Мақолалар

Эмизикли гўдак сутни қусиб юбориши кийимни нопок қиладими?

Cавол: Эмадиган гўдак баъзида ичган сутини қусиб юборади. Мана шу қусуқ кийимни нопок қиладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Фиҳқий китобларимизда инсоннинг оғиз тўла қусиши таҳоратни синдириши ва ушбу нарса қаерга текса ўша жойни нажосат қилиши айтилган. Ёш боланинг қусиши ҳам шундай ҳукмда бўлади. Агар гўдак оғиз тўла қусган бўлса, у теккан нарса нопок бўлади. Агар гўдак оғиз тўла қусмаса, у теккан жой нажосат бўлмайди. Бу ҳақда “Раддул муҳтор” китобида бундай дейилган:

“Қусуқ оғир нажосат ҳисобланади. Гўдак эмган заҳоти қусиб юборса ҳам нажосат бўлади. Чунки унинг сути нажосатга аралашган бўлади. Тўғри фатво шудир. Имом Ҳалабий ҳам бу масални китобларида келтирганлар”.

Бу мавзуда “Фатҳул қодир” китоби соҳиби ҳам бундай деганлар: “Гўдак эмгандан кейин қусди ва қусуқ онанинг кийимига тегди. Агар оғиз тўла қусган бўлса, қусуқ нажосат ҳисобланади. Агар ушбу қусуқ она кийимига дирҳам миқдори (ўртача танга миқдори)дан кўп тегса, бу кийим билан намоз ўқиш ман қилинади”.

“Эмизикли гўдак сут қусса, ҳукми бошқа қусуқлар билан бир хил: Оғиз тўла бўлса, нажосат, оғиз тўла бўлмаса, нажосат саналмайди” (“Мухтасар фил фиқҳий ҳанафий” китоби). Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Read 973 times
Tagged under

Мақолалар

Top