Мақолалар

Айтгин, амал қилсинлар…

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Сен: «Амал қилинглар! Бас, албатта, Аллоҳ, Унинг Расули ва мўминлар амалингизни кўрарлар. Ва, албатта, ғайбни ва шаҳодатни билгувчи зотга қайтариласизлар. Бас, У сизларга қилиб юрган амалларингизнинг хабарини берадир» деб айт” (Тавба сураси, 105-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло бизга амал қилиш кераклигини, олдимизда бирор муаммо ёки қийинчилик чиқса таслим бўлиб, тўхтаб қолмаслигимиз лозимлигини ўргатмоқда.

Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло бундай дейди: “Сен Иймон келтирган бандаларимга айтгин, намозни тўла-тўкис адо эцинлар. Савдо-сотиқ, оғайнигарчилик йўқ бўлган Кун келмасидан олдин уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан махфий ва ошкор инфоқ қилсинлар” (Иброҳим сураси, 31-оят).

Аллоҳ таоло мўминларга энг аввало намозни тўкис, барча рукнларига амал қилган ҳолда ва ўз вақтида адо этишни буюрмоқда. Кейин эса қиёмат келмасидан туриб Аллоҳ берган нарсалардан атрофдагиларга хоҳ ошкора, хоҳ махфий инфоқ-эҳсон қилишни амр қилди. Араб тилидаги “эҳсон” сўзининг маънолари кўп.

“Эҳсон” деганда одатда бировга бирор неъматни бериш ва фазлу карам кўрсатиш тушунилади. Лекин “эҳсон” сўзи луғатда “яхшилик қилиш, эзгулик кўрсатиш” маъноларини ҳам англатади. Қуръонда каримда эҳсоннинг фазилати ҳақида зикр этиш баробарида эҳсон қилувчиларга бериладиган савоб-мукофотлар, уларга етадиган манфаатлар ҳам баён этилади.

Ҳақиқатдан, бирор кишига бир нарсани эҳсон қилсангиз ёки унга бирор яхшилик кўрсатсангиз, бундан дилингиз равшан тортади, руҳий хотиржамлик юзага келади, ўзгаларга манфаат етказганингиздан хурсанд бўласиз.

Эҳсон қилинган киши ҳам ўзига кўрсатилган яхшиликдан севинади, дилида сизга муҳаббат пайдо бўлади. Шу тариқа жамиятда кишилар ўртасида тотувлик, ҳурмат-эҳтиром пайдо бўлади ҳамда душманчиликлар барҳам топади, осойишталик ва фароғат барқарор бўлади.

Энг асосийси, кимга яхшилик қилсангиз Аллоҳ таоло уни ўзингизга ўн баробар қилиб қайтаради!

 Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

Read 850 times

Мақолалар

Top