Мақолалар

15 ноябрь куни Президентимиз раислигида мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профиликтикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиларган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Унда ҳар бир маҳалланинг жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, бу борада бефарқлик, лоқайдлик ҳолатларига барҳам бериш, жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлаш борасида давлат ва жамоат ташкилотлари олдида турган долзарб масалалар белгилаб берилди. Ҳар  бир фуқаро “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак” деган туйғу билан яшаши ғоят муҳим экани таъкидланди.

Кейинги вақтларда коллеж ва мактаб ўқувчилари ўртасида содир этилаётган жиноятлар ташвиш ўйғотмоқда. Қайд этилишича, биттагина Тошкент шаҳрида ўтказилган рейдлар давомида 22 нафар ўқувчидан ўткир тиғли қурол топилган.

Барчамиз яхши биламизки, ҳуқуқбузарликлар ўз-ўзидан содир этилмайди. Шундай экан, асосий эътиборни ҳуқуқбузарликни оқибатлари билан курашишга эмас, балки, барвақт унинг олдини олиш ва ўз вақтида бартараф этишга қаратишимиз зарур. Масалан, фарзанд пиёлани синдиргандан кейин унга ҳар қанча танбеҳ бериш фойдасиздир. Ундан аввал болага пиёлани асраб-авайлаш тўғрисида насиҳат қилиш катта самара беради.

Ушбу йиғилишда Давлатимиз раҳбари ҳам фақат жазо қўллаш таҳдиди билан эмас, аввало, аҳоли онгига жиноятга қўл урмаслик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, Ватанга садоқатли бўлиш, атрофдаги инсонларга юксак ҳурматда бўлиш каби фазилатларини сингдириш лозимлигини таъкидлади. 

Шу нуқтаи назардан, имом-хатиблар жойлардаги чиқишларида, ёшлар билан учрашувларида жиноят содир этиш жуда ҳам оғир гуноҳ эканини, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда бундай хатти-ҳаракатлардан қаттиқ қайтарилаганини жонли мисоллар орқали таъсирчан қилиб, тушунтиришлари зарур.

Жумладан, Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида айтади, “Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно” (Нисо сураси, 29-оят). Демак, ушбу ояти каримадан маълум бўладики, модомики инсонлар бир-бирининг молини ўзларига ҳаром эканини билмас экан, жамиятдаги жиноятлар содир этилаверади.

Шунингдек, жамиятдаги бузғунчилик ва бировнинг ҳаққидан ҳазар қилиш тўғрисида огоҳликка чақириб Раббимиз шундай дейди: “Бас, ўлчов ва тарозини тўла-тўкис ўлчангиз, одамларнинг нарсаларини уриб қолмангиз ва яроқли қилиб қўйилгандан сўнг Ерда бузғунчилик қилмангиз!” (Аъроф сураси, 85-оят).

Бундан ташқари ҳадиси шарифларда ҳам жиноят содир этишдан қайтарилган жуда кўп ҳикматларни кўрамиз. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон – қўли ва тили билан бошқа мусулмонларга озор бермаган одамдир”, дедилар.

Демак, тилни ҳар хил беҳуда, озор берувчи сўзлардан, қўлни эса бировга зулм қилишдан тийиш ҳақиқий мусулмонлик белгисидир. Бир мусулмоннинг қони ва моли бошқа бир мусулмонга ҳаром.

Имон инсоннинг қалбида бўлади. Қалби имон билан тўлган инсон ҳеч қачон Аллоҳ таолонинг омонатига хиёнат қилмайди ва бошқа бир кишига зарар бермайди. Бундан инсонлар ўзларига етарли хулоса чиқариб, Аллоҳнинг амру фармонига итоат этган ҳолда ўзаро аҳил ва иноқликда яшашлари даркор бўлади. Дарҳақиқат, мусулмон кишиси жамият учун фақат яхшиликни раво кўрмоғи, ёмонликлардан тийилмоғи ва бошқаларга азият беришдан узоқда бўлмоғи керак.

Мана шу кабиларни инобатга олиб, имом-хатиблар халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг тинч-осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашишда жонбозлик кўрсатишга даъват этамиз. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати 

 

Read 6037 times

Мақолалар

Top