Мақолалар

Дуонинг кучи

Соҳибқирон бобомизнинг “Темур тузук­лар”ида бун­дай дейилади: “... Дуогўй кишиларни қадрлар­дим. Улар билан хилватда суҳбат қуриб, кўнглим­даги мақсадимни айтиб, дуо тилардим. Мажлисларда, базмларда, жанг майдонла­рида улардан кўп баракотлар топдим. 

Тўхта­мишхон билан бўлган жангда ғаним лашкари кўплигидан ва менинг лашкарим эса озлигидан кўп азият тортган эдим. Шу пайт соҳиби дуо бўлмиш Мир Зиёвуддин Сабзаворий бошидан салласини олди, қўлларини дуога очиб (мен учун) Тангридан зафар тилади. Ҳали дуосини тугатмай туриб, дуо таъсири кўриниб, (лашкарим ёғийни қочирдилар)”.

Китобда яна бир ўринда бундай дейилади: “Саройим ҳарамидагилардан бири қаттиқ оғриб, ўлими яқинлашди. Дуогўй саййидлардан ўн икки киши йиғилишиб келдилар. Ҳар бирлари дуо қилди ва у соғайиб яна ўн икки йил яшади”, деб ёзганлар.

Ўз даврининг етук илм соҳибларидан бири Мир Саййид Барака ҳам Соҳибқироннинг руҳий раҳнамоси – пири бўлган. Ибн Арабшоҳнинг “Ажойибул мақдур...” аcаридан олинган иқтибосга кўра: “...Темур доимо: салтанатда эришган жамики нарсам ва мустаҳкам маконларни фатҳ қилишим – булар ҳаммаси Шайх Шамсуддин ал-Фохурий (Шамсиддин Кулол)нинг дуоси; шайх Зайниддин ал-Хавофий (Зайниддин Абу Бакр Тойбодий)нинг ҳиммати ва барча баракотларим эса фақат Саййид Барака ёрдамида бўлган”, деган (К. Каттаев. “Гўри Амир мақбараси ва қабртошлари тарихи”, 88-бет).

Соҳибқирон васиятига кўра, пирлари Саййид Бараканинг оёқ томонига кўмилганида ҳам ҳикмат бор. Зеро, Амир Темурнинг: “Азиз авлиёлар, саҳобалар мақбараларини, қутлуғ қадамжоларни зиёрат этмоқни ҳам фарз, ҳам қарз деб билур эдим”, дея таъкидлари юқоридаги баёнларнинг мантиқий давомидир. Бинобарин, бу эзгуликларнинг барчасидан мурод дуо экани ҳам сир эмас.

Шоҳ ва шоир Бобур Мирзо ҳаётида ҳам дуонинг нақадар муҳим бўлганини кўрамиз. У ўғли Ҳумоюн оғир хасталикка чалинганида унинг дардини ўзига олиш учун атрофини айланиб дуо қилади. Дуоси ижобат бўлиб, ўғли соғаяди... 

Суюндик Мустафо НУРОТОИЙ


"Ҳидоят" журналининг 2024 йил 2-сонидан олинди

Read 1019 times

Мақолалар

Top