Мақолалар

Фидя садақасини кимлар беради?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Фидя – киши зиммасидаги нарсани адо қилиш мақсадида мол ёки шунга ўхшаш нарсани беришидир (“Лисонул араб”).

Шариатимиз икки тоифа кишиларни рўза тутмасликларига рухсат бериб, ўрнига Рамазоннинг ҳар бир куни учун фидя беришга буюрган.

Биринчиси: Қарилик сабабли умуман рўза тутишга ярамайдиган, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган ёши улуғ кексалар.

Иккинчиси: Сурункали касал бўлиб, одатда тузалишига умид бўлмаган ва рўза тутиш уларнинг саломатлигига жиддий зиён етказиши мумкин бўлган беморлар (“Баҳрур роиқ”).

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: “(Рўза тутишга) мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми фидядир. Кимки ихтиёрий равишда зиёда хайр қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир” (Бақара сураси, 184-оят).

Фидя – Аллоҳ таоло бандаларига берган енгилликдир.

Ҳар кунлик фидянинг миқдори ярим соъ буғдой (тахминан икки килограмм) ёки бир соъ хурмо ёҳуд бир соъ арпадир. Буларнинг қийматини бериш билан ҳам фидя адо бўлади. Ватандошларимизга осон бўлиши учун ҳар йили Рамазон ойида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати томонидан фидянинг ўртача миқдори белгиланиб, эълон қилинади.

Фидяни Рамазон ойи киришидан олдин берилмайди. Ой кириши билан хоҳласалар, ўттиз кунлик рўзанинг фидяларини бирданига жамлаб беради, хоҳласалар ҳар куни бўлиб-бўлиб тўлаб беради (“Фатовойи Ҳиндия”).

Рўза фидясини бир кишига ҳам ёки бир неча кишига ҳам бериш мумкин (“Раддул муҳтор”).

Фидяни мискин, фақир, бева-бечора, етим-есир, ночор ва закот беришга қодир бўлмаганларга берилади. Аммо отаси, онаси, фарзандлари, набиралари, эри, хотини ва закот беришга қодир бўлганларга бериши жоиз эмас.

Фидя бериб юрган қария ёки сурункали беморлар рўза тутишга қодир  бўлиб қолишса, берган фидялари бекор бўлиб, тутмаган рўзаларининг қазосини тутишлари вожиб бўлади (“Раддул муҳтор”).

Рўза тутишга ярайдиган қарияларга эса рўза тутиш фарз бўлади. Рўза тутишга қодир бўла туриб фидя берсалар, рўза улардан соқит бўлмайди ва фидяси ўз ўрнига тушмайди (“Раддул муҳтор”).

Тузалишига умид бор, одатда, маълум вақтдан кейин шифо топадиган беморларга рўза тутиш зарар қилса, буларнинг ҳам рўза тутмасликларига шариатимиз рухсат беради. Аммо булар фидя бермайдилар. Тузалганларидан кейин қазо бўлган кунларнинг рўзасини тутиб берадилар.

Афсуски, ҳозирги кунда Рамазон ойида бемор бўлиб, тузалгандан кейин қазосини тутиб беришга лаёқати бўлган баъзи кишилар беморликларида рўзанинг фидясини бериб қўйиб, тузалганларидан кейин “мен қазо бўлган рўзаларимни тутмайман, чунки мен фидясини берганман” демоқдалар. Ваҳоланки, шариатимиз фидя беришни уларга буюрмаган, балки тузалганларидан кейин қолдирган рўзаларининг қазосини тутиб беришларини фарз қилган.

Зиммасида намоз ва рўзаларининг қазоси бор киши вафотидан олдин уларнинг фидясини тўлашни васият қилиши вожибдир. Васият этмай вафот этса, гуноҳкор бўлади. Маййит фидя тўлашга васият қилган бўлса, уни кафанлаш, қабрга қўйиш, қарзларини тўлашдан кейин қолган бор мол-мулклари қийматининг учдан биридан маййитнинг фидясини меросхўрлар адо қилишлари вожиб бўлади. Адо қилмасалар, гуноҳкор бўладилар. Агар марҳум фидя тўлашни васият қилмаган бўлса, ёки мол-мулк қолдирмаган бўлса, меросхўрлар ўз ихтиёрлари билан марҳумнинг фидясини тўлашлари улкан савоб ҳамда маййитга енгиллик ва раҳм-шафқат қилган бўладилар. Мабодо, тўламасалар гуноҳкор бўлмайдилар (“Раддул муҳтор”). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

 
 
Read 1061 times
Tagged under

Мақолалар

Top