Мақолалар

“Абу Ҳанифани фақат илмсиз кишигина айблайди!”

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ буюк фиқҳ мадрасаси соҳиби, фиқҳда ва тақвода имом. Замонасидан бугунга бугунгача энг катта фиқҳий мазҳаб асосчиси. Барча илмларга пешқадам бўлган зот. Замонасидаги ва кейинги уламолар у кишини эътироф этиб, кўп мақтовлар айтганлар. Аммо баъзи олимлар томонидан у киши ҳадис илми борасида эътирозлар ва таъналар етган. Бундай эътирозлар уммат қабул қилган уламоларга таъсир қилмайди.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни ҳам бошқа кўплаб уламолар ва муҳаддислар эътироф этиб, у кишини мақтаганлар. Хусусан, имом Шофеъий у киши ҳақида ушбу машҳур сўзларини айтган: Инсонлар фиқҳда Абу Ҳанифага боқимандадир.

Яна буюк муҳаддис, Куфа ва Бағдодда қози бўлган имом Ҳафс ибн Ғиёс ҳам у киши ҳақида шундай деган: Фиқҳда Абу Ҳанифанинг гапи, шеърдан ҳам дақиқдир, Абу Ҳанифани фақатгина жоҳил киши айблайди.

Имом Заҳабий айтади: “Имом Аъмаш бир масала ҳақида сўралганда Буни Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит яхши билади. Мен у киши илмига барака берилган деб ўйлайман” деб жавоб берган”.

Яна имом Заҳабий ўзлари Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳақида: Фиқҳда ва фиқҳнинг дақиқ масалаларида имомлик у кишига берилган. Бунда ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ, деб айтган.

Бундан ташқари Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳни рижол илмида эътиборли бўлган уламолардан Яҳё ибн Саид Ал-Қаттон, Яҳё ибн Маийн ва Али Ибн Мадинийлар у кишини ҳадис илмида ишончлидеб айтганлар.

Юқорида биз баъзи уламоларнинг имом Абу Ҳанифа ҳақида гапларини келтирдик. У киши ҳақида яна ўз замонасида ва ундан кейин яшаб ўтган жуда кўплаб уламолар мақтовлар айтган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бутун уммат имом деб эътироф этган уламоларга баъзи бир эътирозлар зиён етказмайди. Чунки бошқа уламолар, хусусан, мазҳаб имомлари ҳақларида ҳам турли хил эътирозлар бўлган. Табиийки, уларга ҳам бу эътирозлар зиён етказмайди.

Ҳабибуллоҳ ОЛИМЖОНОВ

Read 731 times

Мақолалар

Top