Мақолалар

Закотни кимга берган афзал?

Cавол: Ота-она, ака-ука, опа-сингиллар ҳақиқатдан закот олишга ҳақли бўлса, уларга закот бериш мумкинми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Закотни ўзаро туғилиш алоқаси бўлганлар, яъни, ота-онаси, бобо-момоси, ўғил-қизлари ва уларнинг фарзандлари, эр-хотинлик алоқалари бўлганлар, яъни, эр ёки хотинга бериши мумкин эмас. Шунингдек, ўзга дин вакиллари, нисоб миқдорича моли бўлган кишиларга ҳам закот берилмайди.

Ака-ука, опа-сингилларга келсак, ушбу саволга мўътабар фатво китобларимизда бундай жавоб берилган: “Закот, фитр ва назрни беришда энг афзали аввало ака-ука, опа-сингиллар ҳисобланади. Сўнг уларнинг фарзандлари. Улардан кейин амаки-аммалар, сўнг уларнинг фарзандлари. Кейин тоға-холалар ва уларнинг фарзандлари, сўнг юқоридагилардан бошқа қариндошлар. Улардан кейин навбат билан қўшнилар, ҳамкасблар, ҳамшаҳарлар ёки қишлоқдошлар ҳақлидирлар” (Фатавои Ҳиндийя).

“Баҳрур роиқ” китобида: “Қарзи бор кишига закот бериш фақирга закот беришдан кўра афзалдир”, дейилган.

Демак, агар ака-ука ёки опа-сингиллар закот бериш нисобига эга бўлишмаса закот бериш учун энг афзал кишилар ҳисобланар экан. Закот беришни яқин қариндошлардан бошланса, ҳам Аллоҳ таолонинг буйруғи адо бўлади, ҳам қариндош-уруғлик ришталари мустаҳкамланади. Силаи раҳмга амал қилиш – Аллоҳ таолони рози қиладиган ишлардан биридир. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

 
Read 1208 times

Мақолалар

Top