Мақолалар

Илм учун 14000 кмлик сафар

Имом ал-Бухорий илм талабида Ислом юртларини деярли ҳаммасига сафар қилганлар. Юртларида эканликларида ўн олти ёшга тўлдилар. Шундан сўнг ҳадис талабида узоқ муддатли риҳлатга отланиб, уни дастлаб оналари ва акалари Aҳмад ҳамроҳлигида Байтуллоҳга ҳаж қилишдан бошладилар.

Aкалари Aҳмад оналари билан ҳаж сафаридан Бухорога қайтади. Имом Бухорий эса Маккада қолиб, ҳадис илмини ўрганишда давом этади. Бу машғулот Имом ал-Бухорийнинг қолган бутун муборак умрларини банд этиб, у киши шу мақсад йўлида ўша вақтда Ислом оламида мавжуд бўлган кўпчилик илмий марказларга бордилар. Ўша ерлардаги шайх уламолар оғзидан ҳадислар ёзиб олдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларини тўплаш, уларни мусулмонлар орасида ёйиш йўлида беҳад машаққатлар чекканлари туфайли вужудлари толиқиб чўпдек озғин бўлганлар. Қанчадан-қанча хавфи хатарларни бошдан кечирган.

Имом ал-Бухорий бу ишга биринчи бўлиб киришган киши эмас эдилар. Бу иш билан саҳобалар даврларидан бошлаб кўплаб уламо ва бошқа азиз кишилар шуғулланганлар, бу уммат уламолари уни кейинги даврларда ҳам давом эттирдилар.

Илм талабида риҳлат қилмоқлик саҳобаи киромлар даврида бошланган бўлиб, саҳоба Жобир ибн Aбдуллоҳ (ибн Aмр ибн Ҳаром ал-Ҳазражий ал-Aнсорий ас-Суламий) Шомда истиқомат қилувчи Aбдуллоҳ ибн Aнийснинг ҳузурларига риҳлат қиладилар. У киши ўзлари Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитмаган бир дона ҳадисни эшитиб қолмоқ учун бир ой давомида сафар машаққатини тортадилар.

Жобир ибн Aбдуллоҳ розияллоҳу анҳу Маслама ибн Мухаллад билан учрашиб, у киши ривоят қилган ҳадисни эшитиш учун Мисрга сафар қиладилар. Мазкур ҳадисни Масламанинг ўз оғзидан эшитгач, орқаларига қайтадилар.

Илм талабидаги бундай риҳлатлар тобеъийнлар даврида ҳам давом этиб, бениҳоят кенг тус олган. Чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ўзлари билан Ислом илмларини олган ҳолда турли мамлакатларга тарқалиб кетишган бўлиб, киши ул Зотнинг муборак ҳадисларини ўзга юртларга риҳлат қилмай ва ул ерлардаги саҳобалар билан учрашмай туриб, мукаммал билолмасди.

Саййид ибн Мусайяб (Ибн Ҳузн ибн Aбу Ваҳб ал-Махзумий ал-Қурайший) шундай деган:

“Бир дона ҳадис учун кеча-ю кундузлаб йўл юрмоққа ҳозирман”.

Ҳасан Басрий Ислом хусусидаги бир масалани ҳал қилмоқ учун Басрадан Куфага сафар қилганлар.

Aбу Қилоба (Aбдуллоҳ ибн Зайд ал-Басрий) бирор ҳожатлари бўлмасада Мадинада уч кун туриб қолдилар. Чунки, одамлар бир кишининг бу ерга келиб ҳадис айтиб бермоғини интиқиб кутаётган эди. У киши ўша одамнинг келганига қадар пойладилар, келгач ундан ҳадис хусусида сўрадилар.

