Мақолалар

Одамларни яхшиликка буюрасиз-у, ўзингизни унутасизми?!

Яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг вазифасидир. Бу ҳақда Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан ким ёмон, мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, тили билан ҳам монелик қила олмаса, унда қалби билан қайтарсин, ана ўша имоннинг заифлигидир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарувчи умматлари энг яхши уммат бўлди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Одамларга чиқарилган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз, (эй, мусулмонлар!) зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз” (Оли Имрон сураси, 110-оят).

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ яхшиликка чақирувчида қуйидаги хислат ва фазилатлар жам бўлиши лозим дейди:

1. Аввало яхшиликка чақиришдан мақсад – Аллоҳ таолонинг розилиги бўлиши.

2. Илм. Чунки илмсиз қилинган амри маъруф одамларнинг қалбига етиб бормайди.

3. Шафқат, мулойимлик билан дўстона насиҳат қилмоқ. Аллоҳ таоло Мусо ва Хорун алайҳимуссаломни Фиръавнга юборганида бундай буюради: “Бас, унга юмшоқ сўз айтингиз! Шояд, у эслатма олса ёки (ҳалок қилишимдан) қўрқса” (Тоҳо сураси, 43-оят).

4. Сабрли ва ҳалим бўлиш. Аллох таоло Луқмон алайҳиссалом қиссасида: “...яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил!” деб марҳамат қилган.

5. Амри маъруф қилувчи аввало айтган сўзига ўзи амал қилиши. Қуръони каримда: “...одамларни яхшиликка буюрасиз-у, ўзингизни унутасизми?!” дейилган.

Аллоҳ таоло яхшиликка тарғиб этувчи бандаларини мадҳ этади, уларга Ўз раҳмати ва марҳамати нозил бўлиши башоратини беради: “Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намоз(лар)ни баркамол адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этадилар. Айнан ўшаларга Аллоҳ марҳамат кўрсатур. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир” (Тавба сураси, 71-оят).

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 892 times

Мақолалар

Top