Муносабат
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Рамазон ҳайити Аллоҳнинг раҳмат-мағфирати ёғиладиган, ажру мукофот бериладиган ва хурсандчилик айёмидир. Шундай файзли кунларга етказгани учун Ҳақ таолога шукроналар айтиб, халқимизга қут-барака, бахту саодат ва тинчлик-офият беришини сўраб, дуолар қиламиз.
Рамазон ойида юртимизга Аллоҳ таолонинг раҳмати янада зиёда ёғилади. Мўмин-мусулмонлар субҳидамда саҳарлик дастурхони атрофида жам бўлиб, дуолар қилишади. Файзли оқшомларда эса ифторликлар қалбларни сурурга тўлдиради, ҳамжиҳатликда таровеҳ намозлари адо этилади.
Юртимизда жорий Рамазон ойининг ҳам ғоят хушнудлик билан ўтгани кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир, десак, хато эмас. Бу борада давлатимиз раҳбарининг қарори қабул қилиниб, тегишли чора-тадбирлар кўрилиши юртимиздаги мўмин-мусулмонларга кўрсатилаётган эътиборнинг яна бир ифодасидир. Айниқса, ушбу айёмларда дам олиш кунларининг кўпайтириб берилаётгани халқимизни яна ҳам хурсанд қилиб, байрамни қариндошлар, дўсту оғайнилар билан муносиб тарзда ўтказишга имкон яратмоқда.
Мана шундай ишларнинг узвий давоми сифатида куни кеча Президентимизнинг “Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Ушбу қарорда белгиланган муҳим вазифалар байрам кайфиятини янада ошириб, муборак айёмни янада мазмунли ўтказиш учун шароит ҳозирлади. Бу эса ҳайитнинг юртимизда кўтаринки руҳда ўтишига асосий омил бўлмоқда.
Қайд этиш жоизки, Рамазон ойида аксарият юртдошларимиз рўза тутиш билан бирга, савоб амалларни кўпроқ бажаришга интилди. Ота-оналар, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар, кексалар, устозлар, беморлар ва муҳтожларнинг кўнгли олинди. Имконияти борларнинг эҳтиёжмандларга ҳиммати баланд бўлди. Аллоҳ таоло фарз қилган закотлар адо этилди, фитр садақаси ҳамда фидялар берилди.
Қутлуғ ойда 2 мингдан зиёд масжидда таровеҳ намози ўқилди, 1600 дан ортиқ жомеда 3 мингдан зиёд қорилар таровеҳ намозида Қуръони каримни хатм қилди. Мухлис халқимиз Ҳақ таоло Каломига сомеъ бўлди.
Масжидларда Қуръони карим хатмоналарини Рамазон ойининг 27 санаси — Қадр кечасида якунланиши янада файзу баракали бўлди. Ушбу тартибни жорий қилишдан мақсад юртдошларимизнинг Қуръони карим тиловатидан кўпроқ баҳраманд бўлишидир. Шу орқали ўлкамиздаги аксар масжидларда Қадр кечасида жамланган мўмин-мусулмонларимиз бир пайтнинг ўзида ҳам дуо, ҳам илтижо, ҳам Ҳақ таолога муножот қилдилар.
Аллоҳ таоло қутлуғ ойда халқимиз ҳаётида кўплаб хайрли ишларни насиб этди. Хусусан, бу йилги Моҳи Раҳмон ойида халқимиз қувонч билан эслаб юрадиган воқеликлардан бири мамлакатимиз бўйлаб ўтказилган ифторликлар ва Наманган вилоятидаги эҳсонда Президентимизнинг иштирок этганидир. Ушбу оқшомда юртимизнинг барча ҳудудида, вилоят, шаҳар ва туманлардаги маҳаллаю гузарларда ифторлик дастурхонлари ёзилиб, ёши улуғ, нуроний ва мўйсафидларнинг дуолари олинди. Шунингдек, Юртбошимизнинг ташаббуси билан ногиронлиги бор, эҳтиёжманд оилалар, Меҳрибонлик, “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшаётган кишилар ҳолидан хабар олиниб, уларга ифторликлар ташкил этилди, ҳадялар улашилди. Меҳрга муҳтож кўнгиллар шод этилди. Албатта, бундай хайрия тадбирларида саховатли инсонлар ва фаол имом-хатибларимизнинг жонбозлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Рамазон ҳайити ислом динининг учинчи рукни бўлмиш рўза ибодатининг адо этиш муносабати ила нишонланадиган катта қувончли воқеадир. Ийдул Фитрни дунё мусулмонлари қатори юртимиз аҳли ҳам катта шодиёна ва хурсандчилик ила ўтказади. Ушбу кун Яратган Эгамнинг раҳмати Ер юзига ёғиладиган, қалблар завқланадиган, рўзадорларга ажрлар бериладиган ажойиб фурсат.
Яратган Парвардигор бутун дунё мусулмонларига Рамазон ҳайити байрамини муборак айласин, бутун оламга тинчлик-хотиржамлик ато этсин, ибодатларимизни даргоҳида қабул қилсин, она-Ватанимизни янада обод, халқимиз ҳаётини фаровон айласин!
Муҳаммадолим МУҲАММАДСИДДИҚОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари.