатида фаол қатнашиб келмоқдалар. Яқинда ижтимоий тармоқларда мазкур Кенгаш аъзоларининг дунёдаги воқеа-ҳодисаларга муносабатлари эълон қилинди. Жумладан, Миср Араб Республикаси Бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, Шайх Аҳмад Тоййиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Малайзия Вақф ишлари вазири доктор Зулкифл бин Муҳаммад ал-Бакрий, Ислом фиқҳи академияси аъзоси Доктор Аҳмад Абдулазиз Ҳаддод ва Ливан давлати уламоси Шайх Саййид Али ал-Амин кабиларнинг чиқишларидан қуйидаги иқтибослар келтирамиз.

 

Миср Араб Республикаси Бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари,
Шайх Аҳмад Тоййиб:

“Айрим бандалар фақатгина уларга неъматлар етиб турганидагина шукр қиладилар. Аслида банда ҳар бир ҳолат учун шукр қилиши лозим. Аммо бундай бандалар жуда оз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Бандаларимдан шукр қилгувчилари оздир” деб хитоб қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунги намозда туравериб, ҳаттоки оёқлари шишиб кетарди. Шунда У зотга: “Сизнинг аввалги-ю охирги гуноҳларингиз кечирилганку” дейилса. У зот алайҳиссалом: “Шукр қилувчи банда бўлмайинми?” деган эканлар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси,
Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар:

“Ҳозирги кунда дунёда, хусусан, Ислом оламида тинчликни ўрнатиш, уламолар ҳамкорлигини ривожлантириш, мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш, уммат бирдамлиги ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш жуда муҳим аҳамият касб этмоқда. Таъкидлаш керакки, ушбу йўналишларда Мусулмон донишмандлар кенгаши салмоқли ишларни амалга оширмоқда. Зеро, Аллоҳ таоло инсонларни яхшилик йўлида ҳамкорлик қилишга чақириб, шундай хитоб қилади: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг!”.

Албатта, яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилиш – жамиятда тотувлик ва биродарликнинг асосидир. Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда кўп ҳадисларида ҳамкорлик ва бирдамликка чақирганлар. Хусусан, У зот алайҳиссалом: “Мўмин-мўминга нисбатан ҳудди бир бино каби. Улар бир-бирларини мустаҳкам тутиб туришади”, деганлар. Бошқа ҳадисда эса, “Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди”, дейилган”.

 

Малайзия Вақф ишлари вазири доктор
Доктор Зулкифл бин Муҳаммад ал-Бакрий:

“Азиз дўстлар! Бугун ҳар биримиз ниҳоятда қадрига етишимиз керак бўлган неъматлардан бири – тинчликдир. Тинчликнинг қиймати бебаҳо. Тинчлик бу – фақатгина урушнинг бўлмаслиги эмас, балки тинчлик бу – ички ва ташқи хотиржамлик, барқарорликдир. Бунинг учун жамиятдаги ҳар бир фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, ижтимой ҳимоя қилиниши лозим. Тинчлик – турли миллат вакилларига тенг адолатли муносабатда бўлиш, камситмаслик, ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ҳам назарда тутади. Аллоҳ таоло Ер юзидаги жамики инсониятга тинчлик ва омонлик ато этсин!”

 

Ислом фиқҳи академияси аъзоси
Доктор Аҳмад Абдулазиз Ҳаддод (БАА):

“Аллоҳ таоло бутун инсониятни яратди. Роббисини таниш, фақат Ўзига ибодат қилиш ва яхши амаллар ила Ер юзини обод этиш учун Ўзининг халифаси (ўринбосари) қилди. Аллоҳ таоло: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик”, дея жамики башариятга марҳамат қилди.

Аллоҳ таоло одамларнинг бирга яшаши учун ўзаро танишишни яратилишдан мақсад қилди. Албатта, ҳеч бир инсон жамиятдан, одамлардан айри ҳолатда яшай олмайди. Жамиятда ҳар бир инсоннинг ўзгаларга манфаат ва яхшилик етказишда муҳим ўрни бор. Зеро, одамлар ўзаро муомалалари бир-бирларига боғлиқдир. Аллоҳ таоло: “айримларининг даражаларини айримларидан устун қилиб қўйганмиз” деб марҳамат қилган.

Одамзот яратилганидан тортиб бугунгача бир-бирини тутиб турадиган бино кабидирлар, ҳар бири бошқасига хизмат қилади, бундан ҳатто баъзилар бехабар бўлади. Буларнинг барчаси инсоният адоват ва можарода эмас, балки тинчлик ва ҳамжиҳатликда бирга яшаши зарурлигини таъкидлайди. Демак, инсонлар яхшилик йўлида ҳамкор бўлишлари, ёмонликларга эса биргаликда қарши курашишлари лозим. Зеро, Аллоҳ таоло бузғунчиликни севмайди!”.

 

Ливан давлати уламоси
Шайх Саййид Али ал-Амин
:

“Бир жамиятда яшовчи фуқаролар тенг ҳуқуққа эга. Зеро, одамлар ҳуқуқ ва бурчлари тенг бўлмаган ҳолда фақат миллатга мансублиги билан тенг деб ҳисобланиши мумкин эмас. Ислом дини турли миллатга мансуб кишиларга ҳам адолат қилишга чақиради. Аллоҳ таоло: “Агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қилур” (Нисо сураси, 58-оят), деб хитоб қилади.

Адолат ва бағрикенглик шариат буюрган, ўзаро бир-биримиз билан муносабатларимизни бошқарадиган тамойилдир.”

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 987 times

Мақолалар

Top