Мақолалар

Ёмон гумонга борманг!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эътикоф ўтирган эдилар. Кечаси София розияллоҳу анҳо онамиз у зотнинг зиёратларига бордилар, бироз гаплашишди, сўнг София онамиз уйларига кетмоқчи бўлдилар. Набий алайҳиссалом кузатгани турдилар.

Шунда ансорийлардан икки киши ўтиб қолди. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлари билан тезлаб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шошилманг, бу аёлим Софиядир”, дедилар.

“Субҳаналлоҳ! Ё Аллоҳнинг Расули!” дейишди. Яъни сизга ҳеч қачон шубҳа қилмаймиз. Сиз Аллоҳнинг пайғамбарисиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, шайтон инсоннинг қон юрар жойида юради. Мен у сизнинг қалбингизга бирор нарсани ёки ёмонликни отишдан қўрқдим”, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисларидан жуда кўплаб сабоқлар олиш мумкин.

Биринчидан, одамларнинг фикрига ёмон ҳаёллар келиб турар экан. Шуни билишимиз керакки, шайтон инсонни ёмон фикрлар билан ғўзғатади. Бир жойда бир танишингизни кўриб, дарҳол у ҳақда ёмон гумонга борманг, чунки аслида унинг нияти бутунлай бошқа бўлган бўлиши мумкин. Шуни асло унутмангки, шайтон инсонни ёмон йўлга бошлаш учун доимо васваса қилиб, ёмон фикрларга ундайди.

Иккинчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини ёмон гумонга тушиб қолишдан қайтарганлар. Шунинг учун, “хотиржам бўлинг, бу менинг аёлим София” деб ҳатто саҳобаларда ёмон фикр туғилмаган бўлса ҳам, уларни турли гумонга бормасликларининг олдини олдилар.

Ҳамиша яхши гумонда бўлиш кишилар ўртасида дўстлик ва ишонч ришталарини мустаҳкамлайди. Ёмон фикр инсонлар орасида кенг тарқалган хавфли касалликдир. Ҳатто баъзан эркак киши шайтоннинг васвасаларига учиб, ўз аёлига ҳам шубҳа билан қараб, жосуслик қилади. Натижада, орада ишонч йўқолади.

Баъзилар ён-атрофидаги барча одамларга шубҳа билан қарайди. Улар нима иш қилишса, ҳаммасини таҳлил қилади. Биз ҳамиша атрофимиздаги барча нарсага яхши гумон билан қарашга одатланишимиз лозим.

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 821 times

Мақолалар

Top