Мақолалар

Пок йигитлар сардори

«“У (Юсуф) уйида бўлган аёл (Зулайҳо) ундан нафсини (қондиришини) талаб қилди ва эшикларни қулфлаб: “Қани кел!” деди. (Юсуф) деди: “Аллоҳ сақласин! Ахир, у (эринг) хожам-ку?! Менга яхши жой берган бўлса?! Золимлар, зотан, нажот топмаслар”. (Зулайҳо) унга мойил, у (Юсуфнинг дили) ҳам бунга мойил бўлганди. Агар Роббининг ҳужжатини кўрмаганда (бўлар иш бўлар эди). Шу тарзда ундан ёмонлик ва фаҳшни буриб юбордик. Албатта, у (дили) холис бандаларимиздандир”» (Юсуф, 24).

Барча пайғамбарлар гуноҳдан маъсумдирлар. Шунинг учун муҳаққиқ муфассирлар ўз тафсирларида Юсуф (алайҳиссалом)нинг ботил, ҳаром ишларга мойилликдан пок бўлганларини баён этганлар.

«“У (Юсуф) уйида бўлган аёл (Зулайҳо) ундан нафсини (қондиришини) талаб қилди ва эшикларни қулфлаб: “Қани кел!” деди».

«(Юсуф) деди: “Аллоҳ сақласин! Ахир, у (эринг) хожам-ку?! Менга яхши жой берган бўлса?!”» Мужоҳид, Ибн Исҳоқ ва Суддий каби кўплаб муфассирлар, таржимада “ҳожам” деб берилган, оятдаги “Роббий” калимасинидан мурод аёлнинг эри дейишган. Муфассир Зажжож эса, ундан мурод Аллоҳ таолодир деган. Юсуф (алайҳиссалом) Аллоҳ таолонинг ўзларига берган неъматларини эслаб, шунча неъматлар берган Зотга осийлик қилмасликларини айтганлар, деб тафсир қилган.

“Золимлар, зотан, нажот топмаслар”. Ўзига саноқсиз неъматлар берилган Зотга осий бўлган киши, ўз нафсига зулм қилган бўлади ва ундайлар, албатта, ҳалокатга йўлиқади.

(Зулайҳо) унга мойил, у (Юсуфнинг дили) ҳам бунга мойил бўлганди”. Маълумки, баъзи ҳолларда гаплар орасида тўхтамай, бир-бирига улаб сўзланганда, маъно ўзгариб кетади. Шунинг учун муфассирлар оятнинг (Зулайҳо) унга мойил” дейилган қисмида тўхтаб, тин олиб, кейин “у (Юсуфнинг дили) ҳам бунга мойил бўлганди. Агар Роббининг ҳужжатини кўрмаганда (бўлар иш бўлар эди), қисмини ўқиш керак, дейишади. Бундай ёмон-мункар ишни амалга ошириш йўлида ҳаракат қилиш гуноҳ ҳисобланади. Муфассирларнинг ёзишларича, Зулайҳонинг хоҳиши ана шундай бўлган.

Қалбга беихтиёр келган, аммо қасд ва ҳаракат қилинмаган хоҳиш, агар тилга чиқарилмаса ва у асосида иш тутилмаса, киши унинг учун гуноҳкор бўлмайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллалллоҳу алайҳи ва саллам): “Умматимнинг хаёлидан бирон нарса ўтганда, токи уни гапирмаса ёки амалга оширмасалар, Аллоҳ уларни кечириб юборади”, деганлар.

Абу Наср Қушайрий айтади: “Аллоҳ ризоси учун рўза тутаётган одам жазирама кунда муздек сувни кўриб қолса, табиий равишда ичкиси келади. Аммо имони рўза тутгани учун сув ичишдан қайтаради. Ўша одам сув ичишга мойил бўлгани учун гуноҳкор бўлмайди” (Қуртубий).

“Агар Роббининг ҳужжатини кўрмаганда (бўлар иш бўлар эди). Оятдаги “ҳужжат”дан мурод Юсуф (алайҳиссалом)нинг кучли иймони эди. Аллоҳ ўз бандаларини доим кузатиб турганлигини билиш, ундан қўрқиш, банда учун гуноҳлардан сақловчи қўрғондир. Зинонинг гуноҳи оғир ва оқибати шармандалик эканини билиш ва ундан сақланиш ҳақиқий иймоннинг мевасидир.

Муфассирлар оятдаги “ҳужжат” сўзи тафсирида бир неча ривоятларни келтиришган:
1. Оталари Яъқуб (алайҳиссалом) бармоқларини тишлаган ҳолатда кўриндилар ва кўксига уриб юбордилар.
2. Аллоҳ Юсуф (алайҳиссалом)га яхшилик қилаётган хожасини кўз олдига келтириб, ҳушёр қилди.
3. Хонада: “Албатта, сизларни назорат қилиб турувчи, амалларингизни ёзиб турувчи фаришталар бор”, деб ёзилган оятга кўзи тушди...” (Ибн Касир тафсири, 2-жуз).

“Шу тарзда ундан ёмонлик ва фаҳшни буриб юбордик”. Муфассирлар оятдаги “ёмонлик”ни шаҳват, “фаҳш”ни эса ношаръий жинсий алоқа деб ҳам тафсир қилишган. Баъзи муфассирлар: «Оятдаги “ёмонлик”дан мурод кишининг биродарига, яқинига хиёнат қилишидир», дейишган.

“Албатта, у (дили) холис бандаларимиздандир”. Юсуф (алайҳиссалом) бу тур ёмонликлардан ҳимоя қилинган, барча ишларини Аллоҳ таоло кўриб турганини биладиган, ихлосли ва танланган банда, пайғамбар эдилар. Аллоҳ таоло имонли, тақволи бандасини Ўзига дўст тутади ва гуноҳдан асрайди.

**  **  **

Бу оятдан аёлларнинг ёмон йўллардан қайтиши ор-номусли эркакларга боғлиқлигини билиб оламиз. Ҳа, йигитлар ориятли, илмли, шарму ҳаёли бўлиб тарбия топишлари, қиз болаларнинг тарбиясидан кўра аҳамиятлироқ. Лекин таассуфки, кейинги пайтда кўпчилик бунга эътибор бермай қўйди. Уларнинг фикрича, ҳаё ва ибо фақат хотин-қизларга хос. Шу сабаб, ўғил фарзандларининг баъзи беодобона қилиқлари ва беҳаё сўзларига эътибор бермай, бепарво қарашади. Бу, албатта, катта хато! Чунки одоб-ахлоқ барчага бирдек зарурий хислатлардир.

Аллоҳ таолодан қўрқиш ҳар бир яхшиликнинг кафолатидир. Жамиятнинг асоси бўлган оиланинг фаровонлиги, аҳиллиги, фарзандларнинг камоли ҳам эркакларимизга боғлиқ. Буни Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сўзлари ҳам тасдиқлайди: «Қиёмат кунида Аршнинг соясидан бошқа соя бўлмаган вақтда, Парвардигори олам етти (тоифа) кишини Ўз паноҳида асрайди... улардан бири, гўзал ва бадавлат аёл зинога чақирганида “Мен Аллоҳдан қўрқаман деб”, зинодан қочган одам...»

Аллоҳ таоло барчаларимизни тақволи ва ихлосли бандалардан қилсин. Ўзи адаштирмасин.

Read 999 times

Мақолалар

Top