Мақолалар

Исломий фиқҳ академияси қандай нуфузга эга?

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари мусулмон дунёсида катта мақомга эга бўлган Исломий фиқҳ академиясига қабул қилинганлари ҳақида олдин хабар берган эдик

Таъкидлаш керакки, ушбу эътироф Муфтий ҳазратлари фаолиятлари давомидаги учинчи нуфузли ташкилотга қабул қилинишларидир. Аввал Халқаро мусулмон уламолари кенгаши, Мусулмон донишмандлар кенгаши аъзоликларига қабул қилинганлари ҳақида маълумот берган эдик.

Муҳтарам мухлисларга, Исломий фиқҳ академиясининг тузилиши, мақсад ва вазифалари ҳақидаги маълумотларни эътиборингизга ҳавола этамиз. 

Исломий фиқҳ академияси – Ислом олами уюшмаси (Робитат ал-олам ал-исломий)га қарашли Ислом дунёсининг таниқли фақиҳ ва етук уламоларидан ташкил топган мустақил, юридик мақомга эга бўлган нуфузли илмий ташкилотдир.

Академия 1977 йил 10 декабрда ташкил этилган. Унинг қароргоҳи Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида жойлашган.

Академиянинг мақсадлари:

Исломий фиқҳнинг эътироф этилган манбаларидан бутун дунё мусулмонлари дуч келаётган замонавий муаммолар, таҳдидлар ва юзага келаётган долзарб муаммоларга оид ҳукмларни ишлаб чиқиш;

Ислом фиқҳининг кенг қамровлилигини ва унинг мусулмонлар олдида турган масалаларни ҳал қилишдаги аҳамиятини кўрсатиш;

Ислом фиқҳий меросини тарғиб қилиш ва қайта талқин қилиш, атамаларига аниқлик киритиш ҳамда уни давр тили, тушунчаларига мослаштириш;

Исломий фиқҳ соҳасидаги илмий тадқиқот ва изланишларни рағбатлантириш, ишлаб чиқилган фиқҳий тадқиқотлар, ечимларни оммалаштириш.

Исломий фиқҳ академияси ўз мақсадларига эришиш учун барча мавжуд қонуний воситалардан фойдаланади, жумладан:

Ислом олами олдида турган, ўрганишни талаб қиладиган масалаларни кузатиб бориш учун ахборот марказини ташкил этиш;

Ҳуқуқ билан шуғулланувчилар учун ўқиш ва амалиётда фиқҳий атамаларга аниқлик киритувчи ва уларни осонлаштирадиган ҳуқуқшунослик ва унинг фанлари бўйича луғатлар ишлаб чиқиш;

Ҳуқуқшуносликка оид илмий журнал чиқариш, Академиянинг энг муҳим тадқиқотлари, муҳокамалари ва қарорларини етказиш ҳамда уларни турли тилларга таржима қилиш;

Академия билан Ислом оламидаги турдош илмий марказлар ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, улар билан илмий ва интеллектуал алмашинувни йўлга қўйиш;

Замонавий муаммолар бўйича илмий семинарлар ўтказиш ва унга мутахассисларни жалб этиш;

Кенгаш қарорлари, тавсиялари ва тадқиқотларини таржима қилиш ва уларни барча мумкин бўлган воситалар, жумладан, интернет, сунъий йўлдош каналлари ва газеталар орқали нашр этиш.

Исломий фиқҳ академияси раҳбарияти ва аъзо уламолари

Академия президенти – Саудия Арабистони Подшоҳлиги Бош муфтийси Шайх Абдулазиз бин Абдуллоҳ Ол Шайх.

Академия вице-президенти – Ислом Олами Уюшмаси Бош Котиби Шайх Доктор Муҳаммад Абдулкарим ал-Исо.

Исломий фиқҳ академияси Бош котиби – Шайх Доктор Абдураҳмон бин Абдуллоҳ аз-Зайд

Академиянинг энг фаол аъзолари:

1. Шайх Доктор Солиҳ бин Абдуллоҳ Ҳумайд, Масжидул Ҳаром имом-хатиби (Саудия Арабистони)

2. Шайх Доктор Шавқий Иброҳим Аллом, Миср диёри муфтийси (Миср Араб Республикаси)

3. Шайх Абдуллоҳ бин Байя, Шаръий фатволар кенгаши раиси (Бирлашган Араб Амирлиги)

4. Доктор Қутб Мустафо Сану, Жидда шаҳридаги Халқаро ислом фиқҳи академияси раиси (Саудия Арабистони)

5. Шайх Нуриддин Холиқназар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий (Ўзбекистон)

6. Шайх Доктор Исламу Валад Саййид ал-Мустафо, Фатво ва шикоятлар бўйича Олий кенгаш раиси (Мавритания)

7. Доктор Қози Аҳмад Забин Атийя, Иршод ва вақф вазири (Яман)

8. Шайх Доктор Мифтаҳ ал-Ахёр Абдулғани, “Наҳдатул уламо” жамияти раиси (Индонезия)

9. Шайх Доктор Яҳё Халил Сатақов, “Наҳдатул уламо” жамияти бош ижрочи раҳбари (Индонезия)

10. Шайх Доктор Аҳмад Муҳаммад Иъбодий, “ал-Муҳаммадия” уламолар уюшмаси Бош котиби (Марокаш)

11. Шайх Доктор Аҳмад Ҳасан ат-Тоҳа, Ироқ фиқҳ академияси раиси (Ироқ)

12. Шайх Муҳаммад ал-Маҳий Иброҳим Нияс, Африка ислом уюшмаси раиси (Сенегал)

13. Шайх профессор Сажид Мийр, “Аҳлул ҳадис” жамияти катта раҳбари (Покистон)

14. Шайх Шаъбон Рамазон Мубажий, Уганда муфтийси (Уганда)

15. Шайх Иброҳим Солиҳ ал-Ҳусайний, Ислом ишлари Олий кенгаши фатво ҳайъати раиси (Нигерия)

16. Шайх Доктор Аҳмад Муҳаммад Халил, Қозилик идораси раиси (Иордания) 

17. Шайх Асғарали Имом Маҳдий, “Аҳлул ҳадис” марказий жамияти бошлиғи (Ҳиндистон)

18. Шайх Доктор Абдуллатиф Файз Дарян, Ливан муфтийси (Ливан)

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 862 times

Мақолалар

Top