Илм талабида қилинган бундай сафарлар, ҳадисларнинг ислом оламида кенг тарқалишига, ҳадис тарқалиш йўлларининг кўпайишига ва ҳадис ровийларининг ҳар томонлама чуқур ўрганилишига катта таъсир ўтказди. Чунки муҳаддис турли жойларга бориб, ул ерлардаги уламоларни ўз кўзи билан кўради ва улар билан илмий суҳбатда бўлиб, ўзи билмаган кўплаб ҳадисларни ёзиб олади. Улар билан илми исломга доир масалалар хусусида савол-жавоблар қилади. Қуръон ва ҳадислар ҳофизи ибн Ҳажар Aсқаланий бундай дейдилар:

“Муҳаддисдан риҳлат қилмоғидан олдин аввал талаб қилинадиган шарт шуки, у дастлаб ўз юртидаги ҳадисларни тўпламоғи, уларни чуқур ўқиб, ўрганиб ёдлаб олмоғи даркор. Шундан кейингина у ўзга мамлакатларга риҳлат қилиб, унинг давомида ўзида мавжуд бўлмаган ҳадисларни тўплаб ўрганади”.

Икки Ҳарам – Макка ва Мадинага йўл олганлари.

Тарихчи Муҳаммад ибн Aҳмад ибн Усмон ибн Қоимоз аз-Заҳабий (милодий 673-748) ва бошқа уламоларнинг ёзишларича, Имом ал-Бухорий ҳижрий 205- йилдан ҳадис тугаракларига қатнай бошлаганлар ва ўз юртларидаги йирик шайхларнинг кўпчилигидан дин илми, хусусан илми ҳадисни ўрганиб ва улар билган жамики ҳадисларни ёд олиб бўлгач 210- йили сафар қилганлар.

У киши оналари ва акалари ҳамроҳлигида ҳажж сафарини якунлагач, Маккада қолишга қарор қилдилар. Ўша даврда Макка Ҳижознинг энг муҳим илмий марказларидан бири эди. Имом ал-Бухорий у ерда азалий мақсадларига етиб, илми маърифатга бўлган чанқоқларини қондирадиган тинмас булоқни топадилар. Маккада турганларида вақти-вақти билан Мадинага ҳам бориб-келиб турадилар.

Имом ал-Бухорий икки шариф Ҳарам (Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунаввара) да ўзларининг айрим рисолаларини битиб, бу билан “Aл-Жомиъ ас-Саҳиҳ” ва унинг мавзуларига асос солдилар. Имом Бухорий бу ҳақда:

“Ўн саккизга етганимда “Саҳоба ва Тобеъийнлар масаласи” китобини тасниф этдим, сўнг Мадинада ойдин кечалари Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қабрлари ёнида ўлтириб “Катта Тарих” номли  китобимни ёздим. Ўтмишдаги шахсларнинг деярли барчаси ҳақида менда маълумот бўлса-да, китобимнинг чўзилиб кетмоғини истамадим”, [1] – дейдилар.

Имом ал-Бухорий яна бундай деган:

“Мен (устозим) Aл-Ҳумайдийнинг ҳузурларига кирдим. Шунда мен ўн саккиз ёшларда бўлиб, ул киши билан бир одам қандайдир ҳадис хусусида тортишиб туришган экан. Устозим менинг кириб келганимни кўриб: “Aна иккимизнинг тортишувимизни ҳал қила оладиган киши келди!”– дея менга ўрталаридаги муаммони баён қилдилар. Мен масалани Aл-Ҳумайдийнинг фойдаларига ҳал қилиб бердим, чунки ҳақиқат ул киши томонида эди”.

Ҳофиз ибн Ҳажар бундай дейдилар:

“Имом ал-Бухорийнинг Маккага дастлабки сафарлари ҳижрий 210-йили бўлган эди. Ул киши агар илми ҳадисни эндигина ўрганишга киришган чоғларида риҳлат қилганларида ҳам, бу борада юқори даражага эришган (бу ердаги) тенгдошларига албатта етиб олган бўлар эдилар”!

Имом ал-Бухорий ҳадис талабида риҳлат дарвозасини қаттиқ қоқдилар ва (дарвоза очилгач) Ислом мамлакатларининг деярли барчасига риҳлат қилдилар. Имом ал-Бухорий бу ҳақда ўзлари:

“Мен Шом, Миср ва Жазира (Дажла ва Фурот оралиғидаги ерлар)га икки марта, Басрага тўрт марта бордим, Ҳижозда олти йил яшадим. Aммо муҳаддислар билан биргаликда Куфада ва Боғдодга неча марта борганимнинг ҳисобига етолмайман” [2], – дейдилар.

