Мақолалар

Имом Жаъфарнинг 3 насиҳати

Суфёни Саврий раҳматуллоҳи алайҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодларидан бўлмиш Имом Жаъфар Содиқ раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳузурларига бориб: “Менга насиҳат қилмагунингизча ёнингиздан кетмайман”, деди.

Мен сизга нима кўпроқ фойда келтирса, шуни айтаман, эй Суфён, деб Имом Жаъфар қуйидаги учта ҳикматли насиҳатларини баён қилди:

1. Агар Аллоҳ сизга бирор нарсани берган бўлсаю, уни давомли ва барқарор бўлишини истасангиз, бу инъоми учун Аллоҳга кўпроқ ҳамд ва шукр айтинг. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ўз Китобида: “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман”, деган (Иброҳим, 7).

2. Агар ризқингиз кечикса, гуноҳларингиз учун Аллоҳга тез-тез истиғфор айтинг. Зеро, Аллоҳ таоло: “Бас, ўз Роббингизга истиғфор айтинг, албатта, У гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир, дедим. У зот осмондан устингизга кетма-кет барака ёмғирини юборадир”, деб марҳамат қилган (Нуҳ, 10-12).

3. Ва агар бирор нарса сизни хафа қилган бўлса, унда “Аллоҳдан бошқада куч ва қудрат йўқдир” – “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ” сўзини кўп такрорланг, чунки бу сўз жаннат хазиналаридан, хурсандчилик ва енгиллик калитидир”.

Шунда Суфён: “Бу уч насиҳат нақадар ажойиб-а”, деди.

Абу Абдуллоҳ Жаъфар ибн Муҳаммад ҳижрий 83, милодий 700 йили Мадинада туғилган. Насаблари ота томондан Ҳазрати Алига, она томонидан эса Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳумга боради. Табаъ тобеъинлардан, аҳли байтнинг энг таниқли уламоларидан, тафсир, ҳадис, фиқҳ илмларидан ташқари кимё, физика, ҳисоб каби табиий илмларда ҳам пешқадам бўлганлар. Баъзи манбаларга кўра Абу Ҳанифа ва Имом Моликнинг ҳам устози бўлганлар. Ҳижрий 148, милодий 765 йили вафот этган. Қабрлари Бақиъ қабристонида, оталари Муҳаммад Боқир, боболари Зайнулобидин, катта амакилари Имом Ҳасан ёнларига дафн этилган.

Суфёни Саврий ҳижрий 97, милодий 716 йил Куфада туғилиб, ҳижрий 161, милодий 778 йил вафот этган. Абу Абдуллоҳ Суфён ибн Саъид ибн Масруқ Саврий Куфий, у зотнинг тўлиқ исми шарифи ҳисобланади. Мужтаҳид, ҳадис бўйича мўминлар амири унвонига эга, “Ал-жомеъ” китоби муаллифи, илмига амал қилувчи, ўз замонасидаги олимларнинг саййиди бўлган. Суфёни Саврий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўн еттинчи боболари Илёс ибн Музарнинг чевараси Савр ибн Абдуманот авлодига мансуб бўлгани учун “Саврий” дейилади!

Абу Нуаймнинг "Ҳилятул авлиё”, Зириклийнинг "Ал-Аълом" асарлари асосида ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон КАТТАЕВ тайёрлади.

 

Read 909 times

Мақолалар

Top