Мақолалар

ЯХШИЛИКНИ КЕЧИКТИРМАНГ!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай сўзлари бор: "Агар қиёмат бўлиб қолса, биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин". Бошқа бир ривоятда эса: "Ким бир кўчат экса, ундан одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади", дейилган (Имом Бухорий ривояти). Яъни, Ҳазрати Расули акрам алайҳиссалоту вассалом, мўмин одам яхшиликни кечиктирмаслик керак эканини, қолаверса, биронта кўчат ёки дарахт экиши ортидан, гарчи ўзи фойдаланмаса-да, ўзгалар баҳра олиши боис, унга ҳам ажрлар етиб туришини жуда ҳам нозик ҳикмат бирла етказдилар. Ушбу ҳадисдаги маънолардан келиб чиқиб, бугунги кунда юртимиз узра "Яшил макон" умуммилий лойиҳаси остида бир қанча хайрли ишлар қилинмоқда. Мазкур хайриятлардан руҳланиб, вилояти ҳокимининг Жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Жамшид Хатамов ва вилоят бош имом-хатиби Мусохон домла Аббасиддиновлар бошчилигида туманимиздаги барча имом-домлалар ва отинойилар, Муборак Рамазон ойида Поп "Мурувват уйида" синиқ кўнгилларга шодлик улашиш мақсадида ифтор уюштириш баробарида, ҳашар ташкил этиб, 100тадан зиёд арча дарахтидан экиб, мўъжазгина боғ барпо қилинди.

Кези келганда айтиб ўтиш керак, қанчадан қанча инсонларнинг меҳнати синган, яхши ниятлар билан барпо этилаётган мана шундай экинзорларга зарар етказиш, мол, қўй ва шу каби чорва ҳайвонларни қўйиб юбориш, ёки экиб қўйилганидан кейин парвариш қилмасдан бепарво бўлиш, мендан кетгунча, эгасига етгунча қабилида иш тутиш бу гуноҳ саналади. Зеро, динимизда инсон ўзига ва ўзгаларга зарар бериши қораланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Исломда зарар бериш ҳам, зарарланиш ҳам йўқ", деган гаплари мусулмончиликдаги энг улуғ шиорлардан бири ўлароқ, ўзини мусулмонман деган ҳар-бир одамнинг қалбида янграб туриши лозим. Шундай экан, мўмин одам биродарининг меҳнатининг қадрига етиш керак.

Аллоҳ таоло мана шундай гўзал ишларни устида турган халқимизни Ўз паноҳида асрасин!

Қодиржон Умурзаков,
Поп тумани "Муҳаммаджон қори" жоме
масжиди имом-хатиби

Read 924 times

Мақолалар

Top