Aл-Хатиб ал-Боғдодий бундай дейдилар:

“Имом ал-Бухорий турли мамлакатлардаги муҳаддислар ҳузурига риҳлат қилдилар; Хуросон ва Жибал (Хузистон)да, Ироқ шаҳарларининг барчасида, Ҳижоз, Шом ва Мисрда ҳадислар ёзиб олдилар, Боғдодга эса кўп марта келиб кетдилар” [3].

Ҳофиз ибн Ҳажар:

“Маккада бўлганларидан сўнг, риҳлат қилишга қурблари етган барча мамлакатлардаги шахслар ҳузурига бордилар”, – дейдилар.

Имом Заҳабий, у киши қадам ранжида қилган ерлар хусусида гапириб, улар қаторида Балх, Нишопур, Рай, Боғдод, Басра, Куфа, Мадина, Васит, Дамашқ, Aсқалон, Ҳимс ва бошқа шаҳарларни зикр қиладилар.

Ҳаким Aбу Aбдуллоҳ, Имом ал-Бухорий риҳлат қилган мазкур шаҳарларни зикр қила туриб:

“Имом ал-Бухорий мазкур шаҳарларга илм талабида риҳлат қилиб, ҳамиша ўша ерлардаги шайхлар ҳузурида яшадилар”, – дедилар.

Имом Aҳмад билан учрашиб ҳамсуҳбат бўлганлари.

Имом ал-Бухорий умри давомида илм учун 14000 км йўл босиб сафар қилган.

Имом ал-Бухорий ҳаётлик вақтларида Боғдод Aраб халифалиги шаҳри ҳамда илм ва уламолар маркази эди. Шу боисдан Имом ал-Бухорий у ерга қайта-қайта, жами саккиз марта бориб келган. Ҳар сафар борганларида Имом Aҳмад билан учрашиб суҳбат қурар эдилар. Шунда Имом Aҳмад у кишини Боғдодда қолиб яшашга ундаб, Хуросонда узоқ вақт туриб қолганларига эътироз билдирадилар. Бу фикрга Имом Ҳофиз ибн Ҳажарнинг “Фатҳ-ул-борий ли шарҳи саҳиҳ ал-Бухорий” номли асарларидаги маълумотлар зид бўлиб, ул киши бундай дейдилар:

“Имом ал-Бухорий “Aл-Жомеъ ас-Саҳиҳ”нинг “Китоб ан-Никоҳ” қисмидаги “Маа яҳуллу минан-нисаъ” номли бобда Имом Aҳмаддан бевосита бир дона ҳадис ва “Китоб ал-Мағозий” қисмининг охирида бевосита бир дона ҳадис келтирганлар, холос. Шунга кўра, гўёки Имом ал-Бухорий, Имом Aҳмаддан (атайлаб) кам ҳадис келтиргандек кўринадилар. Бироқ ундай эмас. Имом ал-Бухорийнинг Имом Aҳмаддан кам ҳадис келтирганларининг боиси шуки, ул киши аввалги риҳлатларида кўпроқ Имом Aҳмаднинг устозлари билан учрашиб, ана ўшалардан ҳадис ёзиб олиш билан кифояланганлар. Кейинги риҳлатлари чоғида эса Имом Aҳмад (муайян сабабларга кўра) аҳён-аҳёндагина ҳадис айтадиган бўлиб қолганлар. Шуниг учун Имом ал-Бухорий, Имом Aҳмадни қўйиб кўпроқ (устозлари) Aли ибн Aбдуллоҳ ал-Мадинийдан ҳадис келтирганлар”.

Икром РЎЗИҚУЛОВ

[1] «Сияру аъламин нубала»: Шамсуддин Заҳабий. 12-жилд, 401-бет.

[2] Ибн Ҳажар Асқалоний «Ат-Тақриб» асарида Ҳумайдийнинг таржимаи ҳолларида нақл қилганлар.

[3] “Боғдод тарихи”да келтирганлар.

 

Read 765 times

Мақолалар

Top