Мақолалар

Пешонамиз саждадан ярақласин

Мусулмон – пешонаси ярақ­лаган инсон. Чунки у ўзининг қанчалик ожиз, Холиқ тао­лонинг улуғлигини эътироф этган ҳолда бошини сажда қўйганидаги ҳузур-ҳаловатни туйиши катта неъматдир.

Мўминнинг ана шу сифати ояти каримада: “Улар намозларида ўзларини камтар тутувчилардир” (Муъминун сураси, 2-оят), деб мақталади. Намозхоннинг доимо хушу билан бошини ерга қўйиши унинг пешонасида сажда изларининг пайдо бўлишига, бу белгилар дунё ва охиратда унинг пешонаси ярақлаганига, яъни танилишига сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминларга нисбатан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл ва розилик тилаб руку ва сажда қилаётган ҳолларида кўрарсиз. Уларнинг юзларида сажда асоратидан (қолган) белгилари бордир...” (Фатҳ сураси, 29-оят). 

Мўминларнинг шундай сифатлари Таврот ва Инжилда ҳам келган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам: “Дўзах Одам боласининг сажда изини­гина емайди. Чунки Аллоҳ дўзахга сажда изини ейишни ҳаром қилган”дедилар (Имом Бухорий ривояти). 

Имом Муслим ривоят қилган хадисда Сав­бон розияллоҳу анҳу бундай дейди: «Расулул­лоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мени жаннатга киритадиган амал ҳақида сўрадим. У зот: “Кўп сажда қил, чунки сен Аллоҳ учун бир марта сажда қилсанг, Аллоҳ таоло бу билан сени бир даража юксалтиради ва сендан битта хатони ўчиради”, дедилар.

Демак, кўп сажда қилиш туфайли гуноҳлар ўчи­рилади.

Аллоҳ таоло ибодатларимизни қабул, вужудимизда сажда изларини барқарор айласин! 

Руҳиддин АКБАРОВ

 
Read 718 times

Мақолалар

Top