Мақолалар

Фаҳш ботқоғидан қандай қутилса бўлади?

Бугун юртимиз кўркига кўрк қўшиб турган гўзал масканлар бисёр. Истироҳат боғлари, дам олиш ва маданият саройлари, ҳайвонот боғлари каби хордиқ чиқариш жойлари беқиёс. Буларнинг барчаси халқимизнинг бўш вақтини мароқли ўтказиш, ақлий ва жисмоний меҳнатдан толиққан пайтларида оиласи, яқинлари ва фарзандлари билан сайр қилиб, маданий хордиқ чиқариб, озгина тафаккур қилиб, дам олишлари учун мўлжалланиб, барпо қилингандир.                                                               

Бироқ сўнги пайтларда бу жойлар ўз зиммасига юклатилган вазифани қўлдан бой бергандек, тафаккурга ва эҳтиромга ундайдиган, кимлигимизни ёдимизга солиб туриш учун, уларнинг қолдириб кетган панду-насихатларини эслаб, фойдаланишимиз учун суратлари-ю сийратлари, гўзал ибратли сўзлари битилган аждодларимиз тимсоллари ўрнашган бу гўзал масканлар бугун бузуқлик, шармандалик ва маъсият ўчоғига айлангандек...                                

Пана-пастқам жойларда, чеккароқдаги ўриндиқларда бир-бирини пинжига суқилиб, беҳаёларча қилиқлар қилаётган йигит-қизларни кўрганингда, ёнингдаги ҳамроҳинг, фарзандларинг олдида ноқулай аҳволга тушиб қоласан. Уларнинг эса парвойи фалак. Гўё бу дунёда улардан бошқа одам йўқдек, уларни ҳеч ким кўрмаётгандек. Улар ўзларининг бу жирканч эҳтиросларига, беҳаё юриш-туришларига “муҳаббат” номли гўзал либосни ниқоб қилиб олишган.                                                                  

Беихтиёр ўйланиб қоламан... хўш, биз қачон бу аҳволга тушдик? Ёшларимизни бу қадар атрофдагилардан уялмай, заррача тап тортмай, очиқ ойдин фаҳш ботқоғига ботиб бораётганига ким айбдор? Жондан азиз фарзандини балоғат ёшига етганини сезиб, унга оталик насиҳатини қилишни билмаган ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким бир фарзанд кўрса, унинг исмини ва одобини чиройли қилсин. Агар балоғатга етса уни уйлантириб қўйсин. Агар фарзандини уйлаб қўймаса ўша фарзандга етган ҳар бир гуноҳдан отасига ҳам улуш етиб туради”, (Имом Байхақий ривояти) деган сўзларидан бехабар юрган ёки хабардор бўлса ҳам, болам пул топсин, озгина ишлаб мени топаётган пулимнинг қадрига етсин дея фарзандини уйлантиришга шошилмаётган ОТАЛАРМИ?      

Ёки бўлмаса севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Агар сизлардан бирорталарингизнинг қизингизга дини ва хулқ-атвори сизларни рози қиладиган йигитдан совчи келса, қизларингизни унга никоҳлаб беринглар. Агар шундай қилмасангиз, ер юзида фитна ва кенг фасод пайдо бўлур”, (Имом Термизий ривояти) деган насиҳатларига амал қилмай, келган совчиларга “қизининг ёшлиги” ва “ўқиши”ни баҳона қилиб, аслида бадавлат уддабурон куёвни кутаётган ОНАЛАРМИ?                   

Ёхуд “Эй ёшлар жамоаси, сизлардан ким никоҳга қодир бўлса уйлансин. Албатта у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир”, (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти) деган тарғиботни ҳаётига тадбиқ этмай ўз шахвоний нафсини харом йўллар билан қондириб юрган ЙИГИТЛАРМИ?               

Балки, бундай бузуқликларнинг кўпайишига Аллоҳ таолонинг: «Албатта, имон келтирган кишилар ўртасида ёмон гаплар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир. (Ҳамма нарсани) Аллоҳ билур, сизлар эса билмассиз», (Нур сураси, 19-оят) деган сўзидан бехабар ҳолда ижтимоий тармоқларда фахшга, бузуқликка тарғиб бўлувчи расмлар, видеолар, латифалар ҳамда ҳикояларни тарқатаётганлар сабабчидир.     

Эҳтимол бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Кимки бир ножўя ишни кўрса, қўли билан ўзгартирсин. Агар унга қодир бўлмаса тили билан ўзгартирсин. Агар унга ҳам қодир бўлмаса қалби билан ўзгартирсин. Мана шу (учинчиси) имонларнинг заифидир” (Имом Муслим ривояти) деган қайтариқларига амал қилмаётган, бепарво ўтиб кетаётган биз каби лоқайд инсонлар айбдордир?       

Саволлар кўп, жавоблар бисёр, лекин  ечим фақат битта, тўғри жавоб шу: биз никоҳ аталмиш суннатга эътиборни кучайтирмоғимиз лозим. Чунки шахвоний нафсларни қондиришнинг ҳалол йўли бўлган, ер юзида соф Ислом табиатида туғиладиган инсон зурриётининг бардавом бўлишига сабабчи бўлган бу никоҳ “кўприги”ни қуришга ҳаммамиз бирдек масъулмиз. Аллоҳ таоло айтади: «Сизларнинг орангиздаги тул (эркак ва аёл)ларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантирингиз! Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва доно зотдир», (Нур сураси, 32-оят).  

Баъзи муфассирларимиз ушбу сурадаги «уйлантирингиз» ояти бутун мусулмонлар оммасига қилинган хитоб деб айтишган. Демак, никоҳ ёшидаги фарзандларини никоҳлаб қўйиш агар ота-онаси бўлса уларга, агар бўлмаса қариндош уруғларига, улар ҳам бўлмаса яқинлари, маҳалла аҳиллари ва барча мусулмонларга вожиб бўлади. Демак, жамият ислоҳи учун ҳаммамиз масъулмиз. Жамиятга зарар келтирадиган чиркин, разил ва келажагимиз учун хатарли бўлган бузуқликларнинг барча турарига қарши бирга курашайлик.

Ёрбек ИСЛОМОВ                                                                                                  

Учкўприк тумани “Шоҳ муқаддам” жоме масжиди ноиб имоми

Read 7440 times

Мақолалар

Top