Мақолалар

Боланинг руҳияти ва хулқ тарбияси.

Болалар тарбиясига доир фойдали маслаҳатлар

Боланинг руҳияти. Болани чўчитиб юборадиган ҳар қандай шовқин-суронли овоз, қаттиқ тортишув ва саросимага солувчи ҳаракатлардан авайлаш лозим. Негаки бу нарса унинг ҳали заиф бўлган ақлий қувватининг бузилиши ва вояга етганда ундан фойдалана олмай қолишига олиб келиши мумкин. Борди-ю шу нарсалардан бири содир бўлгудек бўлса, шу заҳоти унинг зиддини пайдо қилиш ва ўша нарсани унуттирадиган нарса билан уни овутиш керак. Уни нотинч қилган нарса қуввайи ҳофизасида ўрнашиб қолиб, кейин кетиши қийин бўлмаслиги учун дарҳол унга кўкрак тутиб, эмизиш лозим бўлади. То ухлагунча латиф ҳаракат билан уни бешикка беланади ва у безовталикни унутади. Бу нарсага бепарво қарамаслик керак. Чунки бунга бепарво бўлиш унинг қалбида қўрқоқлик ва ҳуркаклик имконини очиб қўяди-да, у шу ҳолда улғаяди, кейин уни кетказиш қийин бўлади ёки умуман иложи бўлмайди.

Эмизувчи аёл болани сутдан чиқармоқчи бўлса, аста-аста овқат бериб бориши ва уни тўсатдан бир дафъада кўкракдан ажратмаслиги лозим. Ўрганиб қолган ҳолат ва одатдан бирданига кўчиш болага зиён қилгани боис, уни овқатга кўниктириб, ўргатиб борилади.

Болаларни таомга тўйиб олишлари ва кўп еб-ичишларига йўл қўйиб қўйиш уларга яхши қарамасликдандир. Энг фойдалиси, яхши ҳазм бўлиши ва хилтлари мўътадил бўлиши учун ҳамда таналарида чиқитлар озайиб, жисмлари соғлом бўлиши учун уларга тўйиб кетмайдиган даражада таом беришдир. Шу билан озиқ моддаларида кераксиз чиқитларнинг озлиги туфайли касалликлари озаяди.

Табиблардан бири қайсидир қавмни зикр қилиб, айтади: «Мен болаларни тўйиб кетмайдиган даражада овқатлантирадиган қавмни мақтайман. Шу сабабли уларнинг қоматлари ўсади, жисмлари мўътадил бўлади ҳамда бошқаларда бўладиган куззоз (ёки кузоз – қаттиқ совуқдан бўладиган касаллик ёки ундан бўладиган дийдираш) ва юрак оғриғи каби хасталиклар уларда оз бўлади». У яна айтади: «Агарда бола жисми кўркам ва қомати текис, букчаймаган бўлишини хоҳласанг, уни кўп тўйишдан сақла. Негаки бола овқатга тўйса, шу соатдан бошлаб кўп ухлайди ва бўшашади, қорни дам бўлади ва ғализ (қаттиқ) ел келади».

Жолинус айтади: «Мен гўдакларни совуқ сув ичишларидан асло тўсмайман. Балки кўпинча таомдан кейин ҳамда ёз пайтлари иссиқ бўлганда кўнгиллари тусаса, уларни сув ичишга қўйиб қўявераман». Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Бунинг сабаби уларда кучли табиий иссиқлик мавжудлигидадир. Бу пайтларда, айниқса, таомдан кейин сув ичишлари уларга зиён қилмайди. Шундай экан, ҳарорат кўтарилиши билан чанқоқни кўтара олмаганлари учун уларга бирор миқдорда сув ичишга имкон бериш зарур».

Ҳушёр бўлиш лозим бўлган нарсалардан яна бири, болани вақти келмай туриб юришга мажбурлашдир. Чунки бу оёқлари заифлиги, буни қабул қилолмаслиги туфайли унинг қийшиқ бўлиб қолишига олиб келади.

Бола муҳтож бўлган қусуқ, уйқу, таом, ичимлик, аксириш, пешоб, қон чиқиши каби нарсаларни тўсиб қўйишдан жуда эҳтиёт бўлмоқ даркор. Негаки бу нарсаларни тўсиб қўйиш гўдакка ҳам, каттага ҳам ёмон оқибатлар олиб келади. Валлоҳу аълам.

Хулқ тарбияси. Гўдак ғоятда муҳтож бўлган нарсалардан бири унинг хулқига эътибор беришдир. Чунки у ёшлигида тарбиячиси ўргатган хулқлар билан ўсиб-улғаяди. Жумладан, тажанглик, аччиқланиш, уришқоқлик, шошқалоқлик, енгилтаклик, пала-партишлик, қўрслик, очофатлик каби одатлар борки, катта бўлганда буларни ташлаш қийин бўлади ва бу хулқлар унда мустаҳкам ўрнашган сифат ва хулққа айланиб қолади. Одам гарчи жуда ҳушёр бўлиб юрса ҳам, бу одатлар бир куни албатта уни шарманда қилади. Шу туфайли аксар одамларнинг эгри хулқлар билан қолганларини кўрасиз. Бу нарса уларни ўстириб-ундирган тарбия натижасидир.

