Таровеҳ намози – бандани кечани ибодат билан бедор ўтказганнинг савобига ноил этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар киши имом билан то тугатгунча бирга намоз ўқиса, тунни бедор ўтказган деб ҳисобланади”, деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Насоий ривояти).
- Тунги намоз – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечасини ибодат билан ўтказганларидан оёқлари шишиб кетарди.
- Қиёмул лайл (кечани ибодат билан ўтказиш) – жаннатга киришнинг энг катта сабабларидан бири.
- Кечасини ибодат билан ўтказган банданинг жаннатдаги даражаси кўтарилади.
- Кечаси ибодат қиладиганлар Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўладилар.
- Аллоҳ таоло Ўзининг солиҳ бандалари қаторида тунги намозни ўқийдиганларни алоҳида мадҳ этган: “Улар тунларни Роббиларига сажда қилиб, бедор ўтказадилар” (Фурқон сураси, 64-оят).
- Қиёмул лайл – фарз намозларидан кейинги энг афзал намозлардан бири.
- Тунги ибодат – бандани Роббига яқин қилади, ёмонликларни даф этади, гуноҳларни кетказади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Кечанинг қиёмини лозим тутинг. Чунки у сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир. У Роббингизга қурбатдир, ёмонликларга каффорот ва гуноҳлардан қайтарувчидир”.
- Қиёмул лайл танадан касалликларни ҳам кетказади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У жисмдан дардни қувгувчидир”, деганлар.
- Мўминнинг шарафи – кечаси ибодат қилишдадир.
- Кечасини ибодат билан ўтказган банда эга бўладиган ажр-савоб, бахт-саодат ва мукофотлар дунё ва ундаги нарсалардан афзалдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким Рамазон ойида иймон билан савоб умиди (таровеҳ)да қоим бўлса, унинг аввалги гуноҳлари кечирилади” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД