Мақолалар

Бир оят тафсири: Охиратни изла, дунёни унутма...

«Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас» (Қасас, 77).

Ушбу оят бугунги кунимиз учун, инсониятнинг бугунги ҳаёт тарзи учун ниҳоятда долзарб муаммони муолажа қилади. Бу муаммо – дунё ва охират ташвишини тенг тутмаслик, динни дунёдан, дунёни диндан ажратишдир. Ислом дини инсонни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бахт-саодатга эриштирувчи дастуриламал, ҳаёт манҳажидир. Аммо динимизнинг асл моҳиятини, унинг таълимотлари барча замон ва маконларга мувофиқ келишини англаб етмаган кишилар уни таркидунёчиликка айлантириб қўядилар, динга амал қилиш учун дунёдан ажралиб чиқиш керак, деб ҳисоблайдилар. Ваҳоланки, Парвардигори олам инсонга ато қилган барча неъматлари ҳам охиратни, ҳам дунёдаги насибани излаш воситаси эканини айтмоқда.

«Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин...»  Имом Қуртубий ояти карима тафсирида бундай дейди: “Аллоҳ сенга ато этган мол-дунё орқали охират диёрини – жаннатни изла! Зеро, мўмин киши дунёсини мақтаниш ва гуноҳ учун эмас, балки охиратда наф берадиган ишларга сарфлаши лозим”.

«... ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин...» Муфассир давом этиб, айтади: “Бу ояти кариманинг тафсирида турлича фикрлар бор. Абдуллоҳ ибн Аббос ва жумҳур (муфассирлар) уни бундай тафсир қилганлар: “(Азиз) умрингни дунёингда солиҳ амал қилмаслик билан зое қилма! Чунки охират учун амал қилиш керак. Демак, инсоннинг дунёдан оладиган ҳақиқий насибаси унинг умри ва қиладиган эзгу ишларидир”.

Ҳасан Басрий ва Қатода айтади: «(Ояти кариманинг) маъноси бундай: “Ҳалол нарсалардан фойдаланишда ва у нарсаларни қўлга киритишда дунёдаги насибангни ҳам унутма!”

Қуртубий яна айтади: “Шу икки хил таъвилни Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) бундай ифодалаган: “Дунёинг учун гўё абадий яшайдигандек ишла, охиратинг учун эса худди эртага вафот этадигандай амал қил!”

Ҳасан Басрий оятни: “(Мол-мулкингдан) ортиқчасини ўзгаларга бер, етарлисини олиб қол”, деб таъвил қилган. Имом Молик эса: “Кишининг дунёдаги насибаси исрофга йўл қўймаган ҳолда еб-ичишдир”, дейди. Ибн Арабий эса: “Менинг наздимда (мазкур ояти кариманинг) энг гўзал тафсири Қатоданинг бу сўзидир: “(Дунёдан) ҳалол насибангни унутма, зеро, дунёдан оладиган насибанг шу нарсадир!” дейди ва Имом Моликнинг айтганларини бундай изоҳлайди: “Фикримча, Имом Молик бу сўзлари билан ибодат ва зоҳидона ҳаёт кечиришда ўта ғулувга кетган кимсаларни назарда тутган. Чунки  Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам ҳалво (ширинликлар)ни яхши кўрар, асал ичар, қовурилган гўшт ер эдилар, муздек сувдан ичардилар”.

Шу ўринда кўпчилик орасида шаклланиб қолган нотўғри тушунчани муолажа қилиб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Баъзилар динда мол-дунё қораланган деб ўйлайди. Бу мутлақо нотўғридир. Ислом дини мол-дунёни эмас, балки мол-дунёга ҳирс қўйишни, уни деб ибодатдан чалғишни, ҳақ йўлдан озишни қоралайди. Исломнинг беш устунидан учтаси бевосита молиявий ибодат бўлса, қандай қилиб динимизда мол-дунё қораланган бўлиши мумкин? Рамазон ойида фитр садақаси берилади, моли нисобга етган одам закот беради, қодир бўлган одам ҳаж қилади, қурбонлик сўяди – буларнинг барчаси бевосита молиявий ибодатлардир, бу ибодатларни адо қилиш учун ҳалол йўл билан топилган, аслий эҳтиёжлардан ортган моддий маблағ талаб қилинади.

Банда мазкур молиявий ибодатларни адо қилиб, Роббига қурбат ҳосил қилади. Аммо динимизнинг фазилатини, Раббимизнинг бениҳоя ҳикматини қарангки, бу ибодатларнинг барчасидан аввало уни адо қилган инсоннинг ўзи, унинг аҳли оиласи ва жамиятнинг муҳтож табақалари манфаат кўради. Банда бир ибодат қилиш билан биринчи навбатда ўзига, сўнг атрофидагиларга яхшилик қилади.

«Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил!» Аллоҳ берган неъматлардан баҳраманд бўлган ҳар бир банда ўз навбатида бошқа одамларга ҳам яхшилик қилиши керак. Масалан, қийналиб қолган биродарларига ёрдам бериши, бева-бечора, фақир-мискинларнинг ҳолидан хабар олиши, мусулмонлар манфаати йўлида хайр‑эҳсонлар қилиши керак. Агар бундай қилинмаса, жамиятда адолатсизлик юзага келади, бойлар янада бойиб, камбағаллар янада қашшоқлашиб бораверади. Натижада одамлар ўртасида норозилик, адоват, ҳасад пайдо бўлади. Бунинг оқибатида ер юзида фасод тарқалади. Шунинг учун оятнинг давомида Аллоҳ таоло бандаларини бундан кескин огоҳлантиради:

«Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас». Ортиқча мол-дунё инсонни ибодатдан чалғитади. Натижада банда Аллоҳнинг бандаси эмас, мол-дунёнинг бандасига айланади, бойлик тўплаш, уни янада кўпайтиришга, у билан фахрланишга ружу қўяди. Бунинг оқибатида ер юзида шариат белгилаган адолат мезони бузилиб, бузғунчилик, фасод ишлар кўпаяди. Бузғунчилик эса дунёдаги энг аянчли, энг мудҳиш оқибатга – Аллоҳнинг муҳаббатидан мосуво бўлишга олиб боради. Зеро, Аллоҳ бузғунчиларни ёмон кўради.

Аллоҳ таоло бандасига берган мол-дунёни эзгу ишларга сарфлашни буюради. Ҳадиси шарифларда келганидек, бу дунё охиратнинг экинзоридир. Аллоҳ таоло инъом этган ҳар қандай имконият ва иқтидорни савоб ишларга, Аллоҳни рози қиладиган эзгу амалларга йўналтирсак, ўзимизга фойда. Такосур сурасида айтилганидек, ҳар бир инсон охиратда албатта, унга ато этилган неъматлар ҳақида савол-жавобга тутилади. Киши неъматлардан шариат буюрганидек, тўғри фойдаланган бўлса, мукофотга сазовор бўлади, борди-ю уларни бузғунчилик йўлида ишлатган бўлса, жазо ва уқубатга дучор бўлади. Шу билан бирга, киши исроф ва ҳаддан ошишга йўл қўймаган ҳолда ҳалол неъматлардан бемалол фойдаланиши, дунёдан ўз насибасини олиши ҳам динимизда мубоҳ саналган ишдир.

Read 841 times
Tagged under

Мақолалар

Top