Мақолалар

Расулуллоҳнинг ногирон бир кишига меҳрибонликлари

Абдуллоҳ ибн Абу Авфодан ривоят қилинади:

Мадинада бир ногирон киши бор эди. У яқинларига: “Мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга борадиган йўлга қўйинглар”, деди. Ногирон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларига қўйилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидга борсалар, унга салом берар эдилар.

Ногирон кишининг яқинлари уни оиласига қайтариш учун келсалар у: “Йўқ, Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт эканлар, мен бу ерни тарк этмайман. Мен учун шу ерда бир кулба қуриб беринглар”, деди. Унга кулба қуриб бердилар. Ногирон шу жойда яшай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар сафар масжидга борганларида, уйчага кириб, ногирон кишига салом берар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бирор таом берилса, ундан ногирон кишига ҳам юборар эдилар.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдик. У зот алайҳиссаломнинг олдиларига биров келиб, ногирон кишининг вафот этганини етказди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан турдилар, биз ҳам у зот билан бирга турдик. Кулбага яқинлашганларида, саҳобаларига: “Мендан бошқа бирор киши кулбага яқинлашмасин!” дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга яқин келдилар. У ерда Жаброил алайҳиссалом ногирон кишининг бошида ўтирган эди. Жаброил алайҳиссалом: “Ё Аллоҳнинг Расули! Агар Сиз келмаганингизда, ўрнингизга унинг (марҳумнинг ювиш) ишини биз бажарар эдик. Аммо сиз келдингиз ва бунга сиз ҳақлироқсиз”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, ўз қўллари билан уни ювдилар, кафанладилар ва унга жаноза ўқиб, қабрга қўйдилар”.

 Абд Ибн Ҳумайд Кешийнинг "Муснади Кеший" асаридан.

Read 1055 times

Мақолалар

Top