Мақолалар

Таврот, Забур, Инжил ва Фурқонда ҳаром қилинган амал

Зино ахлоқсизликлар ичида энг жирканчидир. У жамиятни маънавий инқироз сари етаклайди. Зино инсонийлик кушандасидир. Шариатимиз аҳкомларида бу иллатнинг гуноҳ экани барчага маълум.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бандаларни нафақат зинодан, балки унга яқин боришдан ҳам қайтаради: Фаҳш–бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг(Анъом сураси, 151-оят).

Зино ҳар қандай соғлом фикрли инсон тафаккурида – у мусулмон бўлсин ёки бошқа динда бўлсин, қабиҳ ахлоқсизликлар жумласидан саналади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло томонидан юборилган барча самовий аҳкомларда зино гуноҳ эканлиги таъкидланган.

Аллоҳ таоло зинони Тавротда, Забурда, Инжил ва Фурқоннинг кўп оятларида ҳаром қилган. У катта гуноҳдир, у билан инсонларнинг ҳурмати оёқ ости бўлади, насаблар аралашиб кeтади.

Ривоят қилинишича, Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Ҳурматимни топташлари мeнга ёқмайди, мeнинг ўзим ҳам ҳeч кимнинг ҳурматини оёқ ости қилмайман”, дeган ва ўзи жоҳилият пайтларида ҳам зино қилмаганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Зинокор зино қилаётган вақтида мўмин бўлмаган ҳолида зино қилади. Ўғри ўғрилик қилаётган вақтида мўмин бўлмаган ҳолида ўғрилик қилади. (Ичувчи) хамр ичаётган вақтида мўмин бўлмаган ҳолида ичади” (Муттафақун алайҳ).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Агар киши зино қилса, иймон ундан чиқади ва унга соябон каби бўлади. Агар (зинодан) бош тортса, иймон унга қайтади” (Абу Довуд, Термизий, Ҳоким ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки зино қилса ёки хамр ичса, худди инсон бошидан кўйлагини ечиб олгандек, Аллоҳ ундан иймонни ечиб олади” (Ҳоким ривояти).

Зино инсонга дунёда ҳам, охиратда ҳам кўпгина мусибатлар олиб келади. Жумладан, кишининг тақвосини сўндиради, обрўсини кетказади, ҳаёни барбод қилади, юздан нурни сўндиради, қалбни қорайтиради. Зино фақирликни келтиради, Яратганнинг ҳузурида ҳам, бандаларнинг орасидан ҳам ҳурмати кетади.

Зинокордан “ҳаёли”, “одобли”, “одил” деган номлар ўчиб, ўрнига “зинокор”, “фожир”, “фосиқ”, “хоин” деган номлар тамғаланади, ҳаловати кетади, одамлар унга ишонмай қўяди, қалби тораяди ва юраги сиқилади.

Имом Аҳмад Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир ёш йигит келиб:

-        Ё Аллоҳнинг Расули! Менга зино қилишга рухсат беринг, – деди. Унинг бу сўзига одамлар ҳайқириб юборишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса:

-        Уни яқинроққа келтиринглар, – дедилар. Йигит яқин келди. – Ўша нарсани онангга раво кўрасанми?

-        Йўқ! Аллоҳ мени Сизга фидо қилсин! – деб жавоб берди йигит.

-        Бошқалар ҳам оналарига ўша ишни раво кўрмайдилар. У ишни қизингга раво кўрасанми? – деб сўрадилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

-        Йўқ! Аллоҳ мени Сизга фидо қилсин! – жавоб берди йигит.

-        Шундай. Одамлар ҳам у ишни қизларига раво кўрмаслар. Синглингга шу ишни раво кўрасанми?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шу зайлда йигитнинг аммаси, холасини сўрадилар. Йигит ҳар сафар “Йўқ! Аллоҳ мени Сизга фидо қилсин!” дер эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам “Шундай. Одамлар ҳам уни раво кўрмаслар” дер эдилар.

Сўнг муборак қўлларини унинг кўкрагига қўйиб:

“Аллоҳим! Унинг қалбини поклагин, гуноҳини кечиргин, фаржини асрагин!” деб дуо қилдилар. Шундан сўнг йигитнинг энг ёмон кўргани зино бўлиб қолди.

Аллоҳ таоло бу иллатдан қиёматга қадар келадиган жамики авлоду зурриётларимизни Ўзи асрасин.

 Шаҳобиддин ПАРПИЕВ,

Асака туманидаги “Муҳаммадсолиҳ” жоме масжиди имом-хатиби.

Read 1091 times
Tagged under

Мақолалар

Top