Шунингдек, бола эсини таниганда уни беҳуда (лағв), ботил ишлар ва қўшиқ мажлислари, бидъат ва ёмон гап-сўзлардан узоқ қилиш вожибдир. Агарда булар унинг қулоқларига илашиб қолса, улғайганда улардан ажралиши оғир бўлади ва болани улардан халос қилиш тарбиячисига қийин кечади. Зеро, одатларни ўзгартириш энг қийин ишлардандирки, унинг соҳиби ўз хулқида ўзига мутлақо бегона иккинчи бир табиатни пайдо қилишга муҳтож бўлади. Табиат ҳукмидан чиқиш эса, ўта оғирдир. Боланинг валийси (тарбиячиси) уни бошқалардан нарса олишдан жуда йироқ сақлаши керак. Бола қачон олишга одатланса, бу унга табиат бўлиб қолади ва бериш эмас, олишга ўрганиб улғаяди. Болани бериш, улашишга одатлантириш лозим. Қачонки валий бировга нарса бермоқчи бўлса, боланинг қўли орқали берсинки, бола бериш ҳаловатини туйсин.

Болани ёлғончи ва хиёнатчи бўлишдан жуда қаттиқ сақлаш керак. Агарда валий болага ёлғон ва хиёнат йўлини қулайлаштириб қўйгудек бўлса, унинг дунё ва Охират саодатини барбод этган, уни ҳамма яхшиликдан маҳрум этган бўлади. Болани ялқов, бекорчи, эринчоқ ва роҳатда бўлишга қўйиб қўймаслик, балки уни буларнинг зидди билан тутиб турмоқ керак. Унга фақат қиладиган машғулоти учун нафси ва баданини жамлаб оладиган даражада дам бермоқ керак. Зеро, дангасалик ва бекорчиликнинг ёмон оқибатлари бор. Меҳнаткашлик ва толиқишнинг хоҳ дунёда, хоҳ охиратда, хоҳ уларнинг ҳар иккисида бўлсин, мақтовли натижалари бордир. Инсонларнинг энг роҳатлиси энг толиққанидир, инсонларнинг энг кўп толиққани энг роҳатдагисидир. Дунё неъматлари ва Охират бахт-саодатига фақат толиқиш кўпригидан ўтиб эришилади. Яҳё ибн Абу Касир дедилар: «Илмга жисмнинг роҳати билан эришилмайди».

Болани ортиқча овқатланиш, ошиқча гапириш ва кўп ухлашдан, одамларга кўп қўшилишдан йироқ қилмоқ керак. Зеро, зиёнкорлик мана шу нарсаларнинг керагидан ортиғидадир. Булар бандани дунё ва Охират яхшилигидан қолдиради.Уни қорни ва фаржига тааллуқли шаҳватлар зараридан бағоят узоқ қилмоқ керак. Бу зарарларни келтириб чиқарадиган омилларга йўл очиб қўйиш болани шундай айнитадики, кейин уни тузатиш оғир бўлади.

Қанчадан-қанча одамлар ўз фарзанд ва жигарбанд-ларини ўз ҳолларига бепарво ташлаб қўйиш, одоб-тарбия бермаслик ва хоҳиш-истакларини қондиришга ёрдам бериш билан дунё ва Охиратда бахтсиз қилганлар. Ҳолбуки, улар болани эъзозлаяпмиз, деб ўйлашарди, бироқ уни хорладилар, унга раҳм-шафқат қиляпмиз, деб ўйлашарди, бироқ унга зулм қилдилар ва яхшиликдан маҳрум этдилар. Шу билан фарзандларининг ота-онага келтириши мумкин бўлган манфаатларини ҳам қўлдан бой бердилар ва болаларни дунёю Охиратдаги насибасидан маҳрум этдилар. Болалардаги фасодга эътибор қилсангиз, унинг кўпи аслида оталар томонидан эканини кўрасиз.

Боланинг ақлини кетказадиган ва маст қиладиган нарсаларни истеъмол қилишидан қаттиқ сақламоқ лозим. Шунингдек, бузуқлиги маълум, гап-сўзлари-ю хулқида зарарли жиҳатлар сезилиб турган кимса билан суҳбатлашишдан болани жуда-жуда эҳтиёт қилмоқ керак. Кимки унга бу нарсаларнинг йўлини қулай қилиб очиб қўйган бўлса, даюсликни ўзига ўзи раво кўрган бўлади. Даюс жаннатга кирмайди. 


Оталар ўз болаларига лоқайд ва бепарво бўлишлари, кийим-кечакларни олов учқунлари осон сачрайдиган ерга қўйиб қўйиш кабидир. Бепарволик шунақа иллатки, болани бунчалик бузадиган ҳеч нарса йўқ. Оталарнинг сусткашлик қилиб, Аллоҳ ҳақларини адо этмаганликлари ва Аллоҳ уларга вожиб қилган манфаатли илм ҳамда солиҳ амалдан юз ўгирганликларининг оқибати шу бўлдики, улар ўз фарзандларидан манфаат топа олмадилар. Фарзандлар ҳам оталарининг яхшилиги ва уларнинг манфаатидан маҳрум бўлдилар. Бу оталарнинг жазосидир.

Муслим Атаев,

тарих фанлари номзоди,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими

 

Read 7206 times

Мақолалар

Top