Мақолалар

Фаришталар ухлайдиларми?

Cавол: Фаришталар ухлайдими? Дам олишадими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Фаришталарда ухлаш, чарчаш ва дам олиш сингари инсонлар ва бошқа жониворларга хос сифатлар бўлмайди. Бунга қуйидаги оят далолат қилади: “Осмонлару ердаги барча жонзотлар Уникидир. Унинг ҳузуридагилар ибодатидан такаббурлик қилмаслар ва малол олмаслар. Улар кечаю кундуз тасбиҳ айтарлар. Чарчамаслар” (Анбиё сураси, 19-20-оятлар).

Аллома Розий раҳимаҳуллоҳ “Мафотиҳул ғайб” номли китобида қуйидагиларни айтган: “Фаришталарнинг сифатлари: еттинчи масала: уламолар иттифоқ бўлган масала шуки, фаришталар емайди, ичмайди ва никоҳланмайдилар. Улар кечаю кундуз тасбиҳ айтурлар, чарчамайдилар. Жин ва шайтонлар эса еб-ичади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тезак ва суяк ҳақида “У жин биродарларингизнинг озуқасидир”, деганлар”. Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Read 904 times

Мақолалар